Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:21

Ертўлада жон сақлаётган ўзбеклар. Афғон қочқинларига ёрдамга чоғланган фаоллар чорасизлик ҳақида гапирмоқда


Кобулдаги болалар, 17 сентябрь, 2021
Кобулдаги болалар, 17 сентябрь, 2021

Кобул Толибон қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаёти таҳликада қолган зиёлилар, журналист ва хотин-қизлар жуда оғир шароитларда жон сақламоқда.

Хусусан, мамлакат шимолидаги ўзбек ва бошқа этник гуруҳларга мансуб кишиларга ёрдам кампаниясига қўшилган ўзбекистонлик фаоллар уларнинг тақдиридан қаттиқ хавотирда.

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назир ва Британиядаги ўзбекистонлик журналист Шоҳида Ёқуб ўнлаб оила, 2-3 нафардан ёш гўдаклари билан, Мозориф Шариф ва бошқа йирик шаҳарларда ертўлаларда ўлим хавфидан яшириниб юрганини айтмоқда.

Фаолларга кўра, Толибон изидан тушган бу оилаларга ёрдам сўраб, расмий Тошкентга қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда. Ғарб ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар билан ёзишмалар эса 1 ойга қадар вақт талаб қилмоқда.

Рўйхатдагилар

Кобул Толибон назоратига ўтганидан сўнг, толиблардан келиши мумкин бўлган ўлим таҳдидан қочган минглаб зиёли, журналист, олим ва фаол хотин-қизларга ёрдам қўлини чўзган ўзбекистонлик фаоллар қўллов сўраб халқаро жамоатчиликка юзланмоқда.

Тошкентда туриб бир неча афғонистонлик оиланинг Ўзбекистон ва бошқа хориж давлатларига чиқишида ёрдам берган сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг айтишича, шу кунда юздан ортиқ оила Мозори Шарифда толиблардан яшриниб жон сақлаётганидан шахсан хабардор.

Назирга кўра, унга ёрдам сўраб мурожаат қилган афғонистонлик оилаларнинг аксарида икки ёки уч нафардан ёш бола бор.

“Асосан, Афғонистоннинг шимолида туриб ишлаган зиёлиларнинг оиласи. Деярли ҳаммасида камида 3 бўлмаса, 4 нафардан ёш боласи бор, гўдаклари бор. Ҳар икки кунда бир манзилини алмаштириб, толиблардан беркиниб юрган оилалар. Пули тугаяпти, иқтисодий аҳволи жуда оғир. Шуларга ёрдам бериш учун турли халқаро ташкилотларга мурожаат қилганмиз, лекин ҳужжат ишлари кўп вақт талаб қиляпти. Буни тезлаштириш керак”, дейди Назир.

Унинг айтишича, Кобулни қисқа фурсатда қўлга киритган Толибонга мамлакат зиёлиларида ишонч йўқ. Гарчи толиблар аввалги ҳукумат билан ёки хориж давлатлари билан ишлаганларга ҳеч бир зарар етмаслигини ваъда қилган бўлсада, айрим ҳудудларда бундай кишиларни қидириш бошлангани кузатилмоқда:

“Масалан, аввал телевидение журналисти бўлган бир ўзбекни уйидан олиб кетишгани ҳақида хабар келди. Ҳозир оиласи хавотирда. Яна бир навоийшунос олимнинг 11 яшар қизини толиблар олиб кетиб қолган, деган хабар бор. Афсуски, бундай одамларнинг кейинги тақдири номаълум қоляпти. Бундай оилаларни энг тез олиб чиқиш мумкин бўлган ҳудуд эса Ўзбекистон ёки Тожикистон. Ўзбекистон томони умуман, ёрдам бермаяпти. Ҳозир Ўзбекистонга келганларнинг ҳаммаси аввалдан визаси бўлганлар. Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консуллиги виза беришни тамоман тўхтатиб қўйган. Ҳозир Тожикистон томони билан ишлаяпмиз”.

Анвар Назирнинг айтишича, афғонистонлик зиёлиларни қутқариш акцияси - фақат ўзи ва унинг ўзи каби яна бир неча фаолнинг ташаббусидир.

ЭКСКЛЮЗИВ: Толибон билан гаплашаётган Мирзиёев Афғонистон ўзбеклари дардини ҳам эшитадими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:37 0:00

Хаотик эвакуация

Бу ташаббусга қўшилганлардан яна бири Лондонда яшаётган ўзбекистонлик журналист Шоҳида Ёқубдир. Унинг айтишича, ҳозир қўлида 40 дан ортиқ афғонистонлик журналистнинг рўйхати бор. Бу рўйхатни мамлакатда қолаётган ва Толибондан қочаётган журналистлар кўмагида тузган.

