Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:29

WSJ: АҚШ ва Россия Марказий Осиёдаги рус базаларидан биргаликда фойдаланиш масаласини муҳокама қилди


АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли ва Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов - Хельсинки, Финландия, 22 сентябрь, 2021
АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли ва Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов - Хельсинки, Финландия, 22 сентябрь, 2021

АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали вакили, генерал Марк Милли ва Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Россия президентининг Марказий Осиёдаги рус ҳарбий базаларидан биргаликда фойдаланиш ҳақидаги эҳтимолий таклифини муҳокама қилган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри америка расмийларининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Икки давлат юқори мартабали ҳарбийларининг музокаралари 22 сентябрь куни Хельсинки шаҳрида бўлиб ўтган. Москва ва Вашингтон музокараларни шарҳлашдан бош тортган.

Аввалроқ "Коммерсантъ" рўзномаси Владимир Путин шу йил июнида АҚШ президенти Жо Байден билан Женевадаги учрашув чоғида Афғонистондаги террорчилик таҳдидларига қарши курашда Россия ҳарбий иншоотларидан фойдаланишни таклиф қилгани ҳақида ёзган эди.

The Wall Street Journal маълумотига кўра, Женевадаги саммит ортидан АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши ходимлари генерал Миллидан Россия президентининг таклифи қанчалик жиддийлигини аниқлаштириб кўришни сўрашган.

Оқ уй вакилининг The Wall Street Journal нашрига айтишича, Қўшма Штатлар Москвадан Афғонистон яқинида ўз ҳарбийларини жойлаштириш учун рухсат сўрамаяпти. Айни пайтда манбанинг билдиришича, Вашингтон Путиннинг бу борадаги позициясини тушунишни истайди.

Америка матбуоти аввалроқ АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетгач Тожикистон ва Ўзбекистонда ўз ҳарбийларини жойлаштириш масаласини кўриб чиққани ҳақида ёзган эди.

"Коммерсант" ўз манбаларига таяниб Путин Байденга Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларидан истифода этишни таклиф қилгани ҳақида ёзган.

Ўтган ой Россия бошқа кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тақиқланган Толибон Кобулда ҳокимиятни босиб олди ва ўз ҳукуматини тузишга киришди. Қўшни давлатлар толибларнинг ҳокимиятга келиши минтақада террорчилик таҳдидини кучайтиришидан хавотирда.

XS
SM
MD
LG