Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:38

Японияда коронавирус юқтириш ҳолатлари сирли равишда кескин камайди


Японияда кутилмаганда коронавирусга чалиниш ҳолатлари камайиб кетди.

Жорий йилнинг август ойида пойтахт Токиода кундалик вирус юқтиришлар сони 6000 дан юқори бўлган эди, бугунга келиб бу кўрсаткич 100 га етмаяпти.

Вирус озайишига нима сабаб бўлгани номаълум бўлса-да, мамлакат бўйлаб барлар, поездлар гавжум ва шаҳарликлар шод кайфиятда.

Европа ва Осиёнинг бошқа жойларидан фарқли ўлароқ, Японияда бирор марта тўлиқ карантин чекловлари жорий қилинмади.

Япония муваффақиятига кечиктирилган, аммо жуда тез суръатда амалга оширилган эмлаш кампанияси, кўплаб бар ва клублар ёпилгани, пандемиядан анча олдин бошланган ниқоб тақиш одати ҳамда август охирида об-ҳаво ноқулай бўлгани учун аҳоли уйда қолгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Аммо мутахассисларнинг сўзларига кўра, вакциналарнинг самарадорлиги аста-секин пасайиб, қиш яқинлашар экан, вирус юқтириш ҳолатлари нима сабабдан кескин камайиб кетганини билиш жуда муҳим, чунки мамлакат янга тўлқинга дучор бўлиши мумкин.

Кўпчилик эмлаш кампанияси туфайли инфекция ҳолатлари озайганига ишонади. Бугунга қадар Япония аҳолининг қарийб 70 фоизи тўлиқ эмланган.

Тохо университетининг вирусология бўйича профессори, доктор Казухиро Татеда ”Associated Press” агентлиги билан суҳбатда:

“Японияда 64 ёшдан кичиклар тез ва интенсив суръатда эмлангани жамоавий иммунитетга ўхшаш вақтинчалик ҳолатни келтириб чиқарган бўлиши мумкин”, деди.

Татеда эмлаш даражаси июлдан сентябргача сезилари даражада ошганини айтди.

Аммо профессор эмлаш жараёни Япониядан анча олдин бошланган АҚШ ва Буюк Британияда инфекция ўчоқлари қайта-қайта юзага келаётгани фақат эмлашнинг ўзи етари эмаслиги ҳамда вакциналарнинг самарадорлиги аста-секин озайиб боришини кўрсатишини қўшимча қилди.

Японияда аҳолини эмлаш жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида бошланганди. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва қариялар эмланди. Май ойигача импорт қилинган вакцина дозалари оз бўлгани учун кампания секин силжиди. Лекин июль-август ойларида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари арафасида кунига 1.5 миллион одам эмлана бошлади.

Июль ойида кундалик вирус юқтириш ҳолатлари кўтарилди. Август ойи бошида Токиода кунига 5 минг, мамлакат бўйлаб 20 минг вирус юқтириш ҳолати қайд этилди. Ўтган якшанба куни эса пойтахтда атиги 40 та, мамлакат бўйлаб 429 та вирус юқтириш ҳолати кузатилди.

Японияда пандемия бошланганидан бери касаллик юқтирганлар сони 1.71 миллиондан, вирус туфайли ўлганларнинг умумий сони эса 18 мингдан ошган.

Хўш, нима учун Японияда вирус тарқалиши секинлади?

“Бу жуда қийин савол. Эмлашнинг таъсирини эътиборга олишимиз керак, чунки у жуда катта”, деди Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази директори Норио Охмагари.

“Шу билан бирга, гавжум ва ҳавоси оз бўлган хавфли жойларда тўпланадиган одамлар аллақачон вирусни юқтиргани ва уларда табиий иммунитет шаклланган бўлиши мумкин”.

Айримлар юқтириш ҳолатлари озайгани тестлар сони озайгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо Токио шаҳри ҳукумати маълумотлари шуни кўрсатадики, ижобий тест натижалари сони август ойининг охирида 25% ни ташкил қилган бўлса, октябрь ойи ўрталарида 1% га тушиб қолган. Тест топширганлар сони эса атиги 33% га қисқарган.

Токио тиббиёт ассоциацияси бошлиғи ўринбосари Масатака Инокучи ижобий тест натижалари озайгани инфекция тарқалиши секинлашганини кўрсатишини айтди.

Японияда тўлақонли карантин чекловлари ўрнига енгил фавқулодда вазиятлар жорий қилинди. Хусусан, барлар ва овқатланиш жойларидан эшикларини эрта ёпиш ва спиртли ичимликларни сотмаслик сўралди. Кўпчилик гавжум поездларда йўл юришда давом этди, стадионларда спорт ва маданий тадбирлар ўтказилди.

Яқинда эса навбатдаги фавқулодда вазият бекор қилинди ва ҳукумат ижтимоий ва иқтисодий фаолликни босқичма-босқич кенгайтира бошлади. Бундан ташқари, эмлаш сертификатлари ва тест натижалари борларга спорт мусобақалари ва гуруҳ экскурсияларида қатнашишга рухсат берилди.

Яқинда ўз лавозимидан кетган собиқ Бош вазир Ёсихидэ Суга эмлаш жараёнини тезлаштириш учун қонуний равишда эмлаш ҳуқуқига эга бўлган тиббиёт ходимлари сонини оширди ҳамда кенг миқёсли эмлаш марказларини очди. Шунингдек, вазир июнь ойидан бошлаб иш жойларида эмлашни йўлга қўйишни тарғиб қилди.

Киото университети профессори Хироши Нишиура яқинда ўтказилган ҳукумат маслаҳат кенгаши йиғилишида вакциналар 650 мингга яқин одамни инфекциядан сақланишга ёрдам бергани ҳамда март – сентябрь ойлари ўртасида 7 200 дан ортиқ одамнинг ҳаётини сақлаб қолганини айтди.

Кўпчилик дастлаб барлар ёпилганда кўча ва паркларда ичкиликбозлик қилган ёшларни инфекция тарқатишда айблади. Аммо мавжуд маълумотлар шуни кўрсатадики, 40–50 ёшдаги одамларнинг кўпчилиги ҳам фаол тунги ҳаёт кечирган. Энг оғир инфекция ҳолатлари ва ўлимлар 50 ёшга тўлмаган ва эмланмаган шахслар орасида кузатилган.

Миллий юқумли касалликлар институти директори Такажи Вакита яқинда журналистларга берган интервьюсида одамлар қайтадан тунги клублар жойлашган туманларда ҳордиқ чиқара бошлаганини айтиб, хавотир изҳор қилди. Унинг сўзларига кўра, инфекция ҳолатлари минимал даражага етган бўлиши ва қайта кўтарила бошлаши мумкин.

“Олдинга назар ташлар эканмиз, инфекциялар сонини янада озайтириш муҳим, чунки келажакда инфекциялар яна кўпая бошлаши мумкин”, деди Вакита.

Жума куни янги бош вазир Фумио Кишида ноябрь ойи бошига қадар тайёргарлик режаси тузилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, режада кескин чекловларни жорий қилиш кўзда тутилади. Хусусан, вазият кескинлашса, шифохоналар COVID-19 юқтирганларни даволаш учун кўпроқ ўрин ва ходим ажратилиши керак бўлади.

Вазир бундан бошқа тафсилот бермади.

Кўпчилик вирус юқтираётганлар сони озаяётган бўлишига қарамасдан, эҳтиёткорлик билан иш тутмоқда.

Университет талабаси Мизуки Кавано ниқоб тақиш “одатий ҳолга айланганини” айтди.

“Ҳали ҳам вирусдан хавотирдаман”, деди у.

“Ниқоб тақмайдиганларга яқин боришни хоҳламайман”, деди унинг дўсти Элис Кавагучи.

Соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислар нима учун инфекциялар озайганини аниқлаш учун кенг қамровли текшириш ўтказишни режалаштирмоқда.

“Ўйлайманки, кўнгилочар туманларга ташриф буюраётганлар сони камайгани ҳамда эмлаш инфекциялар камайишига турки бўлган”, деди Токио Метрополитен тиббиёт фанлари институти Ижтимоий фанлар ва тиббиёт фанлари илмий маркази директори Атсуши Нишида.

Унинг сўзларига кўра, фавқулодда вазият тугатилиши биланоқ одамлар кўнгилочар жойларга бора бошлаган ва бу “келгуси ҳафталарда инфекция ҳолатига таъсир қилиши мумкин”.

XS
SM
MD
LG