Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:47

Ўзбекистон элитаси арзандаларининг Латвиядаги муҳташам ҳаёти


Холаваччалар: Гулнора Каримова, Акбар Абдуллаев, Лола Каримова-Тилляева. (Рассом Мартинш Упитис)
Холаваччалар: Гулнора Каримова, Акбар Абдуллаев, Лола Каримова-Тилляева. (Рассом Мартинш Упитис)

Ўзбекистон сиёсий элитасининг фарзандлари Латвиянинг кунда-шундаларига айланган. Улар бу ерда қимматбаҳо уйларни сотиб олишган. Ўзбекистон президентининг набираси ҳам Латвияда туғилган. Улар порага олинган миллионлаб долларларни Латвия банкларига яширишган. Латвиянинг “Олтин виза” дастури воситасида 1500 дан ошиқ ўзбекистонлик бу мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини олган. Латвиядаги ўзбеклар энг ёпиқ жамоа сифатида ҳам танилган.

Инга Спринге, Санита Йемберга

Ўзбекистон ташқи савдо вазири Элёр Ғаниевнинг ўғли Азимнинг Facebook саҳифасидан маълум бўлишича, у Ригада ўқиб юрган пайтда анча кўнгилхушлик қилган. У баъзан уйини соғинган, лекин умуман олганда Латвиядаги ҳаёти базми жамшидларга бой бўлган.

Facebook саҳифасига қўйилган расмларда тўладан келган барваста, лекин юзи ёш болаларникига ўхшаш Азим Ғаниев дўстлари билан Европанинг турли шаҳарларида саёҳат қилиб, ресторанларда айш-ишрат сургани акс этади.

Азим жонажон Ўзбекистонидан олисда, Ригадаги “Turība” университетида халқаро туризм соҳаси бўйича ўқиган. Лекин ўқишни тугата олмаган. Turība университети маъмуриятининг "Re:Baltica" нашрига айтишича, Азим 2014 йилда ўқишдан ҳайдалган.

Азим Ғаниев (ўнгда) Facebook саҳифасидаги кўплаб расмлардан бири (скриншот)
Азим Ғаниев (ўнгда) Facebook саҳифасидаги кўплаб расмлардан бири (скриншот)

Азим Ғаниев ўқиш учун нега Ригани танлагани ёки нега қайтиб кетиб қолгани тўғрисида Facebook орқали юборилган саволларга жавоб бермади. Facebook саҳифасидаги статусдан аён бўлишича, у ҳозирда Тошкентга қайтган.

Ўзбекистондаги энг нуфузли вазирлардан бири бўлган Элёр Ғаниевнинг яна бир ўғли Азиз ҳамон Ригадаги Болтиқ Халқаро Академиясида ўқийди. Бу муассаса маъмуриятининг "Re:Baltica" нашрига билдиришича, Азиз Ғаниев шу йили бизнес бошқаруви бўйича магистрликни ёқлаши керак.

Ўзбекистон фуқаролари Латвияда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Латвиядаги ўқув юртларида ўқийдиган 900га яқин ўзбекистонлик талаба жами хорижлик студентларнинг 13,5 фоизини ташкил этади.

“Turība” университети проректори Имантс Бергсга кўра, ўзбекистонликлар ўқиш учун Латвияни танлаши, бу мамлакат университетларида ўқиш нисбатан арзонроқ бўлгани, масалан, Буюк Британияга солиштирганда ҳамда таклиф этиладиган ўқув дастурлари Ўзбекистонда реклама қилиниши билан шартланган. Бундан ташқари Болтиқ давлатлари орасида фақат Латвиянинг Ўзбекистонда элчихонаси бор ва потенциал талабаларга Европа Иттифоқи визасини олиш жараёни осонроқ кечади.

Ака-ука Ғаниевлар Латвия кунда-шундалари бўлган ўзбек элитасининг ягона вакиллари эмас.

Ўзбекистон элитаси арзандаларининг Латвиядаги муҳташам ҳаёти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:58 0:00
Бевосита линк

Парваришланган муносабатлар

1990 йиллар ўрталаридан Латвия Ўзбекистон билан сиёсий муносабатларни ривожлантириб келган. Дипломатик паспорт эгалари Латвияга визасиз кириб-чиқиши мумкин. 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳаво йўллари авиаширкати учоқлари Тошкентдан Нью Йоркка Рига орқали учади ва бу Латвиядан амалга ошириладиган ягона трансатлантик парвоздир.

Латвия мустақилликка эришганидан бери мамлакатнинг беш президентидан уч нафари Тошкентга ташриф буюрган, Ўзбекистон президенти ҳам Ригага уч марта борган. Унинг 2013 йилдаги сўнгги сафари чоғида ўзбекистонлик фаоллар “замонамизнинг энг мустабид диктаторларидан бири” Каримовнинг Латвия мустақиллиги рамзи бўлмиш Озодлик Монументига гулчамбар қўйишига йўл қўймасликни талаб қилишади.

Ўзбекистон ва Латвия президентлари Ислом Каримов ва Андрис Берзинш. Рига. 2013 йил 17 октябрь
Ўзбекистон ва Латвия президентлари Ислом Каримов ва Андрис Берзинш. Рига. 2013 йил 17 октябрь

Латвия ҳукумати ўша пайтда Афғонистондаги НАТО қўшинлари таъминотида асосий транзит йўлаги бўлган Ўзбекистон билан муносабатларни бузмаслик учун бу чақирувни беписанд қолдиради.

Бошқа соҳаларда ҳам муносабатлар бор. 2010 йилда Латвия мунозарали “Олтин виза” схемасини жорий қилади. Бу схемага кўра, мамлакатда кўчмас мулк сотиб олган ёки банклардан бирига пул қўйган хорижликларга 5 йиллик яшаш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган. Ўшандан бери 1525 нафар Ўзбекистон фуқароси Европа Иттифоқида яшаш имконини берувчи бу схемадан фойдаланган. Бу схемадан фойдаланган собиқ совет мамлакатлари фуқаролари орасида, Иммиграция агентлиги маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Бундан ташқари “Олтин виза” олмаган ўзбекистонликлар ҳам бор. Уларни хорижликларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган Латвия банклари кўпроқ қизиқтирган. Бу банклардан бир нечтаси кейинчалик пул ювиш билан боғлиқ халқаро жанжалга аралашиб қолади.

Порадан тушган пуллар яширилган “Parex Banka”

2008 йилда глобал иқтисодий бўҳрон оқибатида Латвиянинг энг йирик Parex банки синиши эълон қилиниши биланоқ Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова бу банкда сақлаган миллионлаб долларлик омонатини қутқариш учун шошилинч тарзда Латвияга учиб боради.

Гулнора Каримова Латвиядаги банкларга қарийб 500 миллион доллар яширгани гумон этилади
Гулнора Каримова Латвиядаги банкларга қарийб 500 миллион доллар яширгани гумон этилади

Европанинг бир неча давлати уни халқаро телеком ширкатларидан миллионлаб пора ундирганликда гумонлаб, устидан жиноят ишлари очиши ортидан отасининг қаҳрига учраган 43 яшар Гулнора Каримова 2014 йил бошидан бери уй қамоғида экани айтилади. Президент қизи устидан Ўзбекистонда ҳам жиноий иш очилган.

АҚШ Адлия вазирлиги молиявий зарарни қоплашни сўраб, судга киритган шикоят аризасида келтирилган материалларга кўра, Гулнора Каримова Латвиянинг иккита банкидаги ҳисоб рақамларга порадан тушгани гумон этилаётган 446 миллион АҚШ доллари атрофидаги пулларни қўйган. Бу “Aizkraukles Banka” (ҳозирги ABLV) ва “Parex Banka” (ҳукумат сотиб қутқариб олганидан кейин номи “Citadele”га ўзгартирилган) банкларидир. ABLV вакиллари терговчилар билан ҳамкорлик қилаётгани важидан изоҳ беришдан бош тортди. “Citadele” эса ўша пайтдаги қонунчилик доирасида ҳаракат қилганини иддао қилди.

АҚШ судига ўтган йили топширилган аризада 2004 ва 2012 йиллар оралиғида Ўзбекистон ҳукуматининг юқори даражадаги амалдорининг яқин қариндоши коррупцион схемалар ва оффшор ширкатлар орқали 800 миллион АҚШ долларидан ошиқ пора олгани айтилади.

Бу аризада Гулнора Каримова исми келтирилмаган. Лекин ўтган ойда АҚШ Адлия вазирлиги киритган навбатдаги аризада пора олгани гумон этилаётган шахс Гулнора Каримова экани очиқланди. Бу иш TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС ширкатлари Ўзбекистон бозорига кириш имкони эвазига катта миқдорда пора бергани билан боғлиқдир.

Кенжа қиз

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи 37 ёшли Лола Каримова-Тилляева опасидан фарқли ўлароқ жамоатчилик оғзига унчалик тушмаган.

2006 йилнинг августида у Латвия пойтахти Ригадаги клиникалардан бирида иккинчи фарзанди – ўғлини туғади. Латвияда унга асли афғонистонлик тадбиркор Ғулом Ғуломий мезбонлик қилади. Латвияда кўп йиллардан бери яшайдиган Ғуломий бу мамлакат фуқаролигини олган.

Лола Каримова-Тилляева (Рассом Мартинш Упитис)
Лола Каримова-Тилляева (Рассом Мартинш Упитис)

Лола Каримова-Тилляева ҳомиладорликнинг сўнгги ойларини Рига яқинидаги Болтиқ денгизи соҳилида жойлашган Юрмала курортидаги янги уйда ўтказади. Латвия кадастри маълумотларига кўра, бу уй 2 миллион еврога сотиб олинган ва Ғуломийнинг хотини Валентина номига расмийлаштирилган.

Лола Каримова-Тилляеванинг оила аъзолари Латвияда Hummer ва BMW русумидаги қимматбаҳо машиналарда юришади. Бу машиналарга “ТТ” (яъни Лоланинг эри Тимур Тилляев) ва “1LK” (яъни 1 Лола Каримова) давлат рақамлари тақилган эди. Ҳашаматли автомобиллар ҳам азиз меҳмонларга Ғуломий тарафидан тақдим этилади.

2006 йил кузида, ўғли туғилишидан кўп ўтмай Лола Каримова-Тилляева ва унинг оиласи Латвиядан кетишади. Афтидан унинг Латвияда ҳеч қандай бизнеси йўқ. Латвия бизнес реестрига кўра, унинг эри Тимур Тилляев “Euro West Invest” номли фирма ташкил қилади, лекин у ҳеч қачон фаолият қилмайди.

Холавачча триллери

Опа-сингил Каримоваларнинг холаваччаси Акбар Абдуллаев Латвияга Лола Каримова-Тилляева билан бир пайтда келади ва у яшаган уйга қўшни ҳовлига жойлашади. Латвия ер кадастридаги ёзувларга кўра, ўша пайтда 23 ёшда бўлган Абдуллаев Юрмаладаги ҳашаматли уйни 1,4 миллион еврога сотиб олади. Уйнинг яшаш қисмидан ташқари меҳмонхонаси, бассейни ва ҳовли орқасида доим яшил дарахтлар экилган боғи бор

Гулнора ва Лоланинг холваччаси Акбар Абдуллаев. (Рассом Мартинш Упитис)
Гулнора ва Лоланинг холваччаси Акбар Абдуллаев. (Рассом Мартинш Упитис)

Бир пайтлар президент Каримовнинг потенциал ворисларидан бири сифатида кўрилган Абдуллаев Латвиядалиги пайтида қуюшқонни қўйиб юборади. У 200 минг еврога Bentley русумидаги машина сотиб олади. 2011 йилда рўйхатга олинган пайтда бу машина Латвиядаги энг қиммат автомобиль бўлади. Орадан бир йил ўтиб у Риганинг энг обрўли маҳалласидан ойналари Даугава дарёси узра пойтахтнинг Эски Шаҳар бўлгасига қараб турувчи уйдан қимматбаҳо квартира сотиб олади.

Абдуллаев квартирасини офисга айлантиради ва шу ердан 2000 йиллар ўрталарида Ғуломийлар оиласи билан биргаликда камида 18 миллион еврога сотиб олинган иккита меҳмонхонани бошқаради. Кейинчалик Абдуллаев қўлдан бой берган иккала меҳмонхона Ғуломийнинг қўлига ўтади. Бу аслида қандай бўлгани тўғрисида турли тахминлар бор, лекин бу воқеа суиқасд уриниши, амалдорларнинг порага сотилиши, шубҳали оффшор фирмалар орқали олди-бердилар билан йўғрилган детектив романни эслатади.

(Бу воқеа тўғрисидаги материални яқин кунларда Озодлик сайтида ўқишингиз мумкин-таҳр.)

Акбар Абдуллаевнинг Юрмаладаги ҳашаматли ҳовлиси бугун ҳувиллаб қолган
Акбар Абдуллаевнинг Юрмаладаги ҳашаматли ҳовлиси бугун ҳувиллаб қолган

Ҳозирда Абдуллаевга қарашли Юрмаладаги уй ҳовлиси ажриқлар билан қопланган ташландиқ ҳолга келган.

2015 йилги Ўзбекистон президенти сайловида Ислом Каримов навбатдаги ғалабасини эълон қилган пайтда Абдуллаев аллақачон суд томонидан 10 йиллик қамоққа маҳкум этилган эди. Абдуллаев Фарғона водийсидаги давлатга қарашли йирик корхоналарни ўз назоратига олган уюшган жиноий гуруҳга бошчилик қилганликда айбдор деб топилгани тўғрисида Озодлик қатор материалларни эълон қилган.

Латвиянинг “Олтин виза” схемаси ёрдамида Европа Иттифоқида яшаш ҳуқуқини олган Ўзбекистон амалдорининг яна бир арзандаси Тимур Керимовдир. У Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодировга куёв бўлади. Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимидан четлатилиб, конституциявий судга ҳакам сифатида ўтказилгунига қадар Ўзбекистондаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган.

Латвия ер кадастридаги ёзувларга кўра, Керимов 2010 йилда Рига марказидан квартира сотиб олган. У, шунингдек, Латвияда иккита ширкатни рўйхатдан ўтказган. “ITIR Solutions” ва “IVT Solid Energy” ширкатлари ташкил этилганидан бери ҳеч қандай фаолият билан шуғулланмаган. “IVT Solid Energy” 2013 йилда рўйхатдан ўтказилишидан бир неча ой ўтиб, Қибрисдаги бошқа оффшор ширкатига сотилган.

Бир неча йил давомида Керимов Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиаширкатининг Ригадаги ваколатхонасига раҳбарлик қилган. "Re:Baltica" мухбири ваколатхонага уни йўқлаб борганида, у ерда ишлайдиган ягона ходим Керимов ишдан кетганига бир йил бўлганини билдирди. Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси вакиллари "Re:Baltica"нинг учрашиш илтимослари ва юборган қатор саволларини жавобсиз қолдирди. Латвиядаги ўзбек жамоаси ҳам "Re:Baltica" мухбирига тутқич бермади ва улар билан гаплашиш имкони бўлмади.

Ушбу материал “Re:Baltica” тергов журналистика маркази ва Озодлик журналистлари ҳамкорлигида тайёрланди.

Муҳаррирлар Санита Йемберга (Re:Baltica) ва Жоди МакФилипс (OCCRP)

XS
SM
MD
LG