Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:00

"Адолатсиз тақиқ". Косово Европанинг ҳижоб тортишуви марказида


Франция, мусулмонлар, таълим.
Франция, мусулмонлар, таълим.

Косоводаги бир ўрта мактаб ўқувчиси ҳижобини ечишдан бош тортгани учун мактабдан четлаштирилди. Бу Европада мусулмон аёлларнинг анъанавий рўмоли атрофидаги сўнгги тортишувлардан бири бўлиб, сўнгги йилларда бу масала бутун қитъада кенг муҳокама қилинмоқда.

Маҳаллий таълим идоралари ва Косовонинг ғарбий қисмидаги Пежа шаҳридаги Бадри Пежани академик лицейи, Косово Таълим, фан, технология ва ахборот вазирлигининг 2014 йилдаги кўрсатмасини бажараётганини таъкидлади. Ушбу кўрсатма бошланғич ва ўрта мактаб биноларида ўқувчиларга диний кийим кийишни тақиқлайди.

Бироқ, танқидчилар, жумладан мамлакатдаги мусулмонларнинг етакчи ташкилоти бўлмиш Косово Ислом Ҳамжамияти (КИҲ), мактаб ва маҳаллий амалдорлар ушбу ноаниқ ифодаланган кўрсатмани нотўғри талқин қилганини ва 18 ёшли қизнинг таълим олиш ҳуқуқини рад этиб, унинг инсон ҳуқуқларини бузаётганини таъкидламоқда.

"Россияда мусулмонларга қарши кайфият кучайди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:21 0:00

Қизнинг оиласи полицияга шикоят қилгандан сўнг, Пежа шаҳридаги маҳаллий прокуратура ўқувчининг ҳуқуқлари бузилган-бузилмаганлигини текширмоқда.

Таълим бошқармасининг Пежа бўлими бошлиғи Носир Гега 30 сентябрь куни Озодлик радиосининг Косово хизматига берган интервьюсида, Косово оммавий ахборот воситаларида фақат "AД" деб тилга олинган талаба (гарчи унинг тўлиқ исми Озодлик радиосига маълум бўлса-да) ҳали ҳам дарсларга қайтмаганини айтди. Геганинг айтишича, "ечим" бир неча кун ичида топилиши кутилмоқда.

2008 йилда Сербиядан мустақилликни эълон қилганидан бир йил ўтгач, Пристина бошланғич ва ўрта мактабларда диний кийимларни тақиқлади, бу эса диндор мусулмонларнинг норозилик намойишларига сабаб бўлди. Ҳукумат бу қарорни ҳимоя қилиб, у мамлакатнинг дунёвий конституциясига мос эканлигини таъкидлади.

Ўшандан бери мамлакатнинг таълим тўғрисидаги қонунига бир нечта ўзгаришлар киритилди, жумладан, 2014 йилда Таълим вазирлиги томонидан чиқарилган ва ушбу тақиқни янада мустаҳкамлаган кўрсатма.

Косово конституцияси виждон ва дин эркинлигини кафолатлайди, мамлакатнинг дин тўғрисидаги қонунида эса давлат дини йўқлиги белгиланган. Тахминан 1,5 миллион аҳолиси бўлган Косовонинг аксарияти мусулмон, аммо кўпчилик исломнинг анча мўътадил ва эркин шаклини қабул қилади.

Бироқ, мустақилликдан кейинги йилларда исломнинг янада консерватив кўриниши аста-секин тарқала бошлади. Кам сонли бўлишига қарамай, қатъийроқ эътиқод тарафдорлари ўз овозларини эшиттира олдилар.

Ўтган йили жанубий Призрен шаҳрида мусулмон жамоатчилиги аъзолари канадалик қўшиқчи, очиқ феминист ва ЛГБТ ҳамжамиятининг кумири Пичеснинг чиқиши ҳақида норозилик билдиришди. Бу воқеа маҳаллий янгиликлар веб-сайтида уларнинг намойиши ёритилганига қарши норозиликка ҳам айланиб кетди.

Ҳижоб кийиш масаласи кўп йиллар давомида Европада баҳсли мавзу бўлиб келмоқда. 2004 йилда Франция давлат мактабларида бош рўмол ва "кўзга кўринадиган" диний рамзларни тақиқлаганида, бу масала мунозаралар марказида эди. Ўшандан бери Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам шунга ўхшаш чора-тадбирлар жорий этилган.

Тожикистон ҳижобга қарши кураш бошлайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00

'Адолатсиз тақиқ'

Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларида, жумладан, Австрия, Белгия, Болгария, Дания, Италиянинг баъзи ҳудудлари, Нидерландия (жамоат жойларида) ва Испаниянинг Каталония мухтор вилоятининг айрим қисмларида таълим муассасалари, иш жойлари ва жамоат жойларида ҳижобга тўлиқ ёки қисман тақиқлар жорий этилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатлар гуруҳи – Очиқ жамият адолат ташаббуси томонидан 2022 йил март ойида эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, бундай тақиқлар АҚШ сиёсатчилари 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг террорга қарши глобал уруш эълон қилганидан кейин кучга кирган ва бу мусулмонларнинг кийиниш тарзи туфайли уларга нисбатан шубҳа кучайган.

2021 йил июль ойида Европа Иттифоқининг олий суди - Европа Одил Судлови иш берувчилар маълум шароитларда, айниқса, иш жамоатчилик билан мулоқотни ўз ичига олса, иш жойида ҳижоб каби диний рамзларни кийишни чеклаши мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарди.

2022 йил октябрь ойида суд Европа Иттифоқи компаниялари диний рамзларни тақишга қўйилган тақиқларни асослаши керак бўлиши мумкинлигини қайд этди. Суд Белгиядаги мусулмон аёлга иш жойида ҳижоб кийиш тақиқланганлигига оид иш юзасидан ўз фикрини билдирди.

Косовога қайтадиган бўлсак, мактабдан четлаштирилган ўқувчининг оиласи маҳаллий инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилоти – Тинчлик марказига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ташкилот раҳбари ва маҳаллий имом Лабинот Малиқий сўнгги етти йил ичида ҳижобда юргани учун мактабдан четлатилган 50 дан ортиқ ўқувчи қизни синфга қайтариш масаласида муваффақиятли воситачилик қилганини айтади.

Малиқий "Озодлик" радиосининг Косово хизматига берган интервьюсида "бу ҳолат хулқ-атвори ва ўқишидаги ютуқлари бўйича намунали ўқувчига тегишли эканлигини тушунишим биланоқ" маҳаллий ҳокимият ва мактаб раҳбарияти билан боғлана бошлаганини таъкидлади.

"Бу адолатсиз тақиқ нафақат рўмол ўрашга қарор қилган қизларнинг бошланғич таълим олиш ҳуқуқига, балки уларнинг ўз эътиқодларини очиқ-ошкора амалга ошириш эркинлигига ҳам тўсқинлик қилмоқда," деди Малиқий.

Форум

XS
SM
MD
LG