Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

“Ювилмас шармандалик доғи”. Россия жамияти Украинага босқинни қандай кутиб олди?


Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши Петербургда ўтказилган бир кишилик пикетдан лавҳа
Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши Петербургда ўтказилган бир кишилик пикетдан лавҳа

Россия жамоатчилиги сўнгги ойларда мамлакат қўшинлари ғарбий чегараларда жамланишини кузатаркан, Украинага ҳарбий тажовуз бўлишига ишонмади. Россия миллионлаб оддий руслар юрагига жуда яқин ва қардош мамлакатга ҳужум қилиши уларнинг ақлига сиғмади. Бироқ эндиликда – Украинага зарба берилганидан сўнг россияликлар янги воқеликка дуч келишмоқда.

24 февраль тонгида россияликлар, қолган бутун дунё аҳли каби, Россиянинг Украинага – миллионлаб россияликлар қон-қардошлик ришталари билан боғланган қўшни мамлакатга бостириб кирганига оид хабарлар қуршовида уйғонди.

Тажовуз Россия бир неча ой мобайнида муттасил равишда Украина сарҳадларида ҳарбий қудратини оширгани ортидан юз берди – Россия жамияти сўнгги бир йилда ўзгача фикрловчилар ва фуқаровий ташаббусларга нисбатан босимни кучайтирган ҳукуматнинг қатағонидан чўчиб, қўшинларнинг ғарбий чегараларга силжишини жимгина кузатди.

“Ҳар қандай урушга салбий қарайман, Украинага қарши урушга ҳам. Ҳукм чиқариш менга эмас, чунки қарор қабул қилишда мен бўлмаганман. Аммо тинчлик бўлиши учун ҳамма чорани кўриш керак”, деди Путиннинг қарорига муносабати ҳақида сўралган Ростов-Дон шаҳри турғуни.

Шу шаҳарлик бир аёл ўз жавобида урушга муносабати “жуда ёмон”лигини айтди.

“Аммо бизни мажбур этишган экан, ўйлайманки, президентимиз ҳаммасини тўғри қиляпти”, деди у ва журналистга қараб: “Шу гапни эшитмоқчи эдингизми?” дея қўшиб қўйди.

Тажовуз бошланишидан аввалроқ социолог, “Левада-центр” мустақил тадқиқот маркази эксперти Алексей Левинсон “Настояшчее время” ёйинида Россия жамоатчилиги фикрида “уруш қаршисидаги қўрқув” устунлик қилишини айтди.

“Россияда урушга қарши кайфият ҳеч бир шаклда очиқ-ошкор билдирилаётганини кўрмаяпмиз. Намойишлар ёки шунга ўхшаш чиқишлар йўқ. Ижтимоий тармоқлардаги айрим индивидуал баёнотлар бор, холос. Бироқ улар ҳам бу энг кўп кутилган ижтимоий гуруҳлардан, яъни либерал кайфиятли зиёлилар тилидан янграяпти”, деди у.

Тадқиқотчининг қўшимча қилишича, Украинага қарши уруш шиддатли ва деярли талафотсиз кечишига кўплаб россияликларнинг ишончи комил.

“Улар урушдан қўрқишмайди, чунки уруш бизнинг ҳудудда бўлмайди деб ҳисоблашади. Қурбонлар сони кўп бўлади деб сира ўйлашмайди”, дея урғулади Левинсон.

Бутунроссия ижтимоий фикрни ўрганиш маркази (ВЦИОМ) 23 февраль куни эълон қилган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг тўртдан уч қисми Путиннинг Донбассдаги бўлгинчи тузилмаларни тан олиш қарорини дастаклайди, қарийб бешдан тўрт қисми “ДХР” ва “ЛХР” билан ҳамкорлик шартномаси имзоланишини тўғри деб ҳисоблайди – ҳолбуки, бу икки қадам уруш йўлида икки поғона бўлиб хизмат қилди.

Шунга қарамай, 24 февраль куни Россия шаҳарларида урушга қарши кичик-кичик намойишлар бўлиб ўтди.

“Мен босқинчи мамлакатнинг бир бўлаги бўлишни истамаганим учун чиқдим. Мен тинчликсевар ва келажакка интилувчи мамлакатда яшашни хоҳлайман”, деди “Омск фуқаролик бирлашмаси” аъзоси Дмитрий Грунин.

Саратовда адвокат Денис Руденко “Путин – ҳарбий жиноятчи” деб ёзилган плакатни кўтарган кўйи қор уюмлари манзарасида ёлғиз пикет қилди.

Москвалик журналист ва фаол Марина Литвинович бутун мамлакат бўйлаб урушга қарши оммавий акциялар ўтказишга чақирди.

