Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:41

АҚШнинг Ироқдаги ҳаво ҳужуми вақтида Эрон генерали ўлдирилди


Расмий хабарларга кўра, АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий ҳужуми вақтида Эрон “Қудс” махсус бўлинмасининг қудратли командири Қосим Сулаймоний (суратда) ўлдирилган.
Расмий хабарларга кўра, АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий ҳужуми вақтида Эрон “Қудс” махсус бўлинмасининг қудратли командири Қосим Сулаймоний (суратда) ўлдирилган.

Қўшма Штатлар Ироқдаги ҳаво ҳужуми вақтида Эроннинг сара “Қудс” махсус бўлинмаси қудратли командирини ўлдирди. Айни фожиа Эроннинг “шафқатсиз ўч олиш” тўғрисидаги таҳдидига сабаб бўлди. Ироқ бош вазири айни ҳолатни “ўтакетган қонунбузарлик” деб атади.

Ҳам Вашингтон, ҳам Теҳрон расмийлари Эрондаги энг қудратли генералларидан бири Қосим Сулаймоний 3 январь эрта тонгида Бағдод халқаро аэропортида иккита автомобилга қилинган ҳужум вақтида ўлдирилганини тасдиқлади.

Сулаймоний ўлдирилишидан бир кун олдин АҚШ қўшинлари Ироқ ва Суриядаги Эрон қўллаб-қувватлаётган милиция – халқ жангариларига зарба берган ва бу вазият таранглашига олиб келган эди. Вашингтон милицияни Ироқда жойлашган АҚШ қўшинларига ҳужум қилишда айблади. Эронпараст ярим ҳарбий гуруҳлар АҚШнинг ўша бомба ҳужумларидан сўнг Қўшма Штатларнинг Бағдоддаги элчихонасига бостириб кирган эди.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хаменеий Сулаймонийни ўлдирганлардан “шафқатсиз ўч олиниши”ни айтиб дўқ урди ва мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.

Шиалар етакчилигидаги эронпараст “Ҳашд Шааби” милицияси (Халқ сафарбарлик кучлари – ХСК) билдиришича, ҳаво ҳужуми вақтида ХСКнинг командири ўринбосари Абулмаҳдий ал-Муҳандис ҳам ҳалок бўлган.

Ироқ бош вазири вазифасини бажарувчи Одил Абдулмаҳдий “икки шаҳид Ислом давлати устидан қозонилган ғалабанинг улкан тимсоли бўлгани”ни айтди.

АҚШ элчихонаси ҳаво ҳужуми ҳақидаги хабарлардан сўнг ўз ватандошларига зудлик билан “Ироқдан кетиш”ни тайинлагани айтилмоқда.

Ҳужумдан сўнг кўп ўтмай нефтнинг нархи 4 фоиз қимматлади.

Хабарларга кўра, Трамп билан Пентагон ҳужумга 2 январда рухсат берган.

АҚШ ҳарбийлари тарқатган баёнотда Сулаймоний сўнгги ойлар мобайнида АҚШ етакчилигидаги қўшинларнинг Ироқдаги базаларига ҳужумлар уюштиргани ва 27 декабрда бир ҳарбий хизматчини ўлдиргани билдирилади.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний телевидение орқали чиқишида Сулаймонийнинг ўлдирилиши Теҳронни Қўшма Штатларга қарши курашда янада қатъийроқ бўлишга ундашини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Эрондаги манфаатларини тамсил қиладиган Швеция элчисини чақириб, унга “кескин норозилик” билдирди.

Сурия ҳукумати АҚШ ҳужумини “қўрқоқлик” ва “Американинг доғули ва жинояткорона тажовузи” деб атади.

Москва генерал ўлими билан боғлиқ қотиллик “вазиятни кескинлаштириши”дан огоҳлантирди.

АҚШ матбуоти хабарига кўра, ҳаво зарбалари учувчисиз учоқдан берилган.

Республикачилар партияси вакиллари ҳужумни мақтаган бўлса, демократлар танқид қилди.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, ҳужум вақтида Ироқдаги эронпараст ярим ҳарбий гуруҳларнинг 5 аъзоси ва Ливан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатнинг бир аъзоси ўлдирилган.

2018 йил июлида Трамп Теҳронни Қўшма Штатларга таҳдид қилса, “ёмон оқибатларга дучор бўлиш”дан огоҳлантирган пайтда Сулаймоний ўз қўшинлари АҚШ билан жанг қилишга тайёр эканини айтган эди.

31 декабрда шиаларнинг ХСК тарафдорлари АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига бостириб кирди. Улар бунга АҚШнинг ҳаво ҳужуми оқибатида эронпараст жангарилар гуруҳининг 25 нафар аъзоси ўлдирилгани сабаб бўлганини айтди.

2 январда Эроннинг ҳарбий етакчилари Вашингтонни Теҳронга пўписа қилишдан огоҳлантирди.

‒ Биз мамлакатни уруш домига тортаётганимиз йўқ, лекин ҳеч қандай урушдан қўрқмаймиз ҳамда биз Америкага Эрон халқи билан ўйлаб гаплашишни айтамиз, ‒ деди Ислом инқилоби соқчилари корпуси бригада генерали Ҳусайн Саломий 2 январда.

Айни чоғда армия қўмондони, генерал-майор Абдулраҳим Мусовий мамлакат қуролли кучлари “душман”га қарши курашга тайёр эканини маълум қилди.

Бағоддаги ҳаво ҳужумидан олдинги хабарларда қайд этилганига кўра, АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Эрон ва унинг етовидаги қўшинлар АҚШнинг Яқин Шарқдаги манфаатларига зарба беришни режалаштириши, Қўшма Штатлар бундан хабар топган тақдирда, олдиндан ҳужум қилиши мумкинлигини ошкор қилган.

XS
SM
MD
LG