Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

LIVE BLOG: Эрдўғон уч кунлик давлат ташрифини Бухорода якунлаб¸ Сеулга учиб кетди


Эрдўғон ва рафиқаси Бухородан Сеулга учиб кетиш олдида.
Эрдўғон ва рафиқаси Бухородан Сеулга учиб кетиш олдида.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель куни оқшом икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди​

Туркия президенти расмий сайтида берилишича, Эрдўғон Туркия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртада бой берилган имкониятларни қайта тиклашига ишонч билдирган.​

Ушбу жонли блог орқали Эрдўғон ​ташрифига оид тафсилотларни биргаликда кузатамиз.

Мавзуга оид маълумотларни Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755 орқали йўллашингиз мумкин. Фото ва видео тасвирларни илова қилишни унутманг!

Туркия президенти Бухородан Сеулга учиб кетди

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра¸ 1 май куннинг иккинчи ярмида Туркия президентининг Ўзбекистонга қилган уч кунлик давлат ташрифи якунланди.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон сафарининг "самарали ва мазмунли" бўлгани таъкидланган расмий баëнотга кўра¸ давлат раҳбарларининг Кўксаройда бўлиб ўтган музокаралари натижасида 25 та ҳужжат имзоланган¸ Экспомарказда икки мамлакат ишбилармонлари 3 миллиард долларлик келишувларга эришган".

"Бухоро зиёрати учрашувларга қўшимча мазмун бахш этди"¸ дейилади баëнотда жумладан.

Туркия президенти Бухородан Жанубий Корея пойтахти Сеулга учиб кетди. Эрдўғон ва рафиқасини Бухоро халқаро аэропортида президент Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кузатиб қўйди.

Эрдўғон ва делегацияси Бухорони зиëрат қилди

1 май куни тонгда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон ва унга ҳамроҳлик қилаëтган турк делегацияси вакиллари Бухорога келди.

Турк делегациясига ҳамроҳлик қилаëтган журналистларнинг ëзишича¸ Эрдўғон ўтирган учқич Бухоро халқаро аэропортига эрталабки соат 9:30 да қўнган ва турк делегациясини Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев кутиб олган.

Эрдўғон ва рафиқасига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ва унинг рафиқаси Зироат Ҳошимова ҳамроҳлик қилди.

Эрдўғон Бухоро сафари давомида шаҳар марказидаги Арк ва Пойи- Калон мажмуаларини бориб кўрди¸ шунингдек шаҳардан 10 километрча масофада жойлашган Баҳоуддин Нақшбандий маданий мерос объектини зиëрат қилди.

1544 йили Абдулазизхон ибн Убайдуллохон томонидан асос солинган бу зиëратгоҳда Нақбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг онаси мақбара комплекси мавжуд.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Нақшбандия тариқатига алоҳида эҳтиром кўрсатиши айтилади.

Парламентдаги нутқ

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 30 октябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида сўзлаган 20 дақиқали нутқини марҳум шоир Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъридан иқтибос келтириш билан бошлади.

Шундан сўнг ўзбек ва турк халқи биродар эканини таъкидлаган Эрдўғон Ўзбекистон ҳукумати Туркия фуқаролари учун виза режимини соддалаштирганини олқишлади.

Сўзи давомида турк лидери икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди.

“Биргаликда қилган ҳаракатларимиз оқибатида 2018 йил бошига келиб икки томонлама товар айрибошлаш ҳажми 25 фоизга ўсиб, 1,5 миллиард долларлик кўрсаткичга етди. Сўзсиз, бу қониқарли кўрсаткич эмас. Мақсадимиз бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишдир”, - деди Эрдўғон.

Туркия президенти ўз мамалакати Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига “барча имкониятлар доирасида” кўмаклашишга тайёр эканини айтди.

Мирзиёев: Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилди

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилади. Бу ҳақда 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан учрашувдан сўнг ўтказилган брифингда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Биз бу масалани президент Эрдўғон билан узоқ муҳокама қилдик. Ўзбекистон байроғи ташкилотга аъзо бошқа давлатлар байроқлари қаторидан ўз жойини эгаллайди. Ўзбекистон Бишкекда ўтадиган кейинги йиғилишда иштирок этади. Бу ўта муҳим ва буюк қарор", — деди Шавкат Мирзиёев.

1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

Кенгашга аъзо бўлган Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон 2013 йилнинг августида Бокуда бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон ва Туркманистонни ҳам ташкилотга аъзо бўлишга чақирган эди.

Мазкур ташкилот Туркий тилли мамлакатлар маданиятини сақлаб қолиш ва ўзаро сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида тузилган.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Стратегик шериклик олий кенгаши тузилади

Бу ҳақда president.uz сайти Президент Мирзиёевнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда берган баёнотига таяниб хабар қилди.

"Музокаралар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик анъаналарига мос ҳолда, очиқ, сермазмун ва самарали бўлди. Ҳамкорлигимизнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, унинг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари аниқ белгилаб олинди. Икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилди", - деган президент Мирзиёев.

