Ўзбекистондаги шов-шувли педофилия иши юзасидан 2023 йилнинг 3 ноябрь куни қамоққа олинган Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ раҳбари Айбек Машарипов ҳамда Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ФВВ собиқ бошлиғи Анвар Курязовлар жазо муддатини манзил колонияда ўтаётгани маълум бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов хабар қилди.
Ташановнинг 16 февраль кунги суд ҳукмига таяниб маълум қилишича, Хоразмдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий зўравонликда айбланиб, ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми билан судланган собиқ мулозимлар суд залидан қамоққа олинганидан кўп ўтмай манзил колонияга ўтказилган.
Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан 3 йил муддат қамоқ жазоси берилгани ҳақида 3 ноябрь куни Ахборотлаштириш ва коммуникациялар агентлигида журналистлар учун ўтказилган брифингда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов маълум қилганди.
Ўшанда жамоатчиликка судланувчиларнинг 3 йиллик қамоқ муддатини ёпиқ турдаги муассасаларда ўташи ҳақида айтилган.
Бироқ 16 февраль куни мазкур иш бўйича тушунтириш берган Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматига кўра, ушбу турдаги жиноятлар билан судланган шахслар Жиноят Кодексининг 50-моддасига кўра, манзил колонияда жазо муддатини ўтайди.
Расмий изоҳга кўра, педофиллар "ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки қасддан унча оғир бўлмаган жиноят"ни содир этганликда айбланган.
Бироқ адвокат ва жамоат фаоллари етим қизларнинг жинсий зўравонлик қурбони бўлганини таъкидлаб келишади. Маҳкама жараёнларида жабрланувчиларнинг адвокати бўлган М. Эшонқуловга кўра, судланувчиларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси (Номусга тегиш) аломатлари мавжудлиги ҳақида суд ажрими ҳам мавжуд.
Тергов органи негадир бу модда билан жиноят иши қўзғатишни рад этган.
3 ноябрь кунги суд мажлисида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова суд қарорини олқишлаган.
Жисмоний ва жинсий зўравонлик қурбонлари
Nemolchi.uz лойиҳасига кўра, Урганч шаҳридаги Меҳрибонлик уйи мудираси уч қизни танлаб олиб, 10 ой давомида (2021 йил майдан 2022 йил февралга қадар) «моддий манфаат учун уларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган».
"Масалан, 2021 йилнинг майида мудира ҳали 16 ёшга тўлмаган Р. ни танишларидан бири билан ётишга мажбурлаган. Қиз буни истамасдан, қаршилик кўрсатган, шунда мудира ошхонадан ўқловни олиб келиб, қизнинг вояга етмаган укасини бошқалар кўз ўнгида калтаклай бошлаган. Қизнинг иродасини синдирган аёл кейинчалик уни ўзи буюрган барча эркаклар билан ётишга мажбурлаган", деб ёзганди Nemolchi.uz.
"Бу каби воқеалар қайта-қайта такрорланган… 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармасининг хизмат квартирасидан идора бошлиғининг вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқалари платформаси сифатида фойдаланилган", дея таъкидланади материалда.
Хоразм вилоят Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ҳам Меҳрибонлик уйи мудирасининг муаммоларини ҳал этишга ваъда берган. Айтилишича, май бошида у ҳомийлик ёрдами сифатида диван, шкаф, ошхона столи совға қилган, болаларга турли ширинликлар тарқатган.
"2021 йил июнда эса ёрдами эвазига жинсий алоқа учун қиз талаб қилган ва юқоридаги 17 ёшли Р. билан Меҳрибонлик уйи ётоқхонасида ётган. Июнь охирида у болалар уйи мудирасига 200 минг сўм бериб, яна қиз билан ётган. Шундан кейин Меҳрибонлик уйига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар олиб келиб, 15 ёшли А.ни жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қизлар бир неча бор ушбу эркак билан жинсий алоқага мажбурланган, учрашувлар Меҳрибонлик уйларининг ўзида ва бошқа жойларда ташкиллаштирилган", дейилади Nemolchi.uz хабарида.
Манзил колония қандай муассаса?
Ўзбекистон жиноий ижроия қонунчилигига кўра, жазони ижро этиш муассасалари уч турга бўлинади: манзил колония, умумий тартибли колония ва қаттиқ тартибли колония.
Манзил колонияларда маҳкумлар:
- соқчисиз, аммо назорат остида сақланади;
- эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланади;
- агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;
- фуқаролар киядиган кийимда юради;
- пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин;
- ишдан бўш вақтда чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин;
- ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширади.
Бундан ташқари, маҳкумлар чекланмаган миқдорда қисқа муддатли учрашувлар, йил мобайнида 24 марта узоқ муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга. Учрашувлар, қоида тариқасида, ишдан бўш вақтда берилади. Манзил-колония ҳудудида узоқ муддатли учрашув ўтказиш имконияти бўлмаса, учрашув маҳкумнинг аризасига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида, ушбу колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида ўтказилиши мумкин.
Маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайди. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки манзил-колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши мумкин.
Бундай шахслар ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтиш учун ҳозир бўлишлари шарт. Манзил-колония маъмуриятининг вакили маҳкумлар яшаётган жойга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин.
Уларнинг ёзишмалари цензурадан ўтказилмайди. Улар 15 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга.
Форум