Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:57

Яқин Шарқ: ҲАМАСни ким молиялайди?


Исроил ва фаластинликлар. Иллюстратив сурат
Исроил ва фаластинликлар. Иллюстратив сурат

Экспертларга кўра, ҲАМАС жангари гуруҳи хайрия ташкилотлари ва дўст давлатлардан келган ёрдам, Ғазо туннеллари орқали нақд пул ўтказиш ва халқаро санкциялар туфайли криптовалюталар воситасида молиялаштириб келинган.

Бироқ, ҲАМАС, юзлаб исроилликларни ўлимига сабаб бўлган Исроилга сўнгги ҳужумидан кейин, маблағларни олишда янада кўпроқ тўсиқларга дуч келади. Исроил ҲАМАС ҳужумига жавобан 75 йиллик можаро тарихида Ғазони энг даҳшатли тарзда бомбардимон қилмоқда.

Шу ҳафта бошида Исроил полицияси Барcлайс банкнинг хайрия йиғиш учун фойдаланилган криптовалюта ҳисобини музлатиб қўйди. Расмийлар бу ҲАМАСнинг маблағ йиғиш фаолияти билан боғлиқлигини билдирди.

АҚШ Терроризмга қарши кураш бўлими расмийси Меттю Левитнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҲАМАС бюджетининг 300 миллион доллардан ортиқ қисми бизнес солиқлари, шунингдек, Эрон ва Қатар каби давлатлардан ҳамда хайрия ташкилотларидан келиб тушган.

Ўтган йил февраль ойида АҚШ давлат департаменти ҲАМАС Форс кўрфази давлатларидан, шунингдек фаластинликлар, бошқа муҳожирлар ва хайрия ташкилотларидан кўмак олишини билдирган эди.

ҲАМАС ўз донорларига қўйилган молиявий чекловлар Исроилга қонуний қаршиликни зарарсизлантиришга уриниш эканини айтган.

АҚШ ва Британия сингари давлатлар томонидан террорчилик ташкилоти сифатида санкцияланган ҲАМАС халқаро чекловларни кучайтирмаслик учун криптовалюталар, кредит карталари ёки сохта савдо битимларидан тобора кўпроқ фойдаланиб келган, дейди Левитт.

«ҲАМАС терроризмни молиялаштиришда муваффақиятли криптовалюта фойдаланувчилардан бири бўлди», дейди Том Робинсон, Эллиптиc блокчейн тадқиқот компанияси асосчиси.

Бироқ, бу йил ҲАМАС йўқотишлардан кейин криптодан воз кечишини айтди. Криптовалюта бухгалтерия ҳисоби тизими бундай операцияларни кузатиш имконини беради.

ТРМ Лабс блокчeйн тадқиқотчилари ҲАМАСнинг 2021 йил май ойидаги ҳужумларидан сўнг, крипто маблағлар тушуми кўпайганини аниқлади. Ўшанда ҲАМАС томонидан бошқариладиган крипто-манзилларга 400 минг доллардан кўпроқ маблағ келиб тушган.

Бироқ, ўтган ҳафта охиридаги зўравонликлардан буён, ҲАМАСга алоқадор гуруҳлар атиги бир неча минг доллар криптовалюта ўтказган.

«Хайрия тушумлари камайганининг сабабларидан бири Исроил ҳукуматининг бунга қарши чора кўришидир », дейди ТРМ Лабс.

ҲАМАС-Исроил уруши: 10-кун | Байден: Ғазо ишғоли хато бўлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:06 0:00

2021 йил декабрдан жорий йилнинг апрелига қадар Исроил ҲАМАСга алоқадор деярли 190 та крипто ҳисобини мусодара қилди.

ҲАМАС иттифоқчилари Ғазога пул ўтказишнинг турли йўлларидан фойдаланиб келмоқда. АҚШ Давлат департаменти Эрон ҳар йили Фаластиндаги жангари гуруҳлар, жумладан, ҲАМАСни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ёрдам бераётганини, пулларни ширкатлар, юк ташиш операциялари ва қимматбаҳо металлар кўринишида ўтказиш усулларидан фойдаланиб келаётганини билдирди.

Эрон расмийлари изоҳ бериш сўровига жавоб бермади.

Ҳамас Туркиядан тортиб Саудия Арабистонидаги компанияларга 500 миллион долларлаб сармоя киритган махфий компаниялар тармоғини яратди. АҚШ Ғазначилиги 2022 йил май ойида мазкур компанияларга санкциялар жорий қилди.

Исроил узоқ вақтдан бери Эронни ҲАМАСга қурол етказиб бериш орқали зўравонликларни келтириб чиқаришда айблаб келади. Исроилни тан олмаган Теҳрон бу гуруҳга маънавий ва молиявий ёрдам бераётганини айтади.

Фаластинни қўллаб-қувватлаш 1979 йилги инқилобдан бери Эрон ислом Республикаси учун приоритет ва мамлакатнинг ўзини мусулмон олами етакчиси сифатида кўрсатиш воситаси бўлиб келган.

Қатар ҳам 2014 йилдан бери Ғазога юзлаб миллион доллар берди. Ҳатто бир пайтлар Қатар Ғазо анклавининг ягона электр станциясини бошқариш, муҳтож оилалар ва давлат хизматчиларига ёрдам бериш учун ойига 30 миллион доллар сарфлаган.

«Қатар энг камбағал фаластинлик оилаларга 100 доллар бериб келган ва Ғазода электр таъминотини таъминлашда кўмак кўрсатган», дейди Қатар расмийси изоҳ сўровига жавобан. Бу фаластинлик оилалар учун «барқарорлик ва ҳаёт сифатини сақлаб қолишга ёрдам берганини» қўшимча қилди.

Қатарнинг Ғазога ажратган маблағлари аслида Исроил орқали ўтади, дейди жараёндан хабардор манба.

Маблағлар Қатардан Исроилга электрон кўринишда ўтказилади. Исроил ва БМТ расмийлари нақд пулни чегара орқали Ғазога ўтказишади.

Нақд пул тўғридан-тўғри Ғазодаги муҳтож оилалар ва давлат хизматчиларига тарқатилади ва ҳар бир оила ёки шахс пулни имзо қўйиб олиши керак. Рўйхатнинг бир нусхаси Исроилга, бири БМТга, бири Қатарга юборилади.

«Қатарнинг Ғазо секторига ёрдами Исроил, БМТ ва АҚШ билан тўлиқ мувофиқлаштирилган», дейди Қатар ҳукумати расмийси.

Сўнгги йилларда Қатар Ғазонинг ягона электр станцияси учун Исроилдан ёқилғи сотиб олган. Бундан ташқари, Миср ёқилғисини Ҳамасга қайта сотиб даромад қилиши учун берган.

Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти таҳлил марказидан Стивен Реймер, гуруҳнинг расмий молиявий каналларга киришини тўлиқ чеклаш бўйича уринишлар натижаси чекланган бўлишини башорат қилди. «Гуруҳни молиялаштириш тактикаси санкцияларни четлаб ўтиш учун ривожланди» дейди эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG