Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Газчилар бўйнига катта қарз илган тўрақўрғонлик ўзига ўт қўйди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшайдиган 47 яшар А.А. (Озодликка жабрланувчининг исми-шарифи маълум -таҳр.) 30 март куни эрталаб устига бензин сепиб, ўзига ўт қўйди. Бу хабарни тасдиқлаган туман ҳокимлиги мулозимига кўра, қарийб 100 фоизлик куйиш жароҳати билан касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган бу одам кечга бориб жон таслим қилган. А.А. маҳалладошларининг айтишларича, газ таъминоти идораси бўйнига катта миқдорда қарз илиб қўйгани учун А.А. воқеадан олдин бир неча кун газчилар билан жанжаллашиб юрган.

Тўрақўрғон туманидаги Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинининг Еттикон кўчасида яшовчи 47 яшар А.А.нинг 30 март куни ўз жонига қасд қилганини қўшнилардан бири Озодликка хабар қилди.

“Бугун эрталаб ишга кетаётганимда шу хабарни эшитдим. А.ни яхши таниганим учун югуриб бордим. Борсам қўни-қўшнилар, маҳалла фаоллари йиғилган. А.ни дўхтирга олиб кетишибди. Ўша ерда турган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, А. эрталаб молхонага кириб ўзининг устига бензин қуйиб, ёқиб юборибди. Вой-додни эшитган хотини югуриб борса, эри гувиллаб ёнаётган экан. Ўчираман деб у ҳам анча жойини куйдириб олибди. Ўғиллари ва қўшнилар чиқиб ўтни бирга ўчиришибди”, деди янгиободлик суҳбатдош.

Айтилишича, мардикорлик қилиб оила тебратиб келган А.нинг тўрт ўғли ва бир қизи бор.

Тўрақўрғон туман марказий касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бири, жабрланувчининг оғир куйиш жароҳати билан жонлантириш бўлимига ётқизилганини айтди.

Тўрақўрғондаги марказий касалхонанинг реанимация бўлими
Тўрақўрғондаги марказий касалхонанинг реанимация бўлими

“Аҳволи жуда ҳам оғир, танасининг 95-96 фоизи, нафас олиш йўллари куйган. Вилоятдан санавиация келди. Транспортировка қилиш маъқул эмас, деган хулосага келинди. Ҳозир оғриқни қолдирувчи уколлар қилганмиз. Ҳушида йўқ, шунинг учун аниқ бир нарса айтолмайман”, деди шифокор.

Унинг айтишича, А. нинг хотини ҳам куйиш жароҳати билан касалхонага ëтқизилган.

“Эрини қутқараман деб, аёлнинг ҳам панжа ва билаклари куйган. Лекин ҳаёт учун хавфли куйиш эмас. Унга ҳам тиббий ёрдам кўрсатаяпмиз”, деди шифокор.

Лекин кечга бориб, Озодлик жабрланувчининг вафот этганлиги ҳақида хабар олди.

А.А.нинг ўзига ўт қўйгани юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг “Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш” моддаси билан жиноят иши очилиб, бу ишни Тўрақўрғон туман прокуратураси тергов қилмоқда.

Исми очиқланмаслигини сўраган маҳаллий мулозимларидан бири А.А. нинг ўзига ўт қўйишига сабаб сифатида бир неча версия кўриб чиқилаётганини айтди.

“Прокуратурадан олган маълумотимга кўра, А.нинг ўз жонига қасд қилишига газчилар билан бўлган жанжали сабаб бўлиши мумкинлиги версиялардан бири сифатида ўрганилаяпти. Чунки, газчилар уни яқин 2 миллион сўм қарздор қилиб қўйган экан, кейин уйидан газ сўрадиган насос топиб олиб, прокуратурага ёзиб беришган экан. Газчилар билан анча жанжаллашиб, тортишиб юрган экан. Бу гапларни прокуратурага унинг хотини айтган”, деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистонликларнинг ҳақсизлик ва адолатсизликка исён сифатида ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туради.

Жорий йилнинг 20 февраль куни Хоразм вилоятининг Хива туманида яшайдиган Хурсанд Бобожонов туман икки ишлар бўлими биноси олдида ўзига намойишкорона ўт қўйган эди. Бу фактни Озодликка тасдиқлаган ички ишлар мулозимига кўра, ҳайдовчи шу тариқа йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг автомобилини ноқонуний олиб қўйилишига қарши ўз норозилигини билдирган.

Ўтган йилнинг 22 июль оқшомида иккинчи гуруҳ ногирони Шербой Райимов Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Миллий хавфсизлик биноси ўнгида ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлган эди.

2014 йилнинг 16 декабрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Работ қишлоғида истиқомат қилувчи 27 ёшли аёл молхонада устига бензин қуйиб ўзига ўт қўйган ва ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG