Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:36

"Халқ банки" ходимлари мижозларга лотерея сотишга мажбурланаётганидан шикоят қилди


"Халқ банки"нинг Тошкент шаҳридаги филиаллари ходимлари банк раҳбарияти уларни банк мижозларига лотерея сотишга мажбурлаётганидан шикоят қилишди. Озодликка боғланган банк ходимларига кўра, лотерея сотишдан бош тортганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган. "Халқ банки" мутасаддилари Озодлик билан суҳбатда мажбурлаш ҳолати тақиқлангани, агар бу борада шикоят тушса, ўрганилишини таъкидлашди.

“Халқ банки"нинг Тошкент шаҳрида жойлашган барча филиаллари номидан” дея Озодликка йўлланган мактубда банк ходимлари лотерея сотишга мажбурланаётгани ёзилган.

“Бизнинг банкда умуман адолат йўқ. Сабаби: Ҳар куни ходимларга зулм ўтказилиб келинмоқда. Лотереяга режа қўйилган. Ҳар куни банкка келган ҳар бир мижозга тиламчига ўхшаб, ялиниб сотишимиз керак”.

Озодликка боғланган банк ходимлари ишини йўқотиш хавфи остида исм-шарифларини очиқламасликни сўрашди.

Уларнинг айтишича, раҳбарият қўйган планга кўра¸ битта банк филиалида бир кунда 200та лотерея сотилиши лозим. Бу режани бажариш учун банк ходимлари лотереяни кўчага чиқиб сотишга ҳам мажбур қолаётганликларини айтишади.

“Ҳар куни совуқда ташқарида юриб, лотерея сотиб юрибмиз. Ҳар куни сотилмаган лотерея пулини ўз ҳисобимиздан тўлаб, қийналиб кетдик. Ҳалол ишлаб топган ойлик маошимизни фарзандларимизга тўлиқ олиб боришимизга ёрдам беринг”, дейди банк ходимлари.

Банк ходимларига кўра, лотерея сотишдан бўйин товлаганлар ёки режани бажармаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган.

“Агар лотерея сотилмаса, "Халқ банки"нинг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Анарбетов Бекзод Яшинович томонидан текширув юбориб, қандай бўлмасин ишдан бўшатиб юбориш айтилган”, дейди банкирлар.

Тошкент шаҳар "Халқ банки" бўлимининг Озодлик боғланган расмийлари банк филиалларида ходимларни лотерея сотишга мажбурлаш ҳолати бўлаётганини инкор қилди.

"Халқ банки"нинг бош офиси (Республика бўлими)нинг лотереялар сотилишига масъул мулозими “Банк ходимларини лотерея сотишга мажбурлаш ҳолати аниқланса, жавобгарлар жазоланишини” таъкидлади.

“Лотерея сотиш учун ҳеч қандай режа белгиланмаган. Бир кунда шунча сотишинг керак¸ деган нарса йўқ. Агар филиал лотерея сотса, 50 фоизи ютуққа кетади. Қолгани банкка қолади. Ҳар бир филиал лотереядан тушган даромаддан мукофот пули олади. Агар филиал раҳбари лотерея сотишда ўз ходимларини мажбурласа, бу борада бизга мурожаат қилишлари лозим. Бу тасдиқланса, қонунда белгиланган ҳолатда жазо чоралари кўрилади”, деди исмини очиқламаётганимиз банк мулозими.

Мулозимга кўра, бугунги кунда "Халқ банки"да учта турдаги жами 8 хил лотерея сотилмоқда.

“Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 15 ноябрдаги 396-сонли (“Пул-буюм лотереялари ўтказишни ташкил этишни такомилларштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги) қароридан келиб чиқиб, банк низоми бор. Шу низом асосида лотерея сотиш ташкил қилинган. Пайнет билан шартнома бор. Улар лотереяларимизни сотиб бергани учун уларга ҳақ тўлаймиз. Кейин сотув шохобча¸ яъни коммунал кассалар дейди. У ерда сотилади. Банк ходимига сотилган лотереянинг 10 фоизи миқдорида ҳақ тўланади. Кейин ишсиз юрган шахслар билан шартнома тузамиз, улар сотиб беришади”, дейди банк мулозими.

Мулозим айни пайтда "Халқ банки" лотереяларини пенсия, стипендия, ойлик маошларига мажбуран қўшиб сотиш ҳолатлари ҳам мутлақо тақиқланганини таъкидлади.

Озодликка "Халқ банки" лотереяларини мажбурлаб сотиш ҳолатлари борасида бир неча бор мурожаат қилинган.

Жумладан, бухоролик муштарий "Халқ банки" мажбурлаб лотерея сотишни қачон тўхтатади?", дея шикоят қилган эди.

Сирдарё вилояти Гулистон тумани Тажрибакор маҳалласида яшовчи оила фарзанди учун оладиган нафақа пули тўғрилаш учун “Халқ банки” лотереяларидан олишга мажбурлангани ҳақида ёзган.

“Халқ банки”да лотереяларни мажбурлаб сотиш ҳолатлари расман тасдиғини ҳам топган.

Адлия вазирлигига кўра, 2017 йилда аҳолига лотереяларни мажбурий тарзда сотгани учун "Халқ банки" филиалларининг 222 нафар раҳбар ходимига ҳайфсан берилиб, жаримага тортилган. Банк филиалларининг 91 нафар раҳбари ва бош ҳисобчиси ишдан бўшатилган.

XS
SM
MD
LG