Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:48

Қайнона: қизимни ўласи қилиб калтаклаб, бошини мажақлаган эр жавобгарликка тортилмаяпти


Бу суратнинг воқеага алоқаси йўқ
Бу суратнинг воқеага алоқаси йўқ

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманининг Ғазавот қишлоғида яшовчи Қурбоной Собированинг иддао қилишича, унинг куёви Қадамбой Машарипов 15 июль куни қизи Соҳиба Мадаминовани ўласи қилиб калтаклаб, бош суягини синдириб ташлаган.

Қайнонанинг иддао қилишича, куёв хотинини калтаклаганини бир сутка давомида яширишга ҳаракат қилган, лекин унинг аҳволи оғирлашгандан сўнг, касалхонага олиб боришга мажбур бўлган.

Қурбоной Собирова милиция ходимлари бу иш юзасидан тергов-суриштирув иши олиб бормаётганини айтмоқда.

Соҳиба Мадаминованинг қайнонаси эса, келини ўзини машинадан ташлаб юборганини иддао қиляпти.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бу ҳолат назоратга олинганини билдирди.

Бош суяк бир неча жойидан синган

Қўшкўпир туманининг Ғазавот қишлоғида яшайдиган 31 яшар Соҳиба Мадаминова бош суягининг бир неча жойидан синиши ва танасидаги бошқа бир қанча гематомалар билан 17 июль куни Урганч шаҳрининг шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига ётқизилган.

Соҳиба Мадаминовани операция қилган врач Ҳамид Бекжоновнинг Озодликка айтишича, у оғир аҳволда касалхонага олиб келинган:

- Боши шикаст олган, черепно-мозговая травма(бош суяги ва мия жароҳати – таҳр.)ташхиси қўйилди. Операция қилдик. Ҳозир энди яхши томонга ўзгариш бўляпти. Ўша куни биз вазифамиз бўйича Қўшкўпир тумани ички ишлар бўлимидан Юсуповга хабар бердик. Милиция келди ва ёзиб кетди, - деди Ҳамид Бекжонов.

Қўшкўпир туманининг Ғазавот қишлоғида яшайдиган 62 яшар Қурбоной Собированинг Озодликка айтишича, унинг куёви Қадамбой Машарипов қизини доим дўппослаб келгани учун, у бир боласи билан ота ҳовлига қайтиб келган эди:

- Мен бу оилага икки қизимни келин қилиб берганман. Катта қизим тинч, лекин кичкина қизимни эри кўп ургани учун, у чидолмай уйга келиб қўйган. Беш йил бўлди. Ўртада бир бориб, 10 кунча яшади. Лекин, эри яна калтаклагани учун қайтиб келган эди. 15 июль куни кечаси куёвим Қадамбой менга телефон қилди, мен келдим қизингиз чиқсин, беш минут гапим бор, деди. Мен унга қизим ухлаб ётибди десам, қизим эшитиб, майли чиқай, бўлмаса ё эшикни синдиради ёки ойнани, деди. Кейин қизим эрининг олдига чиқди ва шу билан уни мошинасига миндириб олиб кетди, - дейди она.

Қурбоной Собированинг айтишича, қизи ҳеч қайтавермагач, икки соатдан сўнг, катта қизига қўнғироқ қилган:

- Катта қизим, ҳа, Соҳиба шу ерда, хавотир олманг, деди. Эртасига катта қизимга неча бор телефон қилсам, ҳеч кўтармади. 17 июль куни хавотир олиб, ўзим бордим. Борсам, уйларида ҳеч ким йўқ, катта қизимдан сўрасам, бир нарсани яширгандай, билмайман, дейди. Мен посбон ва участковой билан бирга боргандим. Посбон, куёвнинг онасига телефон қилиб, Соҳиба қаерда, деб сўради. У эса, эри билан Тошкентга кетган, деди. Посбон эса, алдаманг, биз милиса билан келганмиз, тўғрисини айтинг, десам, кейин бир Урганчда, шошилинч тиббий ёрдам касалхонасидамиз, деди, - дейди Қурбоной Собирова.