Рўйхатдагиларнинг асосий қисми Афғонистон шимолида ва қарийб ҳаммасининг оиласи ҳамда ёш болалари бор.

“Айрим оилалар ертўлаларда яшаяпти. Уларнинг уйларига толиблар аллақачон борган, қидириб юрибди. Каттаси 10 ёш, кичик 8 ойлик, жами 4 та боласи билан ертўлада яшириниб яшаётган ўзбек оила бор, масалан. Нима қилиб бўлса ҳам, уларни тезроқ мамлакатдан тинч ҳудудга олиб чиқиш керак. Афсуски, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа органлари бу масалада ҳеч қандай ёрдам бермаяпти”, дейди Шоҳида Ёқуб.

Унинг айтишича, шахсан ўзи дунёнинг турли давлатларидаги 4 нафар кўнгилли фаол билан ишламоқда, Анвар Назир ҳам шулардан бири.

“Менга биринчи бўлиб, Афғонистондаги журналистлар чиқишди. Мен улар орқали, ҳаёти таҳликада бўлган бошқа журналистлар билан боғландим. Аммо афсуски, ҳозир бу оилаларни чиқаришнинг қарийб имкони бўлмай қолди”, дейди Шоҳида Ёқуб.

Хавфсизлик масаласи

Шоҳида Ёқуб ва Анвар Назиринг айтишича, уларнинг рўйхатларидаги афғонистонлик оилаларнинг ҳаёти жуда жиддий таҳлика остида.

“Уларнинг ҳимояси ёки хавфсизлигини таъминлашнинг имкони йўқ. Биз ижтимоий тармоқлардаги мессенжерлар орқали алоқадамиз. Улар имкони бўлганда бизга боғланади, шундай қилиб, маълумот оламиз. Лекин, аҳвол жуда оғир, жуда, жуда оғир. Мозори Шариф ва Кобул шаҳри бирин-кетин Толибларга ўтиб кетганидан кейин, эвакуация жараёни жуда хаотик бўлиб кетди. Шунинг ҳамма қўлидан келганича ёрдам беришга урина бошлади. Кординация йўқ, тартиб йўқ. Чунки, ҳозир асосий мақсадимиз, уларни тирик сақлаб қолишдир. Улар ўлим билан юзма-юз, бир дона оилани олиб чиқсак ҳам, катта натижа бўлиб турибди”, дейди Шоҳида Ёқуб.

Анвар Назирга кўра, Кобулдан ташқаридаги ҳудудларда толиблар ҳануз ўзлари билан ўзлари овора, ҳануз мамлакатда бошқарув тизимини қўлига ололгани йўқ:

“Чунки, толибларнинг асосий қисми саводсиз, замонавий ижтимоий тармоқлар ва медиани тушунмайди. Давлат бошқарувини билмайди. Шу ҳам афғонистонлик зиёлиларнинг жон сақлашига сабаб бўляпти. Бу фурсатдан фойдаланиб, уларни тезроқ қутқариш керак”.

“Дўстлик” кўприги ёпиқ

Фаолларга кўра, улар авввал бошда Ўзбекистон томони Термиз-Ҳайратон йўли орқали қисқа муддатга йўлни очиб беришига умид қилишган.

Боиси дастлаб бу йўл орқали Ўзбекистонга визаси бўлган афғонистонликлар ўтказилаётгани айтилганди.

Виза билан Термизга кириб борган афғонистонлик журналистлардан бирининг айтишича, ҳозир чегарадан ҳеч ким ўтказилмаётир:

“Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консуллиги фақат бизнес виза бераётган экан. Бунинг учун 2 минг АҚШ доллари миқдорида пул кўрсатиш керак, деб айтишди. Яъни қочқин эмас, тадбиркор экани ва Ўзбекистонда бизнеси борлигига исбот тариқасида, деб айтишди. Буни ҳам чекланган сонда беряпти, деб эшитдик Мозори шарифдаги яқинларимиздан. Аммо, аниқ расмий ахборот ҳеч кимда йўқ. Аниғи шуки, чегара ёпиқ”.

Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консуллиги ёки Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасидан ҳозирча бирор расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо Озодликнинг Сурхондарё вилояти ҳокимлик органларига яқин манбаси, чегара тамомила ёпилгани ва икки тарафдан ҳам одамлар ўтказилмаётганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, бизнес юклари қатнови ҳам тез орада тўхтатилади.