“Биламан, ҳозир кўпчилигингиз Владимир Путин бизга дўст бўлмиш Украина халқига ҳужум қилгани туфайли умидсизлик, уят ва ожизлик ҳисларини туймоқдасиз. Бироқ мен сизни умидларни сўндирмасликка ва бугун оқшом соат 7 да ўз шаҳрингизнинг марказий майдонларига чиқиб, биз – Россия халқи Путин бошлаган бу урушга қарши эканлигимизни аниқ ва баралла айтишга чақираман. Ҳеч нимадан қўрқманг. Майдонларга чиқинг”, деди у видеомурожаатида.

Бу Россияда оммавий норозиликка чақирилган камсонли мурожаатлардан бири бўлди, гарчи мамлакат бу воқеаларга бир неча ой давомида етиб келган эса-да. Литвинович видеороликни эълон қилганидан сўнг кўп ўтмай “Телеграм”да уйи олдида уни полициячилар ушлашгани ҳақида ёзди.

“Левада-центр” директори Денис Волков “Медуза” нашрига берган интервьюсида Кремль Россиянинг Украинага қарши агрессияси негизида ётган можаро аслида Россия ва Украина ўртасида эмас, балки Россия билан Қўшма Штатлар ўртасида вужудга келганига аксар фуқароларни ишонтиришга муваффақ бўлганини айтди.

“Ҳаммасига Америка айбдор, – деди у давлат расмийлари ва ОАВларининг анъанавий иддаоларини киноя ўрнида тилга олиб. – Ҳатто Украина ҳам эмас, балки Америка ва Ғарб айбдор. Улар тан олинмаган республикаларга қарши бир фитнани кўзлаётган Украинага босим ўтказишяпти, Россия эса аралашиши керак, чунки у ерда русийзабон аҳоли бор, ҳаммасининг қўлида Россия паспорти – бизнинг одамлар”.

CNN 23 февраль куни эълон қилган сўров россияликларнинг 50 фоизи “Киевнинг НАТОга киришдан қайтариш учун” Украинада ҳарбий кучдан фойдаланиш ўринли эканига ишонишини, атиги 25 фоиз респондент буни нотўғри деб ҳисоблашини кўрсатган.

Россия фуқаролик жамияти Москва Грузияга қарши тезкор уруш олиб борган 2008 йилдагидан, ёки Украинадан Қримни тортиб олиб, Шарқий Украинада бўлгинчилик уруши оловини ёққан 2014 йилдагидан анча фарқ қилади. 2014 йилнинг март ва сентябрь ойларида ўн минглаб россиялик Москванинг Украинага қарши агрессиясидан норози бўлиб кўчаларга чиқишган эди.

Бу намойишларга Борис Немцов ва Алексей Навальний сингари ёрқин мухолифат лидерлари бошчилик қилишган: биринчиси 2015 йилда отиб ўлдирилди, иккинчиси эса суиқасддан базўр омон қолганидан сўнг қамоққа тиқилди.

Фуқаролик секторида ҳам вазият ўзгарган: мустақил ОАВлар ва жамоат ташкилотлари бўғиб ташланди ёки “хорижий агентлар” ва “исталмаган ташкилотлар” тўғрисидаги аёвсиз қонунлар билан ёпиб қўйилди. Аксари шубҳали жиноий терговга тортилган фаоллар ва журналистлар қўрқитилди ёки чет элга чиқиб кетишга мажбур этилди.

Таҳлилчилар Россияга оид қидирув тизимлари ҳукуматнинг ғазабига йўлиққан ОАВлар материалларини чиқармаётганини қайд этишмоқда. 24 февраль куни эса “Роскомнадзор” урушни ёритаётган Россия ОАВларига “фақат Россия расмий манбаларидан олинган маълумотлар”ни тарқатишни амр этиб, акс ҳолда жаримага тортиш ёки сайтларни блоклаб қўйиш билан таҳдид қилди.

“Ҳозир Россия жамиятида урушга қарши гапирган одам камида ишидан, кўп деганда – эрки ва ҳаётидан маҳрум бўлиши хавфи бор”, деганди москвалик журналист Кирилл Мартинов Украинага босқин бошланишидан олдинроқ берган интервьюсида.

Ижтимоий тармоқларда кўплаб либерал кайфиятдаги россияликлар ўз хавотирларини баён қилишмоқда.

“Плакатлар ёпиштиришга кеч бўлди, якка пикетлар қилишга ҳам. Мамлакат ўзини ўзи ҳимоя қилмоғи керак, ҳаммамизни харобалар тагида қолдиришга қасд қилган телбадан ўзини қўриши лозим. Ва дўстларимиз, қариндошларимиз ва биз ҳеч қачон душман кўзи билан қарамаган кишилар яшайдиган Украинани ҳимоя қилишимиз шарт. Бизнинг душманимиз битта – бу Путин”, деди москвалик журналист Варя Горностаева.

“Биз руслар, россияликлар Россиядан бу шармандалик доғини ювиб кетказолмаймиз. Бизнинг сокин итоатимиз соясида мана шундай мудҳиш қарор қабул қилинди”, деб ёзди москвалик фаол Валерий Соловей.

XS
SM
MD
LG