Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:41

Мулозимларни сувга бўктирган Қашқадарёнинг янги ҳокими илк ҳафтада икки раҳбарни ишдан бўшатди


Қашқадарё вилоят ҳокимлиги
расмий веб сайтидан олинган сурат, 29 октябрь, 2019 йил
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги расмий веб сайтидан олинган сурат, 29 октябрь, 2019 йил

Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ишининг илк ҳафтасида икки раҳбарни вазифасидан бўшатди, яна икки раҳбарни ишдан олиш ҳақида огоҳлантирди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, 2 ноябрь кунги йиғилишда янги ҳоким масъулиятсизлик қиладиган барча раҳбарларни кескин чора кўришидан огоҳлантирган.

Ўтган йили ҳокимият мулозимларини совуқ сувга бўктириб таҳқирлагани ортидан Зойир Мирзаев Бош вазир ўринбосарлигидан олиниб, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими этиб тайинланган эди.

Бир ҳафтада тўрт раҳбарга чора кўрилди

Расмий хабарга кўра, вилоят ҳокими вазифасини бажараётган Зойир Мирзаев 2 ноябрь куни кенгайтирилган йиғилиш ўтказиб, вилоят маркази Қарши шаҳридаги ўрганишлар натижасини муҳокама қилган ва бирданига тўрт раҳбарга чора кўрган.

Булардан икки нафари - Қарши шаҳар давлат санитария-эпидемиология маркази бош шифокори ва Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари Улуғбек Авазов эса жиддий огоҳлантирилган ва бир ой синов муддати берилган.

Қарши шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғини ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш эса вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига топширилган.

Қарши шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзаев барча ташкилотларга бир ой муддат ичида бажарилиши талаб қилинган қатор вазифаларни юклаган ва бажармаган раҳбарларга кескин чора кўришини билдирган.

Бир ойлик режа

Жумладан, Қашқадарё вилоятининг касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан таълим муассасаларига йўлланган Телефонограмма Озодликка келиб тушди.

Ҳужжатда, Зойир Мирзаевнинг 29 октябрь кунги йиғилишда таълим муассасалари раҳбарларига берган топшириқлар акс этган.

Жумладан:

- 1 ойда барча таълим муассаларининг веб-сайтини очиш, муассасалар ҳудудини мунтазам тозалаш ва ободонлаштириш,

- ўқувчилар давоматини назоратга олиш ва чет элга чиқиб кетган ўқувчиларни қайтариш,

- ўқувчилар орасида "Бир ҳафтада - бир китоб" каби танловларни ўтказиш,

- тўй-ҳашамларни тартибга солиш бўйича ҳукумат қарорини ўқувчиларга тушунтириш,

- шу йилнинг 22 декабрда кутилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови тўғрисида ўқувчиларга тушунча бериш каби топшириқлар берилган.

6 кишини таҳқирлаган собиқ муовин

51 яшар Зойир Мирзаев қўл остидаги мулозимларга кескин чоралар кўриши билан танилган раҳбардир.​

Озодлик ўтган йилнинг 25 октябрида, ўша кезда Бош вазирнинг ўринбосари бўлган Зойир Мирзаев, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида олти киши - туман ҳокимлигининг уч мулозими, икки фермер ва бир маҳалла оқсоқолини ариқдаги совуқ сувга тушириб, таҳқирлаган эди.

Ўшанда Мирзаев олтовлонни буғдойга сув қўймагани учун, шундай жазолагани айтилганди.

Ҳодисадан 2 кун ўтиб, Мирзаев президент Шавкат Мирзиёев фармони билан лавозимидан бўшатилди.

Мирзиёев имзолаган фармонда бош вазирнинг Қишлоқ хўжалиги комплекси бўйича ўринбосари бўлган Мирзаевнинг "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани", боис ишдан олингани айтилганди.

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди". Бош вазир Абдулла Арипов.

Аммо, бу фармонни эълон қилган Бош вазир Абдулла Арипов ҳукумат йиғилишида ўз ўринбосарининг Оққўрғон туманида қилган иши президентни қаттиқ ранжитганини айтганди.

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зойир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ, Конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик," дея Абдулла Ариповдан иқтибос келтирганди Daryo.uz нашри.

Бош вазир президент "шунча халққа хизмат қилган" бўлса-да, Зойир Мирзаевни кечира олмагани, уни қонун доирасида жазолаганини айтганди.

Аммо, бу воқеадан қарийб бир йил ўтиб, Бош вазирнинг президентга хиёнатда айбланган собиқ ўринбосари Қашқадарё вилоятига раҳбар қилиб тайинланди. Бунга қадар у Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ҳокимлик қилаётган эди.

Зойир Мирзаевга пиар кампания

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ва маҳаллий ахборот воситалари янги раҳбар фаолиятини кенг кўламда ёритишни бошлаб юборди.

Хусусан, вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг Telegram каналида ўтган бир ҳафта ичида берилган хабарлар тўлиғича янги раҳбар ташаббусларига бағишланган.

Фото ва видео иловалар билан берилган хабарларда, Мирзаевнинг мунтазам халқ орасида юргани, раҳбарлар билан йиғилиш ўтказаётгани, ҳатто тунда бир гуруҳ амалдор билан маҳалла оралаётганини кўриш мумкин.

Зойир Мирзаевни яқиндан таниган, муқаддам президент маъмуриятида ишлаган собиқ мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, президент Шавкат Мирзиёев Зойир Мирзаевга яна бир имконият берган.

Исмини сир сақлаган ҳукумат мулозимининг айтишича, аслида Мирзаев Шавкат Мирзиёев бош вазир бўлган кезларда унинг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича асосий ёрдамичиси бўлган.

Мирзиёев президентликка келгач эса, Мирзаев унинг айни соҳада ишонган асосий маслаҳатчисига айланган ва қишлоқ хўжалиги бўйича ҳозирда жорий этилган аксар лойиҳаларнинг муаллифи ҳам айнан удир.

XS
SM
MD
LG