Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:46

Тошкентлик милиционерлар машиналардаги “Георгий лента”ларни юлиб олмоқда


Тошкендаги машинага осилган “Георгий лента”си
Тошкендаги машинага осилган “Георгий лента”си

Ўз машинасига “Георгий лентаси” илиб олган тошкентлик ҳайдовчининг Озодликка айтишича¸ милиционерлар тасмани олиб ташлаттирмоқда.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Россияда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг рамзи сифатида кўрилаётган ва қўшни давлатларда ҳам урф бўла бошлаган “Георгий тасма"ларининг ўрнига Ўзбекистон давлат байроғи тимсоллантирилган тасмалардан фойдаланишни таклиф қилмоқда.

Ўзини Маъруфжон, деб таништирган тошкентлик ҳайдовчи машина ичидаги кўзгу устига осиб қўйилган “Георгий” тасмаси фотосини жўнатиб бу тасманинг милиция томонидан олиб қўйилганидан шикоят қилди:

- Лента осганларни кўчаларда милиция наряди тўхтатиб лентани олиб ташла, деб буюряпти. Нега, десам мумкин эмас "Йўл хавфсизлиги учун таҳдид ва машина бошқарувига ҳалақит беради" дейишди. Умуман ортиқча савол бериш керак эмаслигини тушундим. Мени битта лейтенант текширди. Орқада яна тўрт милиционер бор эди¸ дейди Ўзбекистондаги Россия элчихонаси тарқатган "Георгий” ленталаридан бирини машинасига таққан тошкентлик.

Жорий ҳафтада Ўзбекистондаги Россия элчихонаси Тошкент шаҳрида "Георгий лентаси"ни тарқатиш акциясини бошлади.

Россия элчихонаси матбуот хизматининг хабар беришича, "истаган одам элчихона дарвозаси ўнгида "Георгий лентаси"ни олиши мумкин".

Россия дипломатик ваколатхонасининг таъкидлашича, "акциянинг асосий мақсади янги авлоднинг 20-асрдаги энг даҳшатли урушда ким ва қандай йўқотишлар эвазига ғалаба қилганини... унутишига йўл қўймасликдир".

Илк "Георгий лентаси" акцияси 2005 йилда ўтказилган эди.

Ўшандан буён уни ўтказиш Россияда анъанага айланди.

Лентага қарши кўрсатма

Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича "Георгий лентаси" тақиш ва бошқа изн берилмаган “тадбир”ларга барҳам бериш ҳақида кўрсатма берилган:

- Эрталабки развод пайтида шахсий таркибга бу нарса тушунтирилди. Йўл ҳаракати хавфсизлигига ҳалақит берадиган ленталар олиб ташланиши кераклиги айтилди. Аммо буни қўполлик қилмасдан¸ жарима солмасдан ҳушмуомала бўлиб қилиш айтилди¸ дейди Озодлик манбаси.

Ғалаба рамзими ёки империализм тимсоли?

Ўзбекистонда “Георгий лентаси” акциясияга муносабат турличадир.

Анвар Назиров¸ Шуҳрат Барлос каби бир гуруҳ тарихчилар Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимиятига шикоят билан чиқиб "Георгий лентаси"нинг Ўзбекистонда тарқатилиши ва тақилишига қаршилик билдиришди.

Ўзбекистонда лентанинг тарқатилишига қарши чиққанлардан бири тарихчи Шуҳрат Барлос бу тасма “Россия империализми тимсоли” эканлигини Озодлик билан суҳбатда таъкидлади:

- Бу тасмани Россия учун тимсол бўлганига қарши эмасмиз аммо¸ Ўзбекистон учун маъқул эмас. Бунинг тарихий сабаби бор. Ватанимиз чор Россияси томонидан мустамлака қилинган даврларда купчилик генераллар ва зобитлар, 1769 йил, 26 ноябрда Екатерина II томонидан таъсис қилинган авлиё Георгий ордени ва лентаси билан мукофатланган. Шаҳарларимизни вайронага айлантиришда қатнашган мустамлакачилар армиясининг зобитлари ва генераллари учун махсус таъсис қилинган медалларда, маҳаллий халқ қирғин қилиб босиб олинган бизнинг шаҳарларимизнинг номлари ёзилган ва шу медалларга айнан мана шу авлиё Георгий орденининг лентаси бириктирилган эди. Россия империализми тимсоли бўлган бундай лентани бугунги мустақил Ўзбекистонда тақиб юриш энг камида Чор босқончилари қўлида ўлган ота-боболаримиз руҳига ҳақоратдир, дейди тарихчи.

Қўнғиз ранг лента ўрнига оқ¸кўк¸яшил тимсол

Ўтган йили Ўзбекистон мудофаа вазирлиги "Георгий тасмаси"дан воз кечиб ўрнига ўзбекча рамзларни ишлатишга чақирган эди.

Вазирликнинг бу таклифи орадан бир йил ўтиб амалга ошган кўринади.

Ҳар ҳолда манбаларимиз Тошкент кўчаларида ўзбек байроғи тарзидаги тасма осган машиналанинг суратларини юборишди.

Шу кунларда facebook ижтимоий тармоғида “Биз Ўзбекистонда Георгий лентасига қаршимиз” деган ташаббус остида имзо тўпланмоқда.

Ушбу гуруҳга аъзо бўлганлар "Георгий лентаси"нинг Ўзбекистонда тарқатилиши ва тақилишига қарши чиқдилар.

Ўзбекистонда лентанинг тарқатилишига қарши чиққанлар унинг “Россия империализми тимсоли” эканини айтишади.

"Георгий лентаси"ни тақиқлаш чақириқлари Ўзбекистонга қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам кузатилган.

Улар ҳам Қрим ва Украина шарқидаги воқеалардан сўнг "Георгий лентаси" Россия империализми тимсолига айланди, деган фикрдалар.

Собиқ Совет республикаларида "Ғалаба куни" сифатида байрам қилинадиган 9 май Ўзбекистонда 1999 йилдан буён "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланади.

XS
SM
MD
LG