Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Ҳукумат одамларнинг томорқасидаги узумни эркин сотишига рухсат бермаяпти


Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани ҳокимлиги ўз томорқасида узум етиштирган одамларга ҳосилни бозор нархида эмас, балки арзон-гаров давлатга топширишга мажбурламоқда. Милиция ходимлари қишлоқма-қишлоқ юриб, одамларни ўз узумларини савдогарларга сотишга рухсат бермаяпти. Узум сотиб олиш учун келган юк машиналари қишлоқларга киритилмаяпти.

Иштихон туманининг узумчилик билан шуғулланадиган Чақар, Жангироҳат, Чимқўрғон, Меҳнат-роҳат, Бўстон қишлоқларидаги деҳқонларга шахсий томорқасидаги узумни сотиш тақиқлаб қўйилди.

Иштихон тумани ҳокимининг бу қарори бир умр узумчилик билан шуғулланиб келган одамларда жиддий норозилик уйғотди.

Бу ҳақда Озодликка келган мактубда айтилади:

“Иштихон туманида деҳқонлар анча азият чекмоқда. Вилоят ва туман ҳокими аҳолининг 100 фоиз узумини олиб қўймоқда. Узум сотиб олишга келган шахсий савдо машиналарини қўймай, фақат давлатга сотасан деб мажбурламоқда. Ҳукумат халқнинг оғзидаги сўнгги нонини ҳам тортиб оляпти. Илтимос ёрдам беринглар”, деб ёзилади мактубда.

Иштихон туманидаги исми сир қолишини сўраган деҳқонлардан бири Озодлик билан суҳбатда, ҳақиқатан ҳам ҳукумат одамларнинг шахсий томорқасидаги узумга хўжайинлик қилаётганини тасдиқлади:

- Бир ҳафтадан буён тинчлик йўқ. Узумимизни мустақил сотгани қўйишмаяпти. Кеча қўшним майли давлатга сотсам сота қолай деб, бориб яшикларини олиб келди. Унга айтибдики, сен узумингни бизга тортиб берасан ва бирорта фермер билан келишасан. Биз узумнинг пулини фермернинг ҳисобига ўтказамиз. Фермер эса сени пластик карточкангга умумий пулнинг 50 фоизини ўтказиб беради. Ахир бу талончиликку, нега фермер менинг пулимни ярмини олиб қолиши керак экан?, деди деҳқон.

Унинг айтишича, фермер хўжаликларига қўйилган узум топшириш режаси жуда ҳам катта бўлгани учун улар режани бажаролмай қолди ва ҳукумат бу бўшлиқни аҳолининг ҳисобидан мажбурлаб тўлдирмоқчи бўляпти:

“Одамларнинг бир гектаргача шахсий томорқаси бор. Улар ер солиғи, даромад солиғи тўлаб келишган шу пайтгача. Бу йил эса мажбуран арзон-гаровга сотиб олишмоқчи. Одамлар жудаям дарғазаб бўляпти. Аввалги йиллар ўша узун “Алка” мошиналар келарди. Хирмонни бошида пулимизни берарди. Энди эса ўшани 50 фоизини давлатга топширасан деяпти булар, деди деҳқон.

Деҳқон “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” бўлган ҳокимиятнинг бу ишини талончиликка ўхшатади:

“Ахир бу қандай бедодлик? Қишлоқда мелиса изғиб юрибди. Узум сотиб олишга келган шахсий машиналарни қишлоққа киритмаяпти. Ҳукуматдагилар келиб узумнинг тагига бир кетмон урганмикан? Ёки сув етказиб берганмикан? Аҳоли узумзорининг 70 фоизи 2016 йилда бир грамм ҳам сув ичгани йўқ. Сув бермайди. Бунинг устига бизга ярим нархига сотасан деб, зўравонлик қиляпти”, деди деҳқон.

Бу ҳудудда узумнинг майиз бўладиган “кишмиш” нави етиштирилади. Айни пайтда бу узумнинг бозордаги нархи 6-7 минг сўм атрофида. Ҳукумат эса ҳар килосини 2-3 минг сўмдан сотиб оляпти.

Озодлик бу масалага муносабат олиш учун Иштихон тумани ҳокимлиги билан боғланди. Ўзини ҳоким ўринбосари Сирожиддин деб таништирган мулозим, деҳқонларни томорқасидаги узумни арзон нархда соттириш бўлаётганини инкор қилар экан, бу ҳақда тўлиқ тафсилотни Россияга узум экспорти билан шуғулланаётган штабдан олишимиз мумкинлигини айтди.

Бироқ кун давомида штабдаги уч телефондан бирортаси ҳам жавоб бермади.

Бу йил Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот етказиб беришга оид катта шартномалар имзолаган.

Яқинда Ўзбекистонга сафар қилган Россия Қишлоқ хўжалик вазирлиги делегациянинг билдиришича¸ жорий йили Тошкент ҳукумати Россияга 800 минг тоннадан кўпроқ мева-сабзавот етказиб беришга ҳозирлигини билдирган. Бу эса¸ 2015 йилга нисбатан 17 бараварга кўпдир.

Деҳқонларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Россия билан шартнома шартлари бажарилмаслиги таҳдидини ҳисобга олиб, унинг ўрнини аҳолининг боғ-узумзорлари ҳисобидан мажбурий олинган арзон нархдаги мева-сабзавот билан тўлдирмоқчи.

XS
SM
MD
LG