Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Хитой барча криптовалюта операцияларини тақиқлади


Жума куни Хитой марказий банки Bitcoin ва бошқа виртуал валюталар билан боғлиқ барча операцияларни ноқонуний деб эълон қилди. Пекин сўнгги йилларда норасмий рақамли пулдан фойдаланишни тугатишга курашиб келади.

Жума куни эълон қилинган билдирувда Bitcoin, Ethereum ва бошқа рақамли валюталар молия тизимини издан чиқариши, пул ювиш ва бошқа жиноятлар учун ишлатилиши таъкидланган.

"Виртуал валюта операциялари ноқонуний молиявий ҳаракатлар бўлиб, қатъиян ман этилади", дейилади Хитой Халқ банки сайтида эълон қилинган билдирувда.

Бошқа криптовалюта токенлари сингари, Bitcoin нархи Хитой банки баёноти эълон қилиниши ортидан 9 фоизга арзонлади ва 41 085 долларга тушди. Ethereum қарийб 10 фоизга арзонлаб, 3 100 доллардан 2 800 долларга тушди.

Хитой банкларига криптовалюталар билан ишлаш 2013 йилда тақиқланган эди. Жорий йилда ҳукумат бу ҳақда эслатма берди. Бунга криптовалюталардан фойдаланиш давом этаётгани ёки давлат молия тизими билвосита таҳдидларга дуч келиши мумкинлиги ҳақидаги расмий ташвишлар асос бўлди.

Криптовалюта тарғиботчилари бундай валюталар аноним ва осон молиявий иш юритиш имконини беришини айтиб келадилар. Лекин Хитой расмийлари бу валюталар ҳукмрон Коммунистик партиянинг молиявий тизим устидан назоратини заифлаштиришидан хавотирда. Қолаверса, улар бундай валюталар жиноий фаолиятни яширишга ёрдам бериши мумкинлигини айтишмоқда.

Айни дамда Хитой Халқ банки юанининг электрон версиясини ишлаб чиқмоқда. Бу эса Пекинга нақд пулсиз амалга оширилаётган операцияларни кузатиш ва назорат қилиш имконини беради.

Бошқа мамлакатлардаги регуляторлар ҳам криптовалюталар қаттиқ назорат қилиниши кераклиги ҳақида тобора кўпроқ огоҳлантирмоқда. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси раиси Гэри Генслер инвесторлар криптовалюта бозорида кўпроқ ҳимояга муҳтожлигини айтди. Генслер ушбу бозор «фирибгарлик, товламачилик ва суиистеъмол қилиш ҳолатларига тўла» эканини таъкидлади.

Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси криптовалюталардан фойдаланадиган фирибгарларга қарши ўнлаб жиноят ишида ютиб чиққан. Шундай бўлса‑да, Генслер Конгресс агентликка бозорни етарли даражада тартибга солиши учун кўпроқ ваколат ва маблағ бериши кераклигини айтди.

Хитой регуляторлари, шунингдек, "криптовалюта қазиб олиш", яъни ихтисослаштирилган компьютерлар ёрдамида рақамли валюталарни ишлаб чиқариш жараёнини бошқаришга ҳаракат қилмоқда. Ушбу жараён жуда кўп электр энергиясини талаб қилади. Айни дамда криптовалюта "кончилари" ўз операцияларини Хитойдан бошқа мамлакатларга кўчирмоқда.

Кембрижнинг Bitcoin электр энергияси истеъмоли индексига (Cambridge Bitcoin Electricity Consumption index) кўра, икки йил олдин криптовалюта қазиб олиш учун ишлатиладиган электр энергиясининг тўртдан уч қисми Хитойга тўғри келган. Бу эса дунёда энг юқори кўрсаткичдир. Жорий йилнинг апрель ойига келиб, Хитойнинг улуши 46 фоизга тушиб қолган. Криптовалюталар бўйича 2 ўринни эгаллаган АҚШ улуши эса тахминан 17 фоизни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG