Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Янги ном ва эски мафкура: Буюк Келажак ўз ўрнини Янги Ўзбекистонга бўшатиб берди


“Янги Ўзбекистон” боғида Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги байрам тантаналари.
“Янги Ўзбекистон” боғида Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги байрам тантаналари.

"Янги Ўзбекистон". 2020 йилнинг бошида пайдо бўлган бу ибора Ўзбекистон президенти ва расмий матбуот лексиконининг асосий унсурига, бинобарин мамлакатнинг бош ғояси, мафкурасига айланди. Жорий йилнинг ёзида бу ғояни жамият шуурига сингдирадиган ташкилот ҳам тайинланди.

Сўнгги бир аср мобайнида ўзбек халқи ўз ҳаётида икки йирик шиор-ғоя остида яшади. Биринчиси коммунистларнинг коммунизм ғояси бўлса, иккинчиси “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” шиори эди. Бугунга келиб ҳар иккиси унут бўлди.

Шу кунларда эса, бутун мамлакат бўйлаб “Янги Ўзбекистон” ғояси “кенг қулоч ёймоқда”.

2020 йилнинг 6 январи. Бу сана “Янги Ўзбекистон” ибораси тарихини келажакда ўрганувчилар учун муҳимдир: айнан шу куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Янги Ўзбекистон” газетаси таъсис этилди. “Янги Ўзбекистон”га ҳукумат газетаси мақоми берилди.

Орадан 8 ой ўтиб, Президент Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишлаб, 2020 йилнинг 31 августида ўтказилган тантанали йиғилишда қилган нутқида “жаҳон «Янги Ўзбекистон» иборасини тилга олаётгани”ни айтиб, “Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини” иддао қилди.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг “янгилануви”га шиддат кирди:

Президентнинг шу йил 23 июндаги қарори билан “Янги Ўзбекистон” университети очилди;

Тошкент вилоят, Қибрай туманида 104 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи қурилди. Боғ 31 август – Мустқиллик куни очилди. Маросимда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

“Янги Ўзбекистон” деган ном янги ва янги объектларни забт этмоқда. Масалан, Сирдарё вилоят, Мирзаобод туманида “Янги Ўзбекистон” маҳалласи пайдо бўлди.

Ҳозирча “Янги Ўзбекистон” деган ном “заводлар, фабрикалар, пароходларга” берилгани тўғрисида маълумот йўқ.

Бироқ айни пайтда Ўзбекистоннинг таркибий қисмлари ҳам “янгиланмоқда”. Президент бу йил ёзда Андижонга қилган сафари чоғида “Янги Андижон” қурилажагини эълон қилди.

Янги Ўзбекистон-2: Аллақуловнинг янги партияси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:38:32 0:00

Куни кеча Қорақалпоғистонга қилган сафари чоғида эса, президент “Бизнинг олий ва эзгу мақсадимиз – биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистон таркибида Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир”, — деди

Президент “Янги Ўзбекистон”га ўта жиддий қарамоқда: шу 16 июлда имзолаган қарори билан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" ғоясини кенг тарғиб қилиш вазифасини юклади.

Ислом цивилизацияси маркази Халқаро алоқалар бўлими мудири Саидкомил Холхўжаев Озодлик саволларига жавоб бераркан, марказ олдига қўйилган вазифа ҳақида бундай деганди:

“Марказимизга аниқ бир ғоя берилган. Аниқ бир ғояни пропаганда қилиш, тарғиб қилиш вазифаси берилган. Бу Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон ғояси. Бу биз Учинчи Ренессанс даврига кириб бўлдик, ривожланиб бўлдик, дегани эмас, балки юксалишимиз учун қадам қўяйлик, ривожланиш пойдеворини яратайлик, бунинг учун биргаликда ҳаракат қилайлик, деган ғоядир. Бу Ўзбекистонни тарғиб қилиш ғояси эмас, балки юксалишга бўлган қизиқишни парваришлаш ғоясидир”.

Шундай қилиб, янги Ўзбекистон тарғиботчиси - “Янги Ўзбекистон” газетаси мамлакат мустақиллиги тарғибчиси, 1991 йилнинг 1 январидан чиқа бошлаган “Халқ сўзи” газетаси ўрнини эгаллагандай, “Халқ сўзи”нинг ўзи эса, коммунизм тарғибчиси “Совет Ўзбекистони” газетаси ўрнини эгаллагандай, “Янги Ўзбекистон” ғояси “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” ғояси ўрнини эгаллади.

"Янги Ўзбекистон"нинг ночор оиласи: Фарзандларим очлигидан нон деб йиғлайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:01 0:00

“Буюк давлат” қаёққа йўқолди? Бу ҳазиломуз саволга шоир Ҳамроқул Асқар бундай жавоб берди:

“У ёки бу нарса йўқолиши учун у мавжуд бўлган бўлиши керак. “Буюк келажак” шунчаки бир шиор эди ва биз энди уни “Янги Ўзбекистон”га айлантириб қўя қолдик. Бор гап шу”.

Педагог ва руҳшунос олим Маҳмуджон Йўлдошев билан масаланинг социопсихологик жиҳатларини гаплашдик. Бироқ у киши билан суҳбатни ҳам шоирга берган саволдан бошладик.

