Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Каримов қарори билан боғбонни фермерга айлантириш жараëни бошланди


Жиззахнинг Бахмалида хусусий боғлар фермер хўжаликларига айлантирилмоқда, Самарқанднинг Булунғурида боғлар бузилиб, ўрнини полизга айлантириш буюрилди.

Бу Президент Каримовнинг мева-сабзавот харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этиш, экспорт қилиш ва сақлашга оид жорий ойдаги уч қароридан сўнг Озодликка тингловчилардан келаётган хабарлардир.

Бахмал туман ҳокимлиги вакили бу хабарларни уларга бироз “аниқлик киритган” ҳолда тасдиқлади. Унинг айтишича, мавжуд фермер хўжаликлари ҳудудида барпо этилган боғларни алоҳида фермер хўжалиги сифатида расмийлаштириш бошланган.

Ташвишли хабар

Тингловчилардан Озодликка келган хабарлардан бирида мана бундай дейилган:

“Бахмал ва Булунғур туманларида хусусий боғлари бўлган шахсларни ўз аризасига кўра фермер хўжалигига ўтишга мажбурлашаяпти. Ностандарт экилган ва гуллаб турган олма дарахтлари ва бедалар бузиб ташланаяпти”.

Оптималлаштиришнинг "мева босқичи"

Бу хабар ортидан Бахмал туман ҳокимлиги билан боғландик. Ҳокимлик вакили “Боғлар фермер хўжаликларига айлантирилаяптими?”, деган саволимизга “Ҳа”, деб жавоб берди.

Шундан сўнг ходимдан гап қандай боғлар устида кетаётганини суриштирдик.

- 4 йиллик, 5 йиллик боғлар бор, янги экилаётганлари бор. Улар -фермер хўжалиги балансида турган боғлар. Оптималлаштиришгача фермердан ижарага олинган ер бўлиши мумкин ўша боғ қилинган майдон. Айтайлик, у 5 гектар бўлсин. Энди фермердан ўша 5 гектарни қайтариш тўғрисида туман ҳокими номига ариза олинади. Кейин бояги фуқарога – боғ қилган фуқарога ҳужжат қилиб берилади, яъни у ҳам фермерга айланади, деди Бахмал туман ҳокимлиги ходими.

Бахмалда ёнғоқзор

Шундан сўнг бахмаллик фаол, 60 яшар Очил Мирзаев билан боғландик. Унинг айтганлари ўрганаётганимиз жараён манзарасини тўлиқлади.

- Бугун мен кадастр хизматига бордим. Ўша ерда ерларни оптималлаштириш бошланди, деб эшитдим. Узумчиликни кўпайтиришга эътибор берилармиш. Бундан ташқари туманимизда ёнғоқзор барпо этилармиш. 2, 2,5 гектардан 5 гектаргача ер берилсин, халқ иш билан таъминлансин, деб ҳоким айтганини кадастр бошлиғининг ўзидан эшитдим, деди Очил Мирзаев.

Булунғурда боғлар бузилаётгани тўғрисида норасмий хабар

Булунғур туманидаги вазиятни ўрганишимизга ғаллаороллик фаол тингловчимиз, 78 яшар Набижон Жўрабоев ёрдам берди.

- Булунғур ҳокимиятида булунғурликларга “бу йил биз Россия билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида шартнома тузганмиз”, дейишибди. Шунинг учун боғларни бузишаяпти экан. Ўрнига полиз экини экишга буюришибди. Ҳар йиғилишда туман ҳокими шундай топшириқ беришаяпти экан.

- Бу гапни Сиз кимдан эшитдингиз?

- Боя сиз телефон қилганингиздан кейин бориб келдим Булунғурга. Мен турган жойдан Булунғурнинг марказига 25 километр. Бориб, ўша ердаги деҳқонлар билан гаплашиб келдим.

- Ўзингиз яшайдиган Ғаллаоролда бундай гап йўқми?

- Ғаллаоролда бундай гап йўқ. Бизда ер кўп. Боғни бузишга ҳожат йўқ.

- Меҳнатингизга рози бўлинг, Булунғурга бориб келибсиз...

- Ҳечқиси йўқ. Бекорчи одамман, бориб келавераман.

Набижон Жўрабоевга ишонмасликка асосимиз йўқ. Шундай бўлса ҳам Булунғур туман ҳокимлиги билан боғланишга уриндик, лекин бунинг иложи бўлмади.

Президентнинг "мева" қарорлари

Вазирлар Маҳкамасининг мева-сабзавотни юк машиналарида экспорт қилишга рухсат берувчи 1 апрелдаги қароридан сўнг мамлакат Президенти шу соҳага оид 3 та қарор қабул қилди.

Ислом Каримов имзолаган қарорлардан бири асосида ташкил қилинадиган махсус тузилма - “Ўзбекозиқовқатзаҳира”га мамлакат ички бозорини мева-сабзавот билан таъминлаш юклатилган. Иккинчиси билан ташкил қилинадиган тузилма - “Ўзагроэкспорт” мева-сабзавотни экспорт қилиш билан шуғулланади.

Президентнинг яна бир қарорига биноан, 2016 йилги ҳосилдан бошлаб, ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилган.

XS
SM
MD
LG