“Ўзбекистондаги активистлар, Мозори Шарифга йиғилган зиёлиларни олиб чиқишга рухсат беришини сўраб, Ташқи ишлар вазирлигига чиқишган. Лекин, Афғонистон масалалари бўйича замминистр буни дарҳол тўхтатган. Ҳеч қанақа коридор очиб берилмайдиган бўлди. Яқинда юклар қатнови ҳам тўхтайди. Чегара тўлиқ ёпилади”, деб иддао қилди манба.

Ҳозирча бу манбанинг гапини тасдиқлайдиган бирор расмий ёки мустақил манбалардан олинган қўшимча маълумот Озодликда йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги июнь ойида - мамлакат шимолида Толибон ишғоли кучайган ва чегарадан Афғонистон армияси ҳарбийлари биринчи марта қочиб кирган пайтдаёқ чегарани ёпган. Аммо, расмий баёнотда чегарани ёпиш сабаби коронавирус инфекцияси ёйилиши олдини олиш сабаби билан изоҳланганди.

Ўшандан буён, икки давлат ўртасидаги чегара очилганига оид расмий баёнот берилгани йўқ. Мозори Шарифдаги ўзбекларнинг айтишича, бу шаҳарда Ўзбекистон консуллиги ёпиқ қолмоқда.​

Ўзбекистондаги афғонлар қўрқувда

Сўнгги 1 ярим - 2 ой ичида Ўзбекистонга ўтган афғонистонликларнинг аксари чуқур хавотир ичида қолаётганини айтмоқда.

Боиси, уларнинг ҳаммаси чегарадан Ўзбекистон визаси билан киритилган, аксарининг виза муддатлари якунига етган, баъзиларида тез орада тугайди.

Тошкентда юрган афғонистонликларнинг айтишича, ҳозирча ички ишлар бўлинмалари ходимлари уларга мамлакатда бемалол яшаб туриши мумкинлиги, улар Афғонистонга депортация қилинмаслигини айтмоқда.

“Аммо толибларни ваъдасига ишониб, қайтариб юбориши мумкин, деган ваҳима бор. 150 кишини қайтариб ҳам юборишганди. Бундан ташқари, бу ерда ҳозир яшаш, кун кўриш деган масала ҳам бор”, дейди афғонистонлик қочқин ўзбек оилалардан бири.

Нима қилмоқ керак?

Ҳар икки фаол ўлим билан юзма-юз турган афғонистонликларни қутқаришнинг энг тез ва осон йўли - Термиз-Ҳайратон йўлини қисқа муддатга очиш ва бу ердан ўтадиган афғонистонликлар учун энг камида бир ой мамлакат ҳудудида бўлиш имконини беришдир.

“Шунда улар биринчидан, хавфсиз ҳудудда бўлади. Иккинчидан, турли хориж давлатлари уларнинг ҳужжатларини текширишиб, жавоб бериши учун камида 1 ой вақт кетяпти. Шу вақт давомида улар Ўзбекистонда бўлиб турса, кейин учинчи давлатга чиқиб кетади. Менда ҳозир икки журналистни Германия қабул қиладиган бўлди, яна бир нечасига оид ҳужжатларни Европа давлатлари кўриб чиқяпти”, дейди Шоҳида Ёқуб.

Анвар Назир назарида, иккинчи қутқарув йўли - Исломобод ва Дубайга очилган ҳаво йўлидир:

“Кобул ва Мозори Шарифдаги аэропортлардан бу шаҳарлар ва Дохага ҳам учоқлар учяпти. Ҳеч бўлмаса, шу йўллар орқали коридор очиб, олиб чиқиш мумкин. Ва албатта, Тожикистон ҳудудига олиб ўтиш мумкин”.​

Афғонистонлик ўзбеклар

Маълумотларга кўра, Афғонистондаги ўзбеклар, тўртинчи йирик этник гуруҳдир. Уларнинг сони, турли манбаларда жами аҳолининг 6 фоизидан 10 фоизигача, деб келтирилган.

Сўнгги 40 йилдан буён уруш ҳаракатлари ичида қолган мамлакатда аҳоли сони расман ҳисобдан ўтказилмаган.

Турли манбаларда 32 миллиондан 37 миллионгача, жумладан АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳисоботида 37 миллион 466 минг, дейилади.

Ўзбекларнинг асосий қисми, Афғонистон шимолидаги Фарёб, Жузжон, Балх ва Қундуз вилоятларида яшайди.

Айни пайтда ўзбекистонлик фаоллар факат узбек эмас, балки Толибондан қочаётган барча зиёлиларга бирдек ёрдам беришга уринаётганини айтмоқда.

Афғонистонда очарчилик. Мирзиёев–Бародар келишуви бу хавфга тайёрми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:13 0:00
XS
SM
MD
LG