Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Юнусобод ҳокими ортидан прокурор, мелиса ва солиқчилар бошлиғи ҳам ишдан кетди


Юнусобод туман ҳокими Мирзиëев келишидан олдин кечаю кундуз президент кўрадиган жойларни ювиб-тараганига қарамай¸ лавозимидан ажради.
Юнусобод туман ҳокими Мирзиëев келишидан олдин кечаю кундуз президент кўрадиган жойларни ювиб-тараганига қарамай¸ лавозимидан ажради.

Президент Шавкат Мирзиëев Юнусободдаги кўприк ва бошқа иншоотларнинг очилиш маросимида қатнашган 25 март куни вазифасидан ажраган туман ҳокими ортидан Юнусобод прокурори¸ ИИБ ва солиқ инспекцияси раҳбарларини ишдан олиш ҳақида буйруқ чиқди.

Ҳоким ўзи билан қудратли “учлик”ни ҳам олиб кетдими?

Озодликка маълум бўлишича¸ 30 март куни Юнусобод туман прокурори¸ ички ишлар бўлими бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбари ҳам “ўз аризасига кўра” лавозимидан кетган.

Юнусобод ички ишлар бўлими расмийси бўлимдан "Неъмат аканинг ишдан кетиб¸ ўрнига Элбек Хайруллаев тайинланганини" билдирди.

Туман солиқ инспекцияси хизматчиси 25 мартдан бери ишга келиб-кетиб юрган бошлиқнинг “прикази” кеча чиққанини¸ лекин ўз кўзи билан кўрмагани учун¸ буйруқнинг айнан қачон¸ қайси сабабга кўра чиққанини айта олмаслигини маълум қилди.

Республика Бош прокуратураси матбуот хизматидагилар эса¸ Юнусобод туман прокурорининг ишдан кетганидан бехабарлигини билдирди.

Юнусобод туманидаги учала назорат идораси раҳбарининг бир кунда ишдан олингани ҳақидаги хабар бу идоралар расмий саҳифаларида ҳозирча йўқ.

Юнусобод туман прокурори¸ мелиса ва солиқ бошлиқларининг ишдан кетиши¸ Озодлик суҳбатлашган жорий ва собиқ мулозимлар таъкидича¸ ҳоким Мираъзам Мирқосимовнинг бўшатилиши билан боғлиқ.

Юнусобод ҳокими ободонлаштиришни эплолмагани учун кетган бўлса¸ прокурор¸ солиқчи ва мелисанинг бунга нима алоқаси бор¸ деган саволга¸ тўғридан-тўғри алоқаси бор¸ деган бўлардим. Чунки нафақат Юнусобод¸ балки бутун Ўзбекистонда агар шу назорат идоралари аралашмаса¸ на бир қурилиш¸ на бир тадбир бўлади. Ободонлаштириш харажатлари кимга тушади – албатта¸ тадбиркорга. Тадбиркорга ким босим қила олади – албатта¸ прокурор¸ солиқчи ва мелиса. Агар назорат тизимлари бош қўшмаса¸ ҳокимнинг бир ўзи бунақа ишларни эплолмайди. Бу ерда¸ сал саботаж элементи ҳам бўлган шекилли¸ президентнинг қаттиқ жаҳли чиққан”¸ дейди Юнусобод туманидаги уч амалдорнинг кетиш тафсилотларидан хабардор Тошкент шаҳар ҳокимлигига алоқадор собиқ мулозим.

Кўприкни президентга вақтида қуриб топширган Юнусобод ҳокими нега курсисидан ажради?

25 март куни президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Янги шаҳар ва Боғишамол кўчаларини туташтирувчи янги кўприкни очиб берди.

Uzbekistan - Yangi ko'prik
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00
Бевосита линк

Бўзсув устига қурилган янги кўприк нафақат бу икки боши берк кўчани¸ балки Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларини ҳам қисқа йўл билан боғлаб берди.

Ўзбек телеканалларида кенг ëритилган бу кўприкнинг тантана билан очилиш маросими ортидан Юнусобод туман ҳокими ўз амалидан ажради.

Октябрь ойида бу лавозимга ўшандаги муваққат президент Мирзиëев томонидан тайинланган Мираъзам Мирқосимов орадан 6 ой ўтиб-ўтмай¸ президент Мирзиëев томонидан ишдан олинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига яқин мулозимлардан бири Озодлик билан суҳбатда¸ Мираъзам Мирқосимовнинг ишдан олиниши айнан шу кўприк билан боғлиқ эканини билдирди.

