Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:49

7 йил муқаддам президентликдан воз кечган Ниғматилла Йўлдошев халққа мурожаат билан чиқди


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев.

8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев мамлакатда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашда жамоатчиликни ҳамжиҳатликка чақирди.

Бош прокурорнинг мурожаати ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Йўлдошев ўз мурожаатида 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “маҳаллабай ишлаш” тизими тадбиқ этилгани, жиноятчиликка қарши манзилли иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилганини таъкидлайди.

Бош прокурор ўз мурожаатида мамлакатда ёшлар орасида жиноятчиликнинг ортиб бораётганига эътибор қаратиб, “Жиноят қилиб, келажагингни барбод этма!” шиори остида ўсмир ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида тизим яратилиши кўзда тутилганини баён қилади.

Шавкат Мирзиёев қандай ҳокимиятга келди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:41 0:00

Шунингдек, мурожаатда айтилишича, мамлакатда сўнгги 3 йил давомида кибержиноятчилик ҳолатлари 25 бараварга ошган.

Бош прокурор жиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали усули жиноят учун жазо муқаррарлиги принципи эканини таъкидлаб, турли яширин жиноий фаолиятларни фош этиш ҳамда жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилишига ваъда бермоқда.

У коррупцион ҳолатларни баратараф этишда жамоатчилик ва давлат органларини ўзаро ҳамжиҳатликка чақирган. Концепцуал характердаги мазкур мурожаат барча медиа воситалари орқали тарқатилмоқда.

Ўзи коррупцияда айбланган Бош прокурор

2021 йилнинг 11 декабрида Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ижтимоий тармоқларда видеомурожаатлар билан чиқиш қилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевни қатор коррупцион жиноятларда айблаган.

Жумладан, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов президент Шавкат Мирзиёев ва президент администрациясининг ўша пайтдаги раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга мурожаат қилиб, Йўлдошевни Mega Bukhara савдо мажмуаси қурилиши ва унинг атрофидаги коррупцион схемалардаги ролига эътибор қаратишни сўраган.

Бухоро шаҳар прокурори Ж. Фозилов мазкур объект қурилишига кетган ҳаражатнинг бир триллион сўмдан ошиши, унинг аҳоли ва тадбиркорлар ҳамёни ҳисобига қурилаётгани, бундай жиноий схемалар бошида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва унинг жиноий шериклари турганлигини иддао қилган.

Жасур Фозиловнинг таъкидлашича, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев савдо мажмуасини қуриб, тадбиркорларга пуллаётганларни “кришевать” қилган, уларнинг жиноий фаолиятини қўллаб қувватлаган.

Савдо мажмуасидаги жиноятларни текширишга аҳд қилган шаҳар прокуратурасидан ишга аралашмаслигини сўраган. Фозиловнинг айтишича, Бош прокурор унга: «қўллаб-қувватловчиларинг кетди, энди нима қила оласан», деб айтган.

Прокурор Фозилов ўз видеомурожаатларида Ўктам Исаевич (бош вазирнинг собиқ ўринбосари) ва Карим Жамоловични (Бухоро вилояти собиқ ҳокими) эсга олиб, улар тирик бўлганида, бош прокурор вилоятга яқинлаша олмаслигини таъкидлаган.

У мазкур ҳолатнинг президент администрациясининг ўша пайтдаги раҳбари Зайнилобиддин Низомиддионов бошчилигидаги комиссия томонидан ўрганилишини сўраган.

Шундан сўнг Бухоро прокурорининг мурожаатлари юзасидан Республика идоралараро комиссияси ташкил қилинди, комиссия хулосалари жамоатчиликка эълон қилиниши айтилди. Бироқ комиссия фаолияти ва унинг хулосалари бўйича бошқа гап очилмади.

Шов-шувли баёнотлари билан жамоатчиликни жунбушга келтирган прокурор Фозилов аввалига ишдан олинди, сўнг лавозимига қайта тикланди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Бош прокуратура мулозими Бухоро шаҳар прокурорининг шов-шувли чиқиши ортида "бош прокурорлик курсиси учун курашлар" турганини иддао қилди.

Бош прокуратуранинг юқори мартабали ходимига кўра, ҳозирда Йўлдошевнинг биринчи ўринбосари бўлган Баҳриддин Валиев Президент администрациясининг ўша пайтдаги раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ҳокимиятдаги "иттифоқчиларидан" бўлган.

“Прокурор Жасур Фозиловнинг “шикоятимни нима бўлса ҳам Администрация текширсин” деб додлагани ортида ҳам мақсад бор эди. Агар мурожаатни Низомиддинов текширса, натижа чиқарди. Президент ишга ДХХни ҳам жалб қилди, натижада Валиевнинг истаги амалга ошмай қолди”, дея иддао қилди Озодлик суҳбатлашган Бош прокуратура мулозими.

Ниғматилла Йўлдошевнинг ОМ Қонунчилик палатаси ва Сенат қўшма мажлисида қилган нутқи (08.09.2016)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00

Президентликни Шавкат Мирзиёевга "совға" қилган прокурор

Бундан роппа-роса 7 йил муқаддам, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ялпи мажлисида мамлакатнинг ўша вақтдаги Бош вазири Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажариш юклатилганди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, вақтинчалик президент лавозимини эгаллаши керак бўлган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлик лавозимларида етарли тажрибага эга эмаслиги сабабли бундай ваколатдан фойдалана олмаслигини айтган ва муваққат президентликка Мирзиёев номзодини илгари сурган.

Ниғматилла Йўлдошев Ислом Каримовнинг ўлими эълон қилинган 2 сентябрдан эътиборан, Конституцияга мувофиқ, вақтинча президент вазифасини бажаришга киришгани ҳақидаги расмий қайд, на маҳаллий матбуот ва на бирон ҳужжатда учрайди.

Аммо Россия президентининг расмий вебсайтида Президент Путин “Ўзбекистоннинг Вақтинча президенти вазифасини бажарувчи Ниғматилла Йўлдошев номига” 2016 йил 2 сентябрь куни йўллаган Телеграмма матни ҳали ҳам турибди.

Орадан қарийб уч йил ўтиб, 2019 йилнинг 20 июнь куни Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинланди.

Йўлдошев бунга қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси лавозимларида ишлаган.

60 яшар Ниғматилла Йўлдошев нима учун халққа мурожаат қилгани ва бу мурожаатнинг нима учун айнан 8 сентябрда эълон қилингани сабаби тушунарсиз. Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манба Йўлдошевнинг баёнотини "жуда ҳам умумий ва мужмал баёнот" деб таърифлади.

Форум

XS
SM
MD
LG