"Эрим бошимга тепди"

Унинг айтишича, қизи касалхонада уни эри калтаклаганини айтган:

- Қизим бир ўзига келиб, бир ўзидан кетиб ётибди. Мени ҳам баъзан таниб, баъзан танимай қоляпти. Бир ҳушига келганида, қизим нима бўлди, деб сўрасам, эрим қаттиқ урди, бошимга тепди, деди. Ўша куни, у қизимни олиб бориб роса калтаклаган, кейин бошидан қон оқаётганини кўрганидан сўнг, қўрқиб кетиб, бир сутка уйида сақлаган. Бир ҳамширани олиб келиб, ўзича қаратган. Лекин авҳоли оғирлашгандан сўнг, касалхонага олиб боришга мажбур бўлган. Энди эса хотиним мошинадан ўзини ташлаб юборди, деб ёлғон гапириб юрибди. Қизимнинг баданида калтаклангани аломатлари бўлгани гематомалар тиқилиб ётибди, - деди Қурбоной Собирова.

Унга кўра, қизининг касалхонага тушганига қарийб ўн кун бўлаётган бўлса-да, милиция ёки прокуратурадан бошқа ҳеч ким сўраб келгани йўқ.

"Келинни ўғлим урмаган"

Хотинини калтаклагани иддао қилинаётган Қадамбой Машариповга Озодлик қўнғироқ қилганида, гўшакни унинг онаси Санамжон Худайганова кўтарди.

Унинг иддао қилишича, келини юриб кетаётган автомобилдан ўзини ташлаб юборган:

- Келинни ўғлим урмаган, у ўзини машинадан ташлаб юборган. Духтурлар текширган, ҳаммаси чиқади у. Урган билан машинадан йиқилганни ажратиб олиш мумкин-ку. Булар бир-бирини яхши кўради, онаси айириб олмоқчи бўлди-да. Яқинда ўзлари ажрашишга, алиментга ариза берган эди, қизи ўзи қайтариб олди аризасини. Яхши кўради, боламни, - деди қайнона.

Озодликнинг, “бўлмаса нега ўша куннинг ўзида касалхонага олиб бормадиларинг”, деган саволига Санамжон Худайганова:

- Уни энди, Қадамбой қўрқиб қолди- да, Қадамбой қўрқиб қолган, - деди Соҳиба Мадаминованинг қайнонаси.

Тумандан вилоятга, вилоятдан туманга...

Озодлик Қўшкўпир тумани ички ишлар бўлимининг навбатчиси билан боғланиб, бу ҳолат юзасидан жиноят иши очилган ёки очилмагани ҳақида сўради.

Навбатчи бу воқеа юзасидан фақат Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасидан маълумот олиш мумкинлигини айтди.

Хорзам ички ишлар бошқармаси мулозими эса, Қўшкўпир тумани ички ишлар бўлимига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизмати бу ҳолат назоратга олинганини билдирди.

Оиладаги зўравонлик

Жаҳон банкининг "Аёллар, бизнес ва қонунлар - 2016" деб номланган ҳисоботида Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид остига олган эди.

Ташкилотга кўра, ҳозирда дунёдаги 46 мамлакатда зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ.

Улар орасида МДҲ ҳудудидаги уч мамлакат – Россия, Арманистон ва Ўзбекистон ҳам бор.

Бу каби мамлакатларда оилавий зўравонлик ва ишлаш имконларининг чеклангани аёлларни анча мушкул аҳволда қолдирган.

Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёлларнинг шикоятлари кўпгина ҳолларда маҳалладан нарига ўтмайди.

Аксар ўзбек аëллари¸ хусусан¸ ëш келинлар ўз эрлари¸ қолаверса эрнинг яқинлари томонидан қилинаëтган жисмоний¸ руҳий ва жинсий тазйиқ ва таҳқирларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари¸ ëхуд ҳуқуқ фаоллари эътиборига олиб чиқишни ҳамон номақбул ҳаракат деб билади.

XS
SM
MD
LG