Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:01

Чиябўрилар уч кечада 22 қўйни бўғизлаб кетди


Ўзбекистон чиябўриси.
Ўзбекистон чиябўриси.

Фарғона вилояти Қувасой шаҳри аҳолисининг чорвасига ҳужум қилган шоқоллар тўдаси уч кун орасида 22та қўйни бўғизлаб кетди. Бу хабарни тасдиқлаган ҳокимлик мулозимига кўра, айни пайтда чиябўриларни отиш, уларни заҳарлаш тадбирлари кўриляпти. Шаҳар яқинидаги сойдан келаётгани тахмин қилинаётган чиябўрилар маҳаллага ярим тунда оралаётгани айтилади.

Қувасой шаҳрининг Дўстлик маҳалласида сўнгги уч кунда уч хонадондаги 22та қўйни чиябўрилар бўғизлаб кетди.

Озодлик манбаси берган бу хабарни тасдиқлаган Қувасой шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, чиябўрилар аҳоли чорвасига тунда ҳужум қилган:

“Дўстлик маҳалласидаги бир одамнинг қўрасидаги 20 мартга ўтар кечаси 18та қўй томоғидан тишланиб, бўғизланган. Эртаси куни яна бир хонадондан учта қўй ва яна биридан битта қўй бўғизлаб кетилган”, деди мулозим.

Унинг айтишича, бу воқеадан сўнг ҳокимлик зудлик билан чиябўриларга қарши курашишга оид тадбир белгилаган:

“Бундай воқеа Қувасойда биринчи марта содир бўляпти. Илгари ҳам шоқоллар ҳар замон маҳаллаларга бир оралаб қўйганини, товуқ ва жўжаларни олиб кетганини одамлар айтишади. Лекин 18 қўйни бирданига бўғизлаши биринчи бор содир бўлмоқда. Шунинг учун ҳам шошилинч чора-тадбирлар белгиланди. Биринчидан, милицияга тезда овчилар гуруҳини тузиб, шоқолларни отишга топшириқ берилди. Иккинчидан, шаҳар Санитария эпидемиология марказига шоқолларни заҳарлайдиган дори тайёрлаб, улар пайдо бўлиш эҳтимоли бўлган жойларга ташлаб чиқиш топширилди”, деди ҳокимлик мулозими.

Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи ветеринар шифокорлардан бирининг айтишича, ит овловчи гуруҳлар маҳалладаги дайди итларни ҳам отиб кетяпти:

“Аввалига бу қўйларни дайди итлар бўғизлаб кетган гаплар ҳам тарқалди. Гўёки битта дайди овчарка ва маҳаллий итни кўришган эмиш. Шунинг учун дайди итларга ҳам ов бошланди. Лекин бу гаплар тасдиқланмади. Чунки ит бирданига бўғиздан олмайди, чиябўри эса тўғри ўлжасининг бўғзидан тишлайди. Бизнинг шаҳарнинг чеккасида катта сой бор. Бу сой боши чакалакзорларга, далаларга тутушган. Биз чиябўриларнинг ўз ҳудудида емиш тополмай, пастга тушиб келганини тахмин қиляпмиз. Одамлар кечаси ёлғиз юргани ҳам қўрқиб қолишди. Болаларники кечаси умуман кўчага чиқармаяпмиз”, деди ветеринар.

Ўзбекистонда чиябўриларнинг аҳоли чорвасига ҳужум қилиш ҳолатлари жуда кам учрайди.

Овчиларнинг айтишларича, чиябўрилар, асосан, деҳқонларнинг полиз экинларига ва уй паррандаларига ҳужум қилиши кузатилган.

Аҳоли чорвасига, асосан, бўриларнинг ҳужум қилиш ҳолатлари Ўзбекистонда кўп учрайди.

Жумладан, 2014 йилнинг март ойида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги қишлоқларда бўрилар галаси аҳоли чорвасига ҳужум қилиб, қўйларини бўғизлаб кетгани хабар қилинган эди. Ўшанда 77та бўри отиб ўлдирилган эди.

Ўша йилнинг ёзида Сурхондарё вилоятидаги Шўрчи туманининг тоғ ён бағридаги қишлоқларда яшовчи аҳолининг чорвасига бўри ҳужум қилган эди. Озодлик манбаларига кўра, Ҳисор қўриқхонасидан тушиб келган бўрилар қўй-қўзиларни бўғизлаган.

XS
SM
MD
LG