Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Бухородаги ҳовузни бузиш ишлари тўхтатилди. Прокуратура назоратга олди.


Бухородаги бузилаëтган ҳовуз
Бухородаги бузилаëтган ҳовуз

Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси тарафидан XVI асрга мансуб Хўжа Калон масжиди олдидаги Говкушон ҳовузини бузиш ишлари 24 апрель куни тўхтатилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тарихий обида билан боғлиқ вазият назоратга олинганини Озодликка билдирди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги вакили ҳовузни бузишни бошлаган ҳокимият мутасаддилари билан мулоқот олиб борилаëтгани ва муаммо қонун талаби доирасида ҳал қилинишини айтди.

Ўткан ҳафтада Бухородаги Говкушон ҳовузи бузиб ташланаëтгани акс этган фотосуратлар Интернетнинг ўзбек сегментида тарқалгани ортидан меъмор ва мутахассислар Маданият вазирлиги ва Бухоро ҳокимига мурожаат қилган эди.

Ҳовузни бузмаслик ҳақида мурожаат қилганлар орасида Инсон ҳуқуқлари ва демократия институти директори Сайëра Ҳўжаева ҳам бор.

Сайëра Ҳўжаева ўз мактубида ëзганларини Озодлик орқали яна бир бор такрорлади.

- Бухоро вилоят ҳокимидан илтимос қилардик​! Карантин баҳона, ушбу ноëб тарихий архитектура мажмуини талон-торождан қутқаринг! Бошқа давлатлар бундай тарихий обидаларни йўқ ердан бор қилиб, қуришади туристларни кўпайтириш учун. Бизга ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган, бетакрор ва ноëб инъомларни асраб авайламасак, кўр бўламиз!

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева Озодлик билан суҳбатда муаммо ўрганилаëтгани ва қурилиш тўхтатилганини айтди:

“Хўжа Калон масжиди ва минораси XVI асрга мансуб ёдгорлик, ушбу ёдгорлик​ олдида ҳовуз бор. Ҳовузнинг суви бинолар тагига сингаётганлиги оқибатида уни таъмирлаш ишларини Бухоро шаҳар ҳокимлиги​ ва ободонлаштириш бошқармасига юклатилган. Шу муносабат билан сувни бинолар тагига сингмаслик ҳолатини олдини олиш мақсадида Бухоро шахар ҳокимлиги​ иш бошлаган. Аммо тартибга кўра, Маданий мерос объектларини реставрация қилиш керак, тиклаш керак¸ таъмирлаш эмас, хокимият мутасаддилари билан ҳозир мулоқот олиб бориляпти, аммо қонун доирасида иш кўрилади»

Бухоро вилоят ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда ҳовузни бузиш ишлари учун Маданий мерос департаментидан рухсат олинганлигини билдирди.

Маданий мерос департаменти вакили эса Бухоронинг тарихий қисмида сифатли канализация тизими ўткзалиши билан боғлиқ ишлар учун рухсат берганлигини айтади.

Мулозимга кўра¸ XVI асрга оид Хўжа Калон масжиди ва минораси маданий обида сифатида қайд қилинган, аммо ҳовуз бу рўйхатда йўқ.

Ҳовуз нега рўйхатда йўқ?

Бухоро ҳақидаги туркум асарлари Лондондаги галереяда намойиш қилинаëтган рассом Вячеслав Охуновнинг айтишича¸ Бухоро шаҳридаги Хўжа Калон масжиди олдидаги ҳовуз тақдири сиëсий режимлар боис турлича бўлган:

- Шайбоний даврида бу мажмуа қурилганида унинг олдида ҳовуз бўлган. Бу қадимий ҳовуз 1950 йилда кўмиб ташланиб, ўрнида Ленин ва Сталин ҳайкали қўйилган. Кейин Сталин ҳайкали олиб ташланиб, Ленин ëлғиз қолган. 1991 йилда Ленин ҳайкали ҳам олиб ташланди. 1997-йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан ҳовузни шошиб- пишиб ясаб қўйишди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими ходимининг айтишича¸ «шошиб» қурилган ҳовузнинг нишаблари нотўғри олингани ва гидроҳимоя йўқлиги боис, Хўжа Калон мадрасаси тагига сув сизган. Шунинг олдини олиш мақсадида ҳовузни бузиш бошланган эди.

Бухоро
Бухоро

Говкушон мажмуаси ҳақида

Говкушон мадрасаси шайбонийлар ҳукмронлиги даврида, XVI асрда бунёд этилган.

Говкушон мадрасаси ва масжиднинг ўртасидан Шоҳруд ариғи ўтган

Масжид кириш пештоқи, ҳовли атрофи ғиштин равоқли айвонлар, хонақоҳ ва минорадан ташкил топган. Минорага масжид томидаги равоқли кўприк орқали чиқилган.

Минора турли шаклдаги ғиштлардан терилган. Нақшлар юқорига томон нозиклаша бориб, фонуснинг равоқли дарчалари билан бирга минорага нафислик бағишлайди. Говкушон мадрасаси Шарқ анъаналарини ўзида мужассамлаштирган, нақшдор, “Чор” услубида ишланган.

1997 йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан шаҳардаги барча обидалар қаторида Говкушон мадрасаси ҳам қайта таъмирдан чиқди. ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди.

Бухоро манзараси
Бухоро манзараси

XS
SM
MD
LG