“Буюк келажак” йўқолиб қолмаган бўлса керак... Менимча, биз бошқа томонга кетиб қолганмиз. Чунки аниқ бир мўлжалнинг ўзи йўқ эди”, деди Маҳмуджон Йўлдошев.

Ўзбек халқи сўнгги 100 йилнинг ичида камида икки йирик шиор-ғоя остида яшади. Биринчиси коммунистларнинг коммунизм ғояси, иккинчиси Каримовнинг “буюк келажак” ғояси. Иккаласи ҳам унутилди. Бугун навбат “Янги Ўзбекистон” ғоясига келди. Нима учун керак бундай шиорлар?

Маҳмуджон Йўлдошев:

“У ёки бу ғоянинг мавжуд бўлиши жамият учун яхши, фойдали. Ягона ғоя миллатни бирлаштириши мумкин. Бироқ кўпинча сиёсатчилар, давлат раҳбарлари ўртага ташлаган ғоялар мавҳум бўлиб қолади, улар конкрет мақсадни англатмайди. Натижада жамиятда уларга ишончсизлик, нафақат ғояга, балки эртанги кунга ҳам ишончсизлик, ҳатто апатия пайдо бўлади. Халққа яқин келажак ҳақида, ҳеч йўқ ўрта авлод умри охиригача кўришга улгуриб қоладиган аниқ-тиниқ марралар ҳақида гапириш керак”.

“Янги Ўзбекистон” “лойиҳаси” неча йилга мўлжалланган, бошланиши шу кунлар дейилса, битиши қачон, унинг қурувчилари киму қурилиш материаллари нима? Бу саволларга жавоб йўқ.

Агар 13 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган халқаро конгресс мавзуи - “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори”дан келиб чиқилса, “Янги Ўзбекистон”нинг пойдевори аллақачон қуриб бўлинган. "Янги Ўзбекистон" идеологлари талқинида янги Ренессанс даври Янги Ўзбекистонда бўлади.

Лекин агар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахоновага ишонилса, “Янги Ўзбекистон” пойдевори ҳали қурилмаган. Депутатнинг “Халқ сўзи”да босилган мақоласи сарлавҳаси будир: “Янги Ўзбекистон ёшлари — келажагимиз ва истиқболимиз пойдевори”.

Президент Мирзиёевнинг сайловолди баннерларидан бирида битилган ёзувда ҳам “Янги Ўзбекистон” пойдеворини қуриш ҳақида сўз боради. Пойдевор қачон битади, девор қачон урилиб, том қачон ёпилади – булар барчаси ҳозирча мавҳум. Ҳали пардозлаш ишлари ҳам бор...

Шиор-ғоялардан жамият учун қандай наф, деган саволга шоир Ҳамроқул Асқар бундай жавоб берди:

“Қанчалик гўзал бўлмасин, шиорлардан жамият учун ҳеч қандай наф йўқ. Шиорбозликни аллақачон тўхтатиш керак эди, афсус яна давом этяпти. Шиорбозликка эҳтиёж пайдо бўлдими, демак, билингки, ёлғон бор. Ўша ёлғонни яшириш учун шиордан фойдаланишади”.

Шоирнинг фикрича, тўғри гап ҳар доим қисқа ва лўнда бўлади. Жамият учун узундоқ-узоқ нутқлар, нутқларда янграйдиган ваъдалар эмас, хотиржам, фаровон ва ҳалол турмуш кечириши учун шароит яратилса, кифоя, ҳаёт ўз-ўзидан янгиланиб бораверади.

Таҳлилчилар марҳум Ислом Каримовнинг "буюк келажаги" моҳиятан шўроларнинг коммунизм ғоясидан фарқ қилмаганини айтишади. Мирзиёев эса, биринчи муддат президентлигининг илк даврида Каримовдан фарқли "одамлар келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак"лигини таъкидлаган эди. Аммо унинг "Янги Ўзбекистон" ва "Учинчи ренессанс" ҳақидаги сўзлари, таҳлилчилар назарида тобора ўтмиш ва келажакка хитоб сифатида янграмоқда.

Ва, суҳбатдошлардан бири айтгани каби, тобора Шавкат Мирзиёевнинг коммунистик мафкура одами, мухолифлардан бирининг таъбирича эса, "сўнгги коммунист" эканини ёдга солмоқда.

Фарғоналик куёвлар: Мирзиёев қудалари қандай бойиди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:46 0:00

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Конституцияга “мафкурадан холи” бўлиш концепцияси ëзилган бўлса ҳам ягона мафкура яратишга турли уринишлар бўлди.

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг “Маънавият - енгилмас куч” китоби худди Туркманистондаги “Руҳнома” каби “ маънавиятни асраш ва юксалтириш, ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақлаш ва ҳимоя қилиш” иддаосини илгари сурган эди.

Аммо таҳлилчилар давлатнинг бу каби мафкура яратиш уринишлари мамлакат аҳолисининг реал муаммолари, орзу ва интилишларидан узоқ, тараққиётга асос бўладиган ижтимоий ҳамда иқтисодий тамойиллардан узилиб қолганига эътибор қаратишади.

XS
SM
MD
LG