Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Япониянинг Hayabusa2 станцияси иккинчи марта олис астероидга қўнди


Ҳаёт ҳамда Қуёш тизими келиб чиқиши ҳақида кўпроқ маълумот олиш мақсадида Ердан 300 миллион километр узоқликда жойлашган астероиддан намуна олиш учун учирилган япон сайёралараро станцияси иккинчи марта муваффақиятли қўнди.

Япония фазо агентлигининг (JAXA) маълум қилишича, Hayabusa2 (“Хаябуса-2”) станцияси бу сафар ҳам Рюгу астероидига ҳеч бир муаммосиз қўнган. Қўнганидан сўнг, станция астероид сатҳи остидан намуна олган.

Муваффақиятли ўтган амалиёт ортидан уюштирилган матбуот анжуманида лойиҳа менежери Юичи Цуда:

- Қуёш тизими тарихининг бир бўлагини қўлга киритдик. Бундан олдин бирор марта ҳам Ойдан олисда жойлашган осмон жисмининг сатҳи остидан материал олинмаган эди, - деди.

Жорий йилнинг апрелида Hayabusa2 Рюгу астероиди сатҳи остидан материал олиш учун унга қараб кучли импактор отган эди. Натижада минг йиллар давомида шамол ва радиацияга дучор бўлмаган “тоза” материалдан намуна олиш учун замин яратилди.

Hayabusa2 станцияси илк маротаба февраль ойида Рюгу астероидига қисқа вақтга қўнган эди. Ўшанда станция астероид сатҳига ўқ узиб, кўтарилган чангдан намуна олган ва тезда кутиб туриш позициясига қайтган эди.

Қиймати 270 миллион долларга баҳоланган Hayabusa2 миссияси 2014 йилнинг декабрида учирилган. Станция 2020 йилда тўплаган намуналари билан Ерга қайтиши кутилмоқда.

Hayabusa2 астероид сатҳини камералари ва сенсорлари билан кузатмоқда. Станция аввалроқ Рюгу сатҳига икки MINERVA-II, бир MASCOT роботини қўндирган эди. Ўтган йилнинг сентябрида астероидга қўндирилган MINERVA-II роботлари астероид сатҳида мустақил ҳаракатланиб, сурат олишга қодир тарихдаги илк роботлардир.

Йирик совутгич ҳажмидаги Hayabusa2 қуёш панеллари билан жиҳозланган бўлиб, Hayabusa миссияси давомидир. Hayabusa станцияси 2010 йилда кичикроқ астероид парчаларини олиб Ерга қайтган эди.

XS
SM
MD
LG