Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

ДХХ Суперлига ва Про Лигада "келишилган ўйинлар" ҳакамларини очиқлади, таниқли ҳакам Қатардан чақириб олинди


Ўзбекистон терма жамоаси машқларда, октябрь, 2020 (Спорт вазирлиги сайтидан олинган сурат)
Ўзбекистон терма жамоаси машқларда, октябрь, 2020 (Спорт вазирлиги сайтидан олинган сурат)

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) махсус инспекцияси Суперлига ва Про Лига ўйинларидаги коррупцион ҳолатларни ўрганмоқда.

ЎФА берган баёнотга кўра, инспекция "келишилган ўйинлар"га алоқадор футбол ҳакамларини аниқлаган. Ассоциация 3 ҳакам исмини эълон қилди.

Айни пайтда, маҳаллий нашлар ўзбекистонлик таниқли ҳакам Шерзод Қосимов суриштирувлар доирасида Қатардан чақиртириб олинганини ёзмоқда.

ЎФА президенти (айни пайтда Давлат хавфсизлик хизмати раиси) А. Азизов 12 ноябрь куни ёпиқ йиғилиш ўтказгани ва унда "порахўр ҳакамлар"ни огоҳлантиргани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

ЎФА 28 ноябрь куни тарқатган баёнотда айтилишича, футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси томонидан:

"10 нафардан ортиқ футбол ҳакамлари, профессионал футбол клубларининг мураббийлари ва расмий шахслари бўйича маълумотлар, тегишли футбол учрашувлари қайдномалари, инспекторларнинг футбол учрашувлари бўйича ҳисоботлари, ҳакамларнинг футбол фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги декларациялари, тегишли футбол учрашувларидаги шубҳали эпизодлар акс этилган видеоматериаллар ЎФA Этика қўмитасига кўриб чиқиш учун тақдим этилди".

Баёнотда айтилишича, маълумотлар 17 ва 25 ноябрь кунлари ЎФА Этика қўмитасида муҳокама қилинган. Қўмита қарори асосида:

- ФИФA, ОФК ҳаками Ж.Й.Мухторов ўйин натижасига таъсир қиладиган келишувларда қатнашгани учун 5 йилга футболдан четлатилган, 90 миллион сўм жаримага тортилган,

- ЎФА Бош ҳаками Т.Н.Тўхтасинов келишувларда қатнашгани учун 2021 йилги футбол мавсумида ҳакамликдан четлатилган, 10 миллион сўм жаримага тортилган,

- ЎФА Бош ҳаками А.С.Наджафалиев реал фактларни бузиб кўрсатишга урингани учун 2020 йил охиригача ҳакамликдан четлатилган, 70 миллион сўм жаримага тортилган.

Яна бир нечта ёрдамчи ҳакам, назоратчи ва футбол клублари масъуллари жаримага тортилган.

ЎФА баёнотида махсус инспекция текширувлари давом этаётгани, ноқонуний ҳолатлар аниқланган тақдирда, Этика қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, якуний қарор қабул қилиниши айтилган.

Озодлик шу йилнинг 20 ноябрида ЎФАда ёпиқ йиғилиш ўтказилиб, унда порахўр ҳакамлар огоҳлантирилгани ҳақида хабар қилганди.

ЎФА президенти (айни пайтда Давлат хавфсизлик хизмати - ДХХ раиси) А. Азизов йиғилишда ДХХ терговчилари пора олган ҳакамларни аниқлаганини айтгани хабар қилинган.

ЎФА ва ПФЛ тизимидаги расмийларга кўра, раис ҳакамлар жамоасини кескин танқид қилган ва пора олганига доир "фото ва видео далиллар" борлигини айтган.

Дунёдаги энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган рефери Равшан Эрматов Озодлик билан қисқа мулоқотда мажлисда ҳакамлар масаласи жиддий муҳокама қилинганини тасдиқлаган.

Tribuna.uz сайтининг ёзишича, таниқли ҳакам Шерзод Қосимов Қатардан чақиртириб олинган, "у ҳам келишилган ўйинларда қатнашган бўлиши мумкин".

ФИФАнинг ёш ўзбекистонлик рефериси Шерзод Қосимов Осиё Чемпионлар лигаси шарқ минтақаси учрашувларида қатнашиш учун Қатарга жўнаб кетган эди.

Озодликнинг ЎФАдаги манбаси, 12 ноябрь кунги йиғилишда Шерзод Қосимов ҳам ДХХ раиси томонидан огоҳлантирилган, деганди:

"Ўша куни Шерзод ОФК (Осиё футбол конфедерацияси Қатардаги ўйинлари - таҳр.) га кетиши керак эди. Бориб кел, кейин бир қарорга келамиз, дебди".

Tribuna.uz сайтининг ёзишича, Шерзод Қосимов август ойида "Сўғдиёна" - "Бунёдкор" (3:3) ўйинидаги бир қатор шубҳали қарорлари учун Суперлига баҳсларидан 4 та ўйинга четлатилган, аммо бу ҳақда ЎФА расман эълон қилмаган.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқда фаол блогерлар коррупцион айбловлар билан ёш футбол ҳакамлари жазоланиши ортидан қатор саволларни ўртага ташламоқда.

Жумладан, танқли ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев шундай ёзди:

"2006/2007 йилги мавсумда Италия футболининг энг йирик вакилларидан бири бўлган «Ювентус» жамоаси келишилган ўйинларга аралашгани учун «Б» серияга тушириб юборилган эди. Бизда-чи? Бизда кучимиз фақат ҳакамларга етади-ю, клубларга келганда жазолашнинг «ўзбекона методи» бўладими? Ёки ҳакамнинг пора олгани аниғу, лекин кимдан олганини аниқлаб бўлмай қолдими? Шу саволларга кимдир жавоб берса, хурсанд бўлардик».

Бунга қадар, исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик журналистлардан бири, ёш футбол ҳакамлари клублар ортида турган "қудратли шахслар" ўртасида ночор қолгани, бу реаллик ҳақида эса фаол спорт журналистлари ҳам ёза олмаётгани ҳақида айтганди:

“Унақа олдингидай қотириб мақола ёзаётганлар йўқ, ёзиб юрганлар ҳам жим бўлиб қолишган. Чунки ҳозир футбол федерацияси ва футбол ўйинлари орқасидаги ишларга президентнинг куёвлари ҳам аралашиб кетган, дейишади. Буям журналистларнинг журъатини пасайтириб қўйган. Хуллас, қанақадир тушунарсиз бир муҳит пайдо бўлди-да ҳозир, бунақа ҳолат аввал бўлмаган”.

Ўзбекистонда куч тизимлари раҳбарларининг спортнинг кўзга кўринган соҳаларига раҳбарлик ва кураторлик қилиши мустақиллик йилларида шаклланган анъана.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциациясига 2019 йилнинг июль ойидан бери раҳбарлик қилмоқда.

Бунга қадар ЎФАни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошқариб келган эди.

Ўз вақтида ЎФАга (бунга қадар ЎФФ - Ўзбекистон футбол федерацияси) собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ҳам узоқ йиллар раҳбарлик қилган.

ДХХ раиси Абдусалом Азизовнинг ўтмишдоши - собиқ МХХ раҳбари Рустам Иноятов эса 21 йил мобайнида Ўзбекистон теннис федерациясига раҳбарлик қилган.

Жорий йил мартида Рустам Иноятовнинг ўрнини Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Мирсоатов эгаллаганди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG