Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:39

OzodDayjest: Алишер Қодиров Жиноят кодексига “Келажакка хиёнат” бобини қўшишни таклиф қилди


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров.

Депутатнинг русча маъруза қилгани эътирозларга сабаб бўлди. Юлдуз Усмонова “запрет”га тушган вақтида яқинлари ҳам жабр кўргани ҳақида сўзлаб берди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Эски шаҳардан сайланган депутат рус тилида маъруза қилди ва журналистдан ҳам шу тилда савол беришни сўради


17 август куни Тошкентда Гидрометеорология хизмати маркази вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида давлат тилининг қўлланиши билан боғлиқ баҳсли вазият юзага келди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенко Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши бўйича стратегияси ҳақида рус тилида маъруза қилди. Kun.uz сайти мухбири Илёс Сафаров эса депутатга давлат тили талабини эслатди.

“Нега сиз, депутат бу тадбирга ўзбек тилида тайёргарлик кўрмадингиз ёки таржимон олиб келмадингиз?” дея савол билан юзланди журналист.

Депутат Е.Бабенко эса журналистдан саволини рус тилида беришини сўради. Анжуман давомида тортишувга “Ўзгидромет” бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев ҳам қўшилди.

“Бизнинг соҳадагиларнинг 85 фоизи русийзабонлар. Мен соҳада илмни ушлаб қолиш тарафдориман. Мен илк бор бу соҳага келганимда олдимизда рус тилида ишлаш ва давлат тилини қўллаш масаласи турди. Елена Бабенко ҳам иқлим ўзгариши бўйича стратегияни ишлаб чиқишда профессионал даражада ишлади. Муаммо мутахассис йўқлигида, биз шундан қийналдик”, - деди “Ўзгидромет” бош директори.

Маълум бўлишича, мутахассислиги филолог бўлган депутат Е.Бабенко Андижоннинг эски шаҳар қисмидан 85 фоиз овоз олиб сайловда ғалаба қозонган.

“Андижон шаҳрининг асосий аҳолиси ўзбеклардан иборат. Айниқса, эски шаҳарда. Қандай қилиб у 85 фоиз овоз ола билган? Ё сайловчилар билан учрашувга таржимон билан келиб, халқ кўнглидаги нозик-нозик масалаларда ваъз ирод қилганмикан? Ҳозир-чи? Сайловчилар билан учрашиб гаплашармикан? Ё 85 фоиз сайловчи русчани типпа-тиниқ тушунадиган бўлиб кетдимикан? Ўзи бирор марта учрашганмикан сайловчилар билан?” - деб ёзади ўзбек тилининг фаол тарғиботчиси бўлган блогер Ориф Толиб.

Қонунчиликка кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилиши ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланиши белгиланган. Бир муддат аввал Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев раҳбар лавозимларда ишлаб давлат тилини билмасликни “шармандалик” деб баҳоланган эди.

Алишер Қодиров Жиноят кодексига “Келажакка хиёнат” бобини қўшишни таклиф қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги МТТда 25 нафар тарбияланувчи заҳарланганига муносабат билдирди (“Маҳалла” газетаси, 14 август).

Депутат болани соғлом, тарбияли ва билимли бўлишини ташкил қилишдек масъулият юкланган шахслар болалар озуқасини ўғирлаши, сифатлисини ўзи еб, болаларга яроқсизини едиришини таассуф ила қайд этган ва Жиноят кодексига “Келажакка хиёнат” бобини киритишни таклиф қилган.

Қайд этилишича, ушбу бобда болалар боғчаси, мактаб ва ОТМларда вазифасига хиёнат қилаётганлар, болаларнинг ҳақи ва вақтини ўғрилаётганларга нисбатан чоралар белгиланиши лозим.

“Фақат номланиши – “Келажакка хиёнат” демократик талаблар, мантиқ, ҳуқуқшунослик тамойилларига бироз мос келмайди. Ҳеч бир тажрибада мавжуд эмас. Жуда умумий, турли талқинларга сабаб бўлиши мумкин бўлган атама. Аммо назаримизда, ростдан ҳам таълим соҳасидаги жиноятларни бошқаларидан ажратиб, алоҳида квалификация қилиш вақти келди”, - деб ёзади “Маҳалла” газетаси.

“Миллий тикланиш” партияси раиси А.Қодиров аввалроқ эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида эмланмаганларнинг эркини чеклаш лозимлигини ёқлаб чиққан эди.

“Қариндошларим ҳам давлат ишида ишлай олмади” – Юлдуз Усмонова “запрет” йиллари ҳақида

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова “Миллий” телеканалининг “Инсон қадри” кўрсатувига берган интервьюсида норасмий тақиқлар сабаб ўзидан ташқари оила аъзолари ҳам зулм чеккани ҳақида сўзлаб берди.

Хонанданинг айтишича, у илк марта 1992 йилда “запрет”ни бошдан кечирган. Ўшанда у иложсизликдан Европага чиқиб кетган, виза муддати тугаб, Тошкентга қайтганида эса уни Ўзбекистонга киритмай, яна ортга қайтаришган.

“Бугунги кунда қанча хурсанд бўлмай, ўша кунларни эслатишса, эзилиб тамом бўламан. Улар бутун ҳаётимни заҳарлашган. Ҳаётимнинг охиригача шу даврни эсласам, мазам қочади. Туркияга кетганимда неварам энди туғилган эди, ҳали бир ёш ҳам бўлмаганди. Неварамни кўргим келмасмиди? Бутун оилани пароканда қилдиларинг, қайтмаяптими?” - дейди Ю.Усмонова кўзда ёш билан.

Хонандага кўра, норасмий тақиқ даврида отаси инфарктни бошдан кечирган.

“Менинг бошимга иш тушганда фақат ўзим зулм топмаганман. Ота-онам Ҳажга боролмай қолди, қариндош-уруғларим давлат ишида ишлай олмади... Ана шундай кунларни бошдан кечирдик, тарих кечирадими?” - дейди у.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг сиёсатини баралла қўллаб-қувватлаганига қарамай, хонанда бир неча бора норасмий тақиққа учраган. Хусусан, 2007 йилдан Ю. Усмонованинг қўшиқларига мамлакатдаги барча телерадиоканалларда тақиқ қўйилгач, у бир муддат Туркияда яшаган.

2016 йил 2 сентябрь куни И. Каримов вафот этиши ва ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келиши ортидан 11 йиллик тақиқ бекор қилинган. Ю. Усмонованинг ўзи норасмий чекловларнинг бекор бўлишига президентининг қизи Саида Мирзиёева сабабчи бўлганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG