Янги Зеландия шарқидаги Крайстчерч шаҳрида иккита масжидга қилинган ҳужум оқибатида 49 киши ҳалок бўлди. Мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн ҳужумларни террор ҳужуми дея таърифлади.
Ардерн ҳужумни амалга оширганликда гумон қилиб полиция қўлга олган тўрт киши экстремистик қарашларга эга эканлигини, аммо улар полиция кузатув рўйхатларида бўлмаганини айтди.
- Буни фақат террор ҳужуми ўлароқ таърифлаш мумкин, бунга шубҳа йўқ, - деди бош вазир.
Полиция вакили Майк Буш ҳужумда 49 нафар одам ҳалок бўлганини айтар экан, 25 ёшлардаги шахс қотилликда айбланиб қўлга олинганини билдирди.
Афғонистоннинг Австралия, Янги Зеландия ҳамда Фижидаги вакили ҳужумда бир нафар афғонистонлик ҳалок бўлганини, яна учтаси жароҳат қолганини маълум қилди.
Ал-Нур масжидига қилинган ҳужумда омон қолган афғонистонлик Мирвайс Вазирий Озодлик билан суҳбатда:
- Масжиднинг иккита фавқулодда чиқиш эшиги бор эди. Уларнинг бирига етиб бордим. Ўқ отиш давом этаётганди. Бировлар ерда ётарди, айримлар эшик олдида эди. Бошқалар каби мен ҳам ерга ётдим. Бошим яқинидан ўқ учиб ўтди ва енгил жароҳат олдим. Аллоҳга шукур тирик қолдим, аммо бошқа кўп одам шаҳид кетди ва жароҳат олди, - деди.
Австралия бош вазири Скотт Моррисон қўлга олинган гумонланувчиларнинг бири Австралия фуқароси эканлигини тасдиқлади.
Ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олган шахс 28 ёшда эканлигини, ҳужумни амалга ошириш учун атайин Австралиядан Янги Зеландияга борганини иддао қилган.
Ҳужум пайтида Ал-Нур масжидида бўлган яна бир шахс Аҳмад Ал-Маҳмуд ҳужумчи оқ танли шахс эканлигини, ҳужум пайтида ўқўтмас жилет билан каскада бўлганини айтди.
- Катта қуроли бор эди. Кириб келиб, масжиддаги ҳаммани ўққа тутди, - деди Маҳмуд.
Полиция қўлга олинган автомобилларнинг бирида қўлбола бомбалар топилганини маълум қилди.
Полиция, шунингдек, Янги Зеландиядаги барча масжидларни вақтинча ёпиб қўйишни сўранган.
Бош вазир Ардерн ҳужумни мисли кўрилмаган зўравонлик акти дея атади.
- Бу мамлакатимиз тарихидаги энг қора кунлардан биридир, - дея баёнот берди у.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ғарб давлатларини зудлик билан Ислом ва мусулмонларга бўлган ва тобора кучайиб бораётган нафратга қарши чора кўришга чорлади.
Покистон бош вазири Имрон Хон Янги Зеландиядаги ҳужум учун авж олаётган исломофобияни айблади.
Янги Зеландияда бу каби ҳужумлар жуда оз кузатилади. 1990 йилда Арамоана шаҳрида руҳий хаста шахс 13 одамни отиб ўлдириши ортидан мамлакатда яримавтоматик қуроллар сотувига чекловлар қўйилган. Бунга қарамасдан, 16 ёшга тўлган шахслар хавфсизлик курсини тамомлаганидан кейин, стандарт ўқотар қурол олиши мумкин.