Режеп Таййип Эрдоған ўз навбатида музокаралар ўзаро англашув, манфаатдорлик ва ишонч асосида ўтганини, Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, стратегик даражага кўтарилганини таъкидлади. Кўлами ва аҳамияти катта бўлган келишувларга эришилганидан, эртага Бухородаги муборак қадамжоларни зиёрат қилажагидан бахтиёр эканини билдирган.

Ўзбекистон Туркия билан 3 млрд долларлик битимлар имзолаши кутилмоқда

Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида 50 дан ортиқ янги инвестициявий лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда president.uz сайти хабар қилди.

Туркия ,билан Ўзбекистон ўртасида 24 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон сўзлашувларидан сўнг Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжатга имзо чекилди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига кўра, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Эмине Эрдўғон: Зироатхонга раҳмат!

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Зироатхон Мирзиёева билан самарали учрашув ўтказдик. Самимий қабул учун катта раҳмат, деб ёзди ўзининг Твиттер саҳифасида Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўғоннинг турмуш ўртоғи Эмине Эрдўғон.

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига кўра, музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзаро савдо ҳажми ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича ижобий ўзгаришлар алоҳида қайд этилди.

Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. Яъни, Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринда туради.

Агентликка кўра, 2017 йилда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Эрдўғон ўзи билан тадбиркорларни олиб келди

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга сафари доирасида Ўзбек-Турк бизнес форуми ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Форум ишида Туркиядаги 230 та ташкилот ва компаниянинг 283 вакили иштирок этиши Озодликка келиб тушган рўйхатдан кўриниб турибди.

Ўзбекистонга келган тадбиркорлар орасида молиявий ташкилотлар, озиқ-овқат саноати, туризм, қурилиш, кимё саноати, бир сўз билан айтганда бизнеснинг барча турлари вакиллари бор.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 20%га ўсди

Ўзбекистон - Туркия ўртасида 2017 йилда давлатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 1,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич жорий йилнинг биринчи чорагида эса 400 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоиз ўсиш демакдир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Президент Мирзиёев Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғонни Кўксаройда​ кутиб олди

Тошкентга 29 апрелда давлат ташрифи билан келган Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғонни 30 апрель куни эрталаб Кўксаройда расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиев ва Режаб Тоййип Эрдўғон ўртасида тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтмоқда.

“Учрашувда асосан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ўтган йилги давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, барча соҳалардаги алоқаларга кенг йўл очган эди. Ўзбекистон ва Туркия халқи бу галги музокаралардан ҳам катта натижалар кутмоқда”, дейилади Ўзбекистон президентининг расмий сайтида эълон қилинган хабарда.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 1 май куни ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказганидан сўнг Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида чиқиш қилади.

Шундан сўнг президентлар биргаликда икки давлат етакчи банклари ҳамда ширкатлари раҳбарлари иштирокида ўтадиган бизнес-форумида қатнашади.

Ташриф давомида турк президенти Бухорога боришни ҳам режалаштирган. Эрдўғон Тошкентга сафари арафасида журналистларга берган интервьюсида:

-Бухорога ташриф катта аҳамиятга эга. Туркия Ўзбекистонда Имом Ал-Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Мотурудий номидаги ислом тадқиқотлари марказини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу масалада ўзаро англашувга эришганмиз. Ташриф давомида барча масалалар ишлаб чиқилади,- деб айтган.

Эрдўғон Тошкентга 29 апрель куни келди. Уни Тошкент аэропортида бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.

Президент Эрдўғонни Тошкент аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов қарши олган

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель куни оқшом давлат ташрифи билан Тошкентга келди.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, олий мартабали меҳмонни Тошкент аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов қарши олган.

Ўзбекистонга йўл олишдан аввал Туркия президенти Истанбулдаги Ота Турк аэропортида бирифинг ўтказди.

Туркия президенти расмий сайтида берилишича, Эрдўғон Туркия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртада бой берилган имкониятларни қайта тиклашига ишонч билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистонда Имом Бухорий ва Имом Мотурийдийлар номидаги илмий-тадиқиқот институтларини очиш ниятини тилга олган.

"Бу борада биз ўзаро бир фикрдамиз. Умид қиламанки, шу сафаримиз давомида бу масалада аниқ бир қарорга келамиз", деди турк матбуотига сафари юзасидан маълумот берган Туркия президенти.

Эрдўғон президент Мирзиёев таклифи билан 29 апрель - 1 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширади.

27 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, олий даражали Тошкент учрашувларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўл-йўриқлари баробарида глобал ва минтақавий хатар ва таҳдидларга қарши кураш масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Сафар доирасида Туркия президенти Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатаси қўшма мажлисида нутқ сўзлайди.

Шавкат Мирзиëев ва туркиялик меҳмон икки давлат етакчи банклар¸ компания ва ширкат раҳбарларининг қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.

1 май куни Эрдўғоннинг Бухоро вилоятига сафари режалаштирилган.

Сўнгра Эрдўғон бошлигидаги турк делегациясининг Жанубий Кореяга учиб кетиши кутилмоқда.

Туркия президентининг 29 апрель куни Тошкентга келиши арафасида Озодлик гаплашган айрим турк ширкатлари раҳбарлари¸ Ўзбекистон президентининг чақириқларига қарамай¸ ҳукумат амалдорлари турк сармояси учун сунъий тўсиқлар яратаëтганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG