Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Меҳрибонлик уйидаги жинсий зўравонлик: Cобиқ амалдорлар иши қайта малакаланмади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

15 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Хоразм вилоятида Меҳрибонлик уйининг вояга етмаган қизлари билан жинсий алоқада бўлиб келган Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг эндиликда собиқ амалдорлари устидан суд тергови якунланган.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган суд тафсилотларидан хабардор манбанинг Озодликка билдиришича, маҳкама терговида жабрланувчилар ўзларининг жинсий зўравонлик қурбони бўлишгани, алданган ва зўрланганликлари ҳақида гапирганлар. Адвокатлар собиқ амалдорлар қилмишида жинсий тажовуз аломатлари борлигини айтишган.

Хоразм вилояти Адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи А. Машарипов, ФВВ вазирлиги Хоразм вилояти Янгиариқ тумани бўлими собиқ бошлиғи А. Курязовлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан айбланмоқда.

Маҳкамага тортилганлар орасида Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий Меҳрибонлик уйи собиқ директори Ю. Худойберганова ҳам бор, у ЖКнинг 131-моддаси (Фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик) бўйича айбланмоқда.

Тошкент шаҳар судининг исми сир қолишини сўраган ходимига кўра, тарафларга ёпиқ маҳкама тафсилотларни очиқламаслик мажбурияти юкланган.

Жамоатчиликни жунбушга келтирган иш

Шу йилнинг мартида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи томонидан зўрлаб келингани билан боғлиқ ҳодиса жамоатчиликни жунбушга келтирганди.

Ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлардан сўнг Хоразм вилояти прокуратураси амалдорларга нисбатан Хива судининг 1,5 йиллик озодликдан чеклаш ҳукмига протест келтирган.

Тармоқ фаоллари Олий суд ва Бош прокуратуранинг бу ҳақдаги баёнотларидан сўнг амалдорларнинг муносиб жазо олишига умид уйғонгани ҳақида ёзишган.

Аммо Озодликка маълум бўлишича, собиқ мулозимларга қўйилган айблов ва жиноий қилмишни қайта малакалаш ҳақида сўз бормаяпти.

Озодлик тасарруфидаги Хоразм вилояти прокуратурасининг 2023 йилнинг 29 мартидаги протестида ҳам судланувчиларнинг қилмишини бошқа моддага малакалаш, уларга оғирроқ жазо бериш ҳақида бандлар мавжуд эмас.

Адвокатларнинг судланувчиларга нисбатан жиноий таъқибни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси (Номусга тегиш)га ўзгартириш ҳақидаги илтимосномалари қаноатлантирилмаган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, суд айбланувчиларнинг қилмишларини ЖКнинг оғирроқ моддалари билан қайта малакаламаса, жазо муддатлари деярли ўзгармайди. Чунки ЖКнинг 128-моддаси санкциясида бирмунча енгил жазо белгиланган.

Жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Болалар Омбудсмани назоратига олингани айтилмоқда.

Сенат маиший ва жинсий зўравонликка жазони кучайтиришни маъқуллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:04 0:00

Хоразмдаги ҳодиса қандай фош бўлди?

Шу йил январь-февраль ойларидаги муҳокамаларда расмийлар олдига Nemolchi.uz лойиҳаси муаллифи Ирина Матвиенко Хоразмдаги жинсий зўравонлик кейсини олиб чиқади.

Матвиенконинг олдинроқ Озодликка билдиришича, Олий Мажлис Сенатининг мажлислар залига тўпланган Омбудсман, Олий суд, бош прокуратура сингари идоралар мулозимлари ўзларининг ҳайратда экани, иш бўйича тез кунда чора кўрилишини айтишган.

Аммо орадан икки ой ўтса ҳамки, бирор расмий муносабат билдирилмагач, лойиҳа бу ҳақда жамоатчиликка хабар беради.

Nemolchi.uz хабарида ҳодиса тафсилотлари баён қилинган:

"Эркак қиз билан қабиҳ ишлари учун Адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган хонадондан фойдаланган. Орадан бир ой ўтиб, 2021 йил июнь ойида у яна мудирадан қиз талаб қилиб, 15 ёшли Азиза билан ҳам шу хонадонда ётиб чиқади. Кейинчалик ўша квартирага яна бир қурбон олиб келинади, у ҳам жинсий алоқа қилишга мажбур қилинади – бу 16 ёшли мактаб ўқувчиси Диля эди. Воқеалар қайта-қайта такрорланади… Дарҳақиқат, ўн ой давомида вилоят адлия бошқармасининг хизмат хонадонидан вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва вояга етмаган қизлар ўртасида жинсий алоқа майдони сифатида фойдаланилган".

Nemolchi.uz га кўра, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш ёлғон, ишончни суиистеъмол қилиш, моддий манфаатдорлик ёки бошқа манфаатни кўзлаб содир этилган бўлса, 8 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилиши керак эди.

NeMolchi.uz хабари жамоатчиликни жунбушга келтирди - тармоқларда 3 нафар етим қизни зўрлаган мулозимга енгил жазо берган судлов ҳамда бунга кўз юмган ижро тизими қораланган постлар пайдо бўлди.

Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов “педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келгани" ҳақида ёзди.

Аёлларни ҳимоя қила олмаётган қонун

Хоразмдаги воқеа Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ва президент администрациясининг масъул мулозими бўлган Саида Мирзиёеванинг мамлакатда гендер тенглигига оид ташаббуслари фонида содир бўлди.

6 апрель куни ўзбекистон Сенати томонидан маъқулланган ва 11 апрелдан кучга кирган қонунга мувофиқ, оиладаги зўравонларга маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланди.

Жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмайди, аксинча бундай жиноятлар учун жазо янада оғирлаштирилади. Бундан ташқари, жинсий зўравонларнинг рўйхати тузилади.

Шунингдек,

  • айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди;
  • вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланади.

Фаолларга кўра, хоразмлик собиқ амалдорлар иши бўйича Тошкентда ўтаётган маҳкама қарори янги қонуннинг амалда қанчалик ишлаш-ишламаслигини кўрсатади.

Форум

XS
SM
MD
LG