Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:30

Xоразмлик фермерлар: Прокурор шоли экмаслик ҳақида мажбурий тилхат ёздириб олмоқда!


Шоли майдони
Шоли майдони

Хоразм вилояти Шовот тумани фермерлари, ҳоким буйруғи билан туман прокурорининг ўзларидан шоли экмаслик ҳақида мажбурий тилхат ёздириб олаëтганидан шикоят қилди.

Озодликка боғланган фермерлар ерлари олиб қўйилишидан қўрқиб¸ шахслари сир турилишини сўради.

Улар иддаосича¸ прокуратурага тилхат ёзгани бормаётган фермерларни профилактика инспекторлари мажбуран олиб кетмоқда.

Туман ҳокимининг шоли экмаслик талаби¸ фермерларга кўра¸ пахтага сув етмаслиги билан изоҳланмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълумотига кўра, шовотлик фермерлар сабзавот, полиз, картошка, кунжут, мош ва озуқа экинлари экилиши назарда тутилган ер майдонларига ўзбошимчалик билан шоли экмоқчи бўлган.

“Шовот тумани ҳокими фермерларга шоли эктирмаяпти. Шоли эксанг¸ ерингни оламан деб кўрқитаяпти. Ҳудуд раҳбарлари прокуратурадан "шоли экмайман" деган ҳужжат олиб келиб, фермерларга печать бостираяпти. Агар фермер рози бўлмаса, профилактика инспекторлари уни прокуратурага олиб бориб, “рози” қилиб келаяпти. Сув йўқ деса, ҳамма жойни сув босиб ётибди”, дейилади Озодликка саккиз нафар фермер имзоси билан юборилган мактубда.

Озодлик 17 май куни суҳбатлашган фермерлардан бири¸ ҳокимнинг бу топшириғини ижро қилиш жараëнида ниҳоятда кучли маъмурий босим бўлаëтганини айтди.

“Уч кундан буён участкавойимиз мени прокуратура олиб бормоқчи бўлаяпти, мен бормаяпман. Келсин дейди, "шоли экмайман" деб тилхат ёзиб берсин, дейди. Қарийб 100 гектар пахтам бор. Пахта бўлмайдиган, 3-4 гектар шўр, зах ерларга ҳар йили шоли экар эдик. Бундай ерларга сув кўп талаб қилинмайди, бир ёки икки марта суғориб олсак бўлди, ернинг нами билан шоли бўларди. Бу шолидан давлатга ҳам топширардик, пахтага ишлайдиган одамларимизга ҳам берардик. Ҳозир ҳар бир гектар ерни ягана ва чопиқ қилиш 500 минг сўм бўлаяпти. Бунинг устига¸ ерим аҳоли пунктида 25 километр узоқда, ҳар куни ишчиларни олиб бориб, олиб келиш керак. Харажатларимизга яраб турарди. Энди эса шу ҳам йўқ, фермерликни топшираман энди, бўлмайди”.

Бўйрачи ҳудудидаги фермерлардан бири бундай босимнинг фақат Шовотда бўлаëтганини таъкидлади.

“Буни қаранг, Янгибозор туманида бундай гап йўқ, Гурланда йўқ, Шовотда эса бор. Чунки Шовот ҳокими ўзига хон. Прокурор ҳам айтганини хўп деб, бажаради. Сув бўлмаган йиллари ҳам шоли экиб, ҳеч бўлмаганда 10 центнердан топширганмиз. На уруғлик беради, на солярка, шундай бўлса ҳам ҳар йили шолимиздан ҳокимлик олади. Шолидан бизга деярли фойда қолмайди, ундан олинган фойдани пахтага сарфлаймиз”.

Фермернинг айтишича, чўл ҳудудга экиладиган шоли жойида пахта бўлмайди:

“Ботқоққа ўхшаган жой, намлиги кучли, бир марта сув ичса бўлди, у ёғи ўзи бўлади. Ҳозир сув шунчалик кўпки, ҳамма жойни сув босиб ётибди. Ҳоким билан прокурор эса, халққа зулм қилаяпти. Унинг ўрнига, шолингни эк, пахтани қилиб бер деса, бўладику. Пахтага ишлайдиган ишчилар ҳам, шолига озгина ер берсанг, ишлайман, дейди. Ҳозир 500-600 минг сўмга ҳеч ким эртадан кечгача иссиқда пахта чопмайди. Бир агат пахтани 17 минг сўмдан чопаяпти, бир гектари бир миллион сўмга бораяпти”.

Озодлик суҳбатлашган бошқа уч нафар фермер ҳам, ишдан қўли совигани, фермерликни топшириш ҳақида ўйлаётганини айтди.

Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахоновнинг мобиль телефони жавоб бермагани учун у билан боғланиш имкони бўлмади.

Шовот тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими қўнғироқ тушган жой прокуратура эканлигини тасдиқлади, аммо Озодликдан қўнғироқ қилинаётганини эшитганидан сўнг, “адашдингиз, бу бошқа жой” деб, алоқани узди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан юборилган Озодлик сўровига шундай жавоб берди:

"Шовот туманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.03.2019 йилдаги “2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 259-сонли қарори ҳамда унинг ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг 04.04.2019 йилдаги 172к-сонли қарори талабларига риоя қилинмаётганлиги аниқланган.

Хусусан, туманда суғориладиган экин майдонларининг жами
3975 гектари, шундан юқоридаги қарорлар билан жойлаштирилган режадаги 485 га сабзавот, 213 га полиз экинлари, 198 га картошка, 332 га кунжут, 802 га мош ва 2873 га озуқа экинлари экилмаган.
Ушбу 3975 гектар сабзавот, полиз, картошка, кунжут, мош ва озуқа экинлари экилиши назарда тутилган ер майдонларига фермер хўжаликлари томонидан юқоридаги қарорлар билан тасдиқланган экин турларини экмасдан, ўзбошимчалик билан шоли экиш мақсадида тайёрланиб келинаётганлиги ҳақида маълумотлар келиб тушган.

​Шунга кўра, юқорида келтирилган қарорлар ижросини таъминлаш ва ушбу қарор талабларини бузилишини олдини олиш мақсадида Шовот туман прокуратураси томонидан фермер хўжаликлари раҳбарлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, улар қонун ҳужжатлари бузилишини олдини олиш юзасидан расман огоҳлантирилган".

XS
SM
MD
LG