Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Дунёда қочқинлар сони 68,5 миллиондан ошди


Дунё бўйлаб 68,5 миллион одам турли сабабларга кўра ватанини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссариати берган маълумотга кўра, бу рекорд кўрсаткич.
2016-йил июнида бошқарма "Қочқинлар билан" хештеги (#WithRefugees) остида янги ташаббус бошлаб, ҳукуматларни қочқинлар билан ишлашга чақирган эди. Аммо ташаббусдан икки йил ўтиб ҳам бу борада катта ўзгариш бўлмади.

Комиссариат сўзловчиси Кристофер Бояннинг айтишича, қочқинлар билан боғлиқ вазият жуда аянчли.

“Ҳар икки сонияда бир одам қочишга мажбур. Ўз хоҳишларига қараб эмас, чунки бошқа иложиси йўқ, жон сақлаш учун қочишга мажбур”, - дейди Боян.

Унга кўра, одамлар уруш, можаролар, таъқиблардан қочмоқда.

“Дунё бўйлаб янгидан янги можароларга гувоҳ бўляпмиз. Натижада кўплаб одамлар уйларини ташлаб чиқмоқда", - дейди БМТ расмийси.

Бояннинг айтишича, ҳеч ким қочқин бўлишни истамайди.

“Қочқинлар ҳам сиз ва менга ўхшаган одамлар. Фарқ шундаки, улар ўта оғир вазиятга тушиб қолган”, - дейди у.

Қочқинлар масаласи билан шуғулланаётганда инсонийликнинг энг асосий тамойилларини унутиб қўймаслик керак, дейди АҚШнинг Қочқинлар ва муҳожирлар бўйича қўмитаси президенти Искандар Негаш. Унга кўра, айрим ҳукуматлар қочқинлар муаммосини гуманитар масала эмас, миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўради.

“Уларни одам ўрнида кўришмайди. Уларга жамиятга ортиқча юкдек муомала қилишади. Ҳукуматлар қочқинлардан қўрқади. Қўрқсангиз, ёрдам бергингиз келмайди”, - дейди Негаш.

Унинг айтишича, қочқинлар муаммоси дунёда 60 йил олдин халқаро ҳамжамият уларни оммавий тарзда сақлашга ҳаракат қилишидан бошланган.

"Қочқинларни 20, 30, 50, 60 йил бир жойда сақлаб турсангиз, муаммо муаммолигича қолаверади”, - дейди Негаш.

Бироқ Бояннинг айтишича, бу муайян бир мамлакатга хос бўлмаган глобал муаммо.

"Бу ҳар бир инсонга тааллуқли муаммо. Биз барча мамлакатларни коллектив муаммога коллектив ечим топишга, бирга ҳаракат қилишга чақириб келамиз”, - дейди БМТ ходими.

У Испанияни намуна сифатида келтиради.

“Ўтган ҳафта денгизда ҳалокатга учрай деган кемада тушкунликка тушган одамларни қабул қилиб, Испания инсонийлик, мурувват намойиш этди”, - дейди Боян.

“Дунёмизнинг қандай бўлишини истаймиз? Фарзандларимиз, набираларимизга келажакда қандай дунёни қолдирмоқчимиз? Энг муҳим тамойиллардан воз кечмаслик керак”, - дейди БМТ расмийси.

Кристофер Бояннинг айтишича, қочқинлар муаммоси бутун дунёни қамраб олгани билан уни ҳал қилса бўлади. Бунинг учун давлат раҳбарларига лидерлик, мардлик ва сиёсий ирода керак.

XS
SM
MD
LG