“Бу кўприкни қуриш учун қаттиқ ишлашди¸ қишда¸ ишни тўхтатмасдан ишлашди¸ янги технологиялар қўллашди¸ уни айтилган вақтида фойдаланишга топширишди. Мирзиëевнинг ўзи биринчи бўлиб бу кўприк устидан машина ҳайдаб ўтди¸ атрофларни кўрди. Қараса¸ кўприк битгану¸ унинг атрофлари ободонлаштирилмаган. Кўприкка ҳукумат пул берди¸ шунча иш қилинди¸ лекин бунинг атрофларини ким обод қилади¸ деб президентнинг жаҳли чиққан. Ҳокимни олиш қарори ўша жойнинг ўзида қабул қилинган”¸ дейди Юнусобод ҳокимининг ишдан кетиши сабабларига тўхталган шаҳар ҳокимлигига яқин мулозим.

Расмий матбуотга кўра¸ умумий узунлиги 423, баландлиги 5,5, кенглиги 33 метр бўлган 8 полосали мазкур кўприк “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонасининг 67-кўприк қурилиш бўлинмаси томонидан олти ойда қуриб битказилган.

"Кўприкдан бошқа жойлар ҳам президентга ëқмади¸ шекилли..."

Озодлик суҳбатлашган юнусободликлардан бири¸ эски маҳаллаларни бузиб¸ ўрнига қурилган янги кўприк атрофини туман ҳокимининг шахсан ўзи тепасида туриб Наврўз байрами кунлари ҳам ювиб-тараганига гувоҳ бўлганини айтади.

“Олдин бу ерда ҳовлилар бўлган. Иккита боши берк кўчани туташтиришга ҳовлилар халақит бериб келган¸ шуларни бузиб¸ Бўзсув устидан қуришди. Бир тарафда катта-катта ҳовлилар бор¸ бошқа тарафда бўм-бўш очиқ майдонча қолиб кетган. Ҳамма ëқни ювиб-тарашдию¸ шу жойни очиқлигича қолдиришди. Шу ëқмаган бўлиши мумкин. Кейин президент Юнусободдаги маҳаллаларга ҳам кирди¸ кутубхона очилишида қатнашди. Яна нималардир ëқмаган шекилли”¸ дейди янги очилган кўприк устидан машинада бир неча марта ўтиб-қайтган юнусободлик суҳбатдош.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ 30 март куни ўтказилган видеселектор йиғинида президент Шавкат Мирзиëев "кўп қаватли уй-жойларни вақтида ва сифатли таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва янада такомиллаштириш зарурлигини" алоҳида қайд этган. Айрим нашрлар таъкидича¸ президент бу борада Юнусобод туманидаги ишларни танқид қилган.

Озодлик суҳбатлашган тошкентликлар таъкидича¸ бундай танқид Юнусобод "тўртлиги"нинг ишдан кетишига Шавкат Миризëев йилалрдан бери бош-қош бўлиб келаëтган ободонлаштириш билан алоқадорлигининг билвосита тасдиғидир.

Тошкентда тозалаш

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларига алоқадор мулозимнинг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ Юнусобод туман прокурори¸ ИИБ ва солиқ инспекциялари раҳбарларининг бир кунда ишдан олиниши¸ пойтахт назорат тизимлари¸ хусусан¸ прокуратурада “чистка” бошлангани аломатидир.

Бу одамлар¸ айниқса¸ Юнусобод прокурори¸ ўтган ой бошида ишдан олинган Мираълам Мирзаевнинг одамлари. МХХ раиси Иноятовнинг хотин тарафдан қариндоши бўлган Мирзаев¸ узоқ йиллар расман Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари лавомизида ўтирган бўлса ҳам¸ у ниҳоятда қудратли шахс эди. Генпрокурор ҳам у билан ҳисоблашмасдан Тошкентда бирор иш қилолмасди. МММ номи билан танилган бу одамни пенсия баҳонасида йўқотишди. Энди навбат¸ у қўйган одамларга келаяпти. Юнусобод прокурори¸ МММнинг яқинларидан эди. Мелиса¸ солиқ бошлиқлари ҳам унга¸ аниқроғи¸ конторага бўйсунарди. Чисткага тушадиганлар навбати ҳали узун¸ келаси ҳафталарда Тошкент прокуратураси¸ мелиса ва солиқ идораларидаги яна анча-мунча одам ишдан кетади”¸ деди кучишлатар тизимларидаги мулозим.

Озодлик бу иддаони ҳозирча Ўзбекистон бошқарувига алоқадор бошқа манбалар орқали тасдиқлата олмади.

Бу жараëнларга оид ўзингизда бор тафсилотларни Озодлик билан ижтимоий тармоқлар¸ қолаверса¸ ozodlikmail@gmail.com электрон почтасига хат ëзиш орқали ўртоқлашишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG