Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Зеленский Путинга: украиналикларга фуқаролик таклиф қилиб, бекорга вақт сарфламанг!


Украинанинг сайланган президенти Владимир Зеленский Москвани “Украина фуқароларини Россия паспортлари билан қизиқтиришга уриниб, вақт сарфламасликка” чорлади. Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган украиналиклар учун енгилликлар беришини билдирган эди.

27 апрель куни Зеленский ўз Facebook саҳифасида украиналиклар Россия фуқаролиги “тинч намойишлар учун қамалиш” ва “эркин ва соғлом рақобат муҳитидаги сайловлардан мосуво бўлишга” тенг эканлигини яхши билишлари ҳақида ёзди.

“Умуман олганда, бу барча ҳуқуқ ва эркинликларни унутиш, деганидир”, деб ёзди у.

“Украинанинг фарқи шундаки, биз, украиналикларда сўз эркинлиги, матбуот ва Интернет эркинлиги бор”, дея сўзини давом эттирди Зеленский.

Сайланган президент, шунингдек, “украиналиклар эркин мамлакатдаги эркин халқ” эканини ҳамда улар билан “таҳдидлар ҳамда ҳарбий ва иқтисодий босим тилида сўзлашиб бўлмаслигини” қўшимча қилди.

Шундай бўлса-да, Зеленский Россия билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини такрорлади. Хусусан, у икки давлат ўртасидаги муносабатлар “Донбасс ва Қрим оккупацияси тугаганидан сўнгина нормаллашиши мумкин”, деб ҳисоблашини айтди.

Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларни дастаклай бошлади.

2014 йилнинг апрелидан бери Украина ҳукумат кучлари ва айирмачилар ўртасидаги тўқнашувларда 13 мингга яқин одам ҳалок бўлди. Можарони ҳал этиш мақсадида 2014 йил сентябри ва 2015 йил февралида эришилган “Минск келишуви” шартлари эса бажарилмай келади.

Ғарб давлатлари Россия айирмачиларни қурол-аслаҳа, қўшинлар ва бошқа ёрдам билан таъминлаб келаётганини исботловчи етарлича далил борлигини айтиб келаётган бўлса-да, Москва ушбу айбловларни рад этиб келади.

24 апрель куни президент Путин Украина шарқида яшаётган фуқаролар учун Россия фуқаролигини олиш жараёнини соддалаштириш ҳақидаги фармонни имзолади. Президентнинг бу қарорини Ғарб давлатлари ҳамда Киев кескин қоралади.

Бунга қарамасдан, 27 апрель куни Путин ўз маъмурияти нафақат Украина шарқидаги, балки умуман барча украиналикларга Россия фуқаролигини беришни осонлаштириш режасини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Пекинда бўлиб ўтган саммитда президент:

- Умуман олганда, Украина фуқароларига фуқаролигимизни беришни енгиллатишни кўриб чиқяпмиз, - деди.

Путин 21 апрель куни ўтказилган Украина президенти сайловида ғалаба қозонган Зеленскийни табриклагани йўқ.

Путин қарори 24 апрель куни Кремль сайтида эълон қилиниши ортида Украина ташқи ишлар вазири бу чорани “агрессия” ва “Киев ишларига аралашиш” дея баҳолади.

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси эса фармон “аҳмоқона ва беқарорлаштирувчи” эканлигини айтиб, мамлакат Украинанинг суверенитети ва ҳудудий бирлигини қўллашда давом этишини қўшимча қилди.

Зеленский 24 апрель куни Россияни “оккупациячи мамлакат” ҳамда “Украинага қарши уруш олиб бораётган агрессор” дея қоралади.

Сайланган президент дунё ҳамжамиятини Россия Федерациясига қарши дипломатик чоралар ва санкциялар ёрдамида кучлироқ босим ўтказишга чорлади.

XS
SM
MD
LG