Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:16

Мирзиёев қудасининг ўғли футбол ҳакамлари ва мураббийларга босим ўтказмоқда


Озодлик сўнгги икки ҳафта давомида ўтказган текширувлари натижасида футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги икки турида мамлакат президенти оиласига яқин тадбиркор, назоратчилар ва мураббийларга босимлар ўтказганини аниқлади.

Қўқонлик ишбилармон, президент Шавкат Мириёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровнинг укаси, 32 яшар Ойбек Умаровнинг “Қўқон-1912” футбол жамоасига алоқасининг мақомини Озодлик ҳозирча аниқлай олгани йўқ. Бироқ, унинг "Қўқон-1912" иштирок этган сўнгги икки ўйин давомида ўзини тутиши оддий футбол ишқибозиникидан кескин фарқ қилишини кўрсатганини айтмоқда Озодлик суҳбатдошлари.

Озодлик бундай хулосага бир-биридан мустақил ўнга яқин гувоҳлар: футбол клублари аъзолари, мураббийлар, футбол расмийлари ва мухлислари билан бўлган батафсил суҳбатлардан сўнг келди.

Суперлига жадвалида 8- ўринда бораётган “Қўқон-1912” жамоаси ўз майдонида 22-май куни "Бухоро" жамоасига 1:2, 26-май куни эса, "Қизилқум" жамоасига 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Озодлик суҳбатдошлари мазкур учрашувлар пайтида юз берган воқеаларни деярли бир хил тасвирлашди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмлари сир қолишини сўраган суҳбатдошларга кўра, мазкур ўйинлар пайтида ва улардан сўнг Ойбек Умаров ҳакамлар, комиссарлар ва мураббийларни ҳақоратлаган, уларга очиқча босим ўтказган ва уларни “Қўқон-1912” жамоасининг мағлубиятида айблаган.

Илк мағлубият

Ойбек Умаров
Ойбек Умаров

​Суперлига 12-турида "Қўқон-1912" ва "Бухоро" ўйинида хавфсизликни таъминлаган милиция ходимларидан бирининг айтишича, мезбон жамоанинг биринчи бўлимда 2 гол ўтказиб юборгани ўйинни ВИП ложадан ўз дўстлари билан томоша қилаётган Ойбек Умаровнинг ғазабини қўзғатган.

"Ўйинда қўқонликлар иккинчи голни ўтказиб юборишгач, Ойбек ўйин комиссарини ёнига чақириб, "Коваленкога айт, ҳали ёпиштираман", деб қўрқитди. Буни ўз қулоғим билан эшитдим. Комиссар бечора "хўп", деб кетди. Менинг ёнимда турган шеригим - милиция ходимини чақириб, "ён чизиқ ҳакамларини ушлаб туринглар, хонасига кириб кетишмасин, ман фалон қиламан," деб буйруқ берди," деди ўйинда хавфсизликни таъминлаган милиция ходимларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган манбалар Ойбек Умаров ва халқаро тоифадаги ҳакам Валентин Коваленко ўртасида танаффус пайтида қандай суҳбат бўлиб ўтганини билмасликларини айтди.

Озодликнинг Валентин Коваленко билан боғланишга уринишлари ҳозирга қадар натижа бермади.

Аммо, Озодлик билан аноним тарзда суҳбатлашган спорт журналистининг таъкидлашича, ҳакамлар хонасига ўзгаларнинг кириши футбол қонун-қоидаларининг очиқча бузилишини англатади.

"Бухоро" жамоаси вакилларидан бирининг айтишича, мазкур суҳбатдан кейин иккинчи бўлимда "Қўқонга очиқча ён босиш" кузатилган.

"Иккинчи тайм бошлангандан кейин Қўқонга очиқча ён босиш бошланди: бизнинг ўйинчилардан бирига қизил карточка берди, ўйинга 6 дақиқа қўшиб берилди. Лекин биз ғалабани ушлаб қолдик. Ўйиндан кейин "подтрибунное помещение"га киришдан олдин йўлакда судьяларни Ойбек Умаров кутиб олди. Кейин нима бўлди билмайман. Лекин Ойбекнинг ҳақоратлари ва баланд овози эшитилиб турарди," деди "Бухоро" жамоаси вакилларидан бири.

Учрашувдан сўнг ҳакам Валентин Коваленко Қўқонда унга ажратилган меҳмонхонада қолмай, Тошкентга қайтган.

Футбол таҳлилчиларидан бирининг билдиришича, Суперлига матчидан сўнг, ҳакамнинг меҳмонхонада тунамай, уйига қайтиши одатда кузатилмайди.

"Одатда ҳакамлар ўйиндан кейин уларга ажратилган меҳмонхонада қолади. Лекин Коваленко ўша оқшом қолмади. Афтидан, Ойбек Умаров билан бўлган суҳбатдан кейин ҳакам уйга кетишни ихтиёр қилган," дейди футбол таҳлилчиси.

Иккинчи мағлубият

Мазкур ҳодисадан тўрт кун ўтиб, "Қўқон-1912" жамоасининг ўз майдонида Зарафшоннинг "Қизилқум" жамоасига мағлуб бўлгани Ойбек Умаровнинг яна ғазабини қўзғатган.

Ишбилармон ўйин тугагач, Озодлик суҳбатдошларига кўра, ҳакамларни спортчиларнинг кириш-чиқиш йўлагида кутиб олган.

Исмини очиқламаслик шарти билан гапирган "Қизилқум" жамоаси вакили ҳодисани қуйидагича тасвирлади:

"Ҳакамларни важоҳат билан кутиб олди. Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуриллаевга қараб бақира кетди. "62-дақиқада нега пенальти бермадинг," деб бақирарди. Шукируллаев нажот қидиргандай атрофга қараб турарди. Атрофда эса уни қўллайдиган ҳеч ким йўқ эди. Ҳакам ўзини йўқотиб қўйганди. Хонасига киргандан кейин ҳам, айни бақир-чақир давом этди," дейди Қизилқум жамоаси вакили.

Ҳодисага гувоҳ бўлган яна бир манбанинг қўшимча қилишича, Ойбек Умаров бош ҳакамни ишдан четлатиш билан таҳдид қилган.

"Сани ишдан бўшатаман, кўрасан ҳали. Сани и...н ҳали," деб бақирарди. Лекин ҳакамнинг дами ичига тушиб кетганди. Ёш йигит бўлгани учун ўзини йўқотиб қўйганди. Кейин ўйин назоратчиси Фарҳод Абдуллаевга "дағдаға" қила кетди," - деди ҳодисага гувоҳ бўлган Озодлик манбаси.

Бироқ, Озодлик на Акобирхўжа Шукируллаев ва на Фарҳод Абдуллаевдан юз берган ҳодиса бўйича изоҳ олабилди.

"Қўқон-1912" футбол жамоаси раҳбариятига боғланиш уринишлари ҳам натижа бермади.

Ҳакам четлатилди

Озодлик Ўзбекистон футболини назорат қилувчи Профессионал Футбол Лигаси (ПФЛ) раҳбариятидан шарҳ олишга ҳаракат қилиб кўрди.

ПФЛ президенти маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев "Қўқон-1912" - "Бухоро" учрашуви бўйича ПФЛга шикоят келиб тушмаганини билдирди.

Аммо, Диёр Имомхўжаевнинг маълум қилишича, "Қўқон-1912" - "Қизилқум" учрашувига ҳакамлик қилган Акобирхўжа Шукуруллаев ўйин жараёнида "кетма-кет хатоликларга йўл қўйгани учун" Суперлигадан четлаштирилган.

Диёр Имомхўжаев Қўқондаги сўнгги икки тур ичида юз берган ҳодисалар бўйича ПФЛга ҳеч қандай шикоят тушмаганини айтди.

Озодлик Ойбек Умаровнинг "Қўқон-1912" қандай алоқаси борлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Жорий йилнинг январь ойида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионати ғолиблари - Ўзбекистон U23 терма жамоаси аъзоларини табриклаган президент Шавкат Мирзиёев футболни коррупциядан тозалаб ташлаганини айтган эди:

- Бу футболни ман очиқ гап, ўзим қўлга олганман. Ичини тозаладик. Ҳамма коррупцияни тозалаб ташладим. Ҳаммасига ўзим янги "Малибу" беряпман, - деб айтганди Шавкат Мирзиёев.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган футбол таҳлилчиларидан бири чиқарган хулосаларга кўра, Ўзбекистон футболи раҳбарияти президентни чалғитишга уринмоқда:

"У турнир ҳеч қанақа аҳамиятга эга бўлмаган турнир эди. Футбол раҳбарлари, менимча, президентни алдашган "мана биз йирик мусобақада ютдик", деб. Сабаби у турнир на Олимпиада ва на Жаҳон Чемпионатига йўлланма беради. Футбол мутахассислари жуда ҳам яхши билиб турибди нималар бўлаётганини. Фақат футбол ишқибозолари назарида футболимиз ҳалол бўлган. Ҳаммаси ёлғон. Футболимиз пастга қараб шўнғияпти. ЎФА раҳбарларининг бахти шундаки, бу йил ҳеч қандай мусобақа йўқ. Келаси йил бошланади. Ана ўшанда билинади," деди футбол таҳлилчиларидан бири.

XS
SM
MD
LG