Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Тўрақўрғонда Хотин-қизлар қўмитаси уйма-уй юриб рўмолни "ўзбекча" ўратаяпти (ФОТО)


Тўрақўрғон хотин-қизлар қўмитаси аъзоси аёлнинг рўмолини ортидан ўратмоқда (сурат қўмитанинг Telegram каналидан олинди)
Тўрақўрғон хотин-қизлар қўмитаси аъзоси аёлнинг рўмолини ортидан ўратмоқда (сурат қўмитанинг Telegram каналидан олинди)

Наманган вилоят, Тўрақўрғон туман Хотин-қизлар қўмитаси тарғибот гуруҳлари туманда уйма-уй юриб, рўмолли аёллар ва соқол қўйган эркакларни миллий удумларга мос равишда кийинишга тарғиб қилмоқда.

Қўмитанинг Telegram каналида берилган фото-хабарларда тарғибот натижасида рўмолини орқасидан ўраган ва соқолини олганлар акс этган.

Тўрақўрғон туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари бу амалиёт президент қарори асосида бажарилаётганини билдирди.

Тўрақўрғон хотин-қизлар қўмитаси Telegram каналида берилган фото-хабарларда ҳижоб ўраган бир неча аёлнинг рўмолини орқасидан ўрай бошлагани айтилган.

Бу суратга илова қилинган матнда: "Зулхумор тушунтиришлар натижасида ўзбек миллий урф-одатларига амал қилиб рўмолини миллий ҳолда ўраб олди", дейилади.

Яна бир суратда эса, қўмита тарғибот гуруҳи билан учрашувлардан сўнг соқолини олишга рози бўлган эркак акс этган.

"Зулхуморнинг турмуш ўртоғи билан ҳам иш жойида кўришдик. 1992 йилда туғилган Халилахонов Азимхон аввал удумларимизга мос бўлмаган ҳолда соқол қўйиб юрганлиги, тушунтиришлардан сўнг соқолини доим олдириб юришини билдирди", деб ҳисобот беради қўмита.

Тўрақўрғон Хотин-қизлар қўмитасига кўра, уйма-уй юриб аҳоли орасида "ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний ақидапарастликка берилмаслик, ноқонуний диний таълим олишдан сақланиш" бўйича суҳбатлар ўтказилмоқда.

Каналда эълон қилинган бу фото-хабарлар, орадан бир кун ўтиб, негадир олиб ташланди.

Озодлик бунга изоҳ сўраб, туман ҳокимининг Хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Шоҳиста Қамбаровага боғланишга уринди. Ҳокимликнинг ўзини таништиришни истамаган ходими Қамбарова бандлиги боис, у билан гаплашиш имкони йўқлигини билдирди.

Аммо, Тўрақўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Зоҳидахон Кенжаева айни фото-ҳисоботларни тасдиқлади, қўмита мулозимлари бошчилигидаги махсус гуруҳлар шу кунда уйма-уй юрганини маълум қилди.

Қўмитанинг Telegram каналида берилган баёнотда у​ "ҳақиқатан ҳам улар хонадонма-хонадон юришибди", деб тасдиқлади.

Унинг билдиришича, тумандаги бу тарғибот ишлари президент шу йил 4 сентябрда имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4436-қарор билан боғлиқ.

Айтишича, шу қарор асосида туманда ишчи гуруҳи тузилган.

"... мен оммавий ахборот воситаси ходими сифатида ишчи гуруҳнинг йиғилишлари ва юришларидан тўла хабардорман. Шоҳиста Қамбарова ва бошқалар хонадонларга кирганларида аҳолини дунё сиёсат майдонида глобал муаммо бўлиб турган диний экстремизм ва терроризм хавфидан огоҳ этиб, ёшларни интернет билан ишлашда зийракроқ бўлиши, ота-оналар фарзандини назоратга олиши ҳақида суҳбатлашишди", деб маълум қилди Зоҳидахон Кенжаева.

Шунингдек, Кенжаева ҳоким ўринбосари Шоҳиста Қамбарова аёлларнинг рўмолини ечмади, деб таъкидлади:

"Ш. Қамбарова юз-кўзини рўмол билан беркитиб олган аёлларга ўзбекона рўмол ўрашни (бутунлай ўрамаслик эмас) таклиф қилди ва кўпинча ўзи буни амалий ўргатиб қўйди. Бунинг нимаси ёмон? Тасаввур қилайлик, рўмол билан юзини ёпиб юриш одатга айланса, ҳамма аёллар шу кўринишда юрса, бизнинг мустақил, ривожланган, маданияти юксалган Ўзбекистон хотин-қизлари эканимиз қаерда қолади? Ёки ҳали “суяги қотмаган”, оқни қорадан дурустроқ ажрата билмаган йигитчалар қоп-қора бир тутам қилиб соқол қўйса, ортидан бутун ёшларни эргаштирса нима бўлади?" деб маълум қилди Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Зоҳида Кенжаева.

У тилга олган 4436-қарор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита ишини қайта ташкил қилиш муносабати билан имзоланган.

“Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда жумладан шундай дейилади:

"Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, улар орасида маърифий-тарбиявий ишлар самарадорлигини кучайтириш мақсадида республика, вилоят, туман (шаҳар), маҳалла даражасида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг тарғибот гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш орқали ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш амалиёти жорий этилади".

Озодликка маълум бўлишича, президент қарорининг айни бандига асосланган маҳаллий ҳокимлик органлари ишчи гуруҳлар тузган.

4 сентябрдан бошлаб, тузилган ишчи гуруҳлар таркибига - Хотин-қизлар қўмитаси, ИИВ, Маҳалла қўмиталари, таълим муассасалари каби ташкилотлар вакиллари бириктирилган.

Хусусан, Қўқон шаҳридаги мактабларда ўқиётган рўмолли қизлар рўйхати тузилгани ва махсус ишчи гуруҳлар улар билан тушунтириш ишларини олиб бораётгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса, 29 сентябрь куни аудиоёзуви тармоққа тушган мажлисида, айни ишчи гуруҳлар зиммасига вилоятда "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўриш вазифасини юклаган.

XS
SM
MD
LG