Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:58

Жарқўрғон прокуратураси ҳибсда ўлган тадбиркор ишини тергов қилмоқда


Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ИИБ 20 январь куни ҳибсга олинган 33 яшар тадбиркор Муродилла Омоновнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ва туман прокуратураси тергов олиб бораётганини билдирди. Тадбиркор 20 январь оқшом маст ҳолда ҳибсга олинган ва орадан бир неча соат ўтиб, унинг жасади оиласига берилган.

Тадбиркорнинг яқинларига кўра, милиция ходимлари жума оқшом тўйдан қайтаётган ​Омонов машинасини тўхтатиб, унинг алкогол ичганини пайқагач, ҳибсга олган, орадан бир неча соат ўтгач, унинг жасадини онаси Кароматхон Қодировага топширган.

23 январь куни Озодлик мухбири ҳодиса юзасидан туман ИИБ, прокуратура ва ҳокимиятига боғланди.

Жарқўрғон тумани ИИБ ходимидан олинган маълумотга кўра, 20 январдан 21 январга ўтар кечаси содир бўлган ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва айни пайтда туман прокуратураси тергов олиб бормоқда.

Озодлик "Агар жиноят иши қўзғатилган бўлса, Ўзбекистон ЖКнинг қайси моддаси остида қўзғатилди ва кимга нисбатан қўзғатилди? Қийноқ қўлланилганига оид иддаони тасдиқлайсизми?" каби саволларга туман ИИБ ва айни пайтда туман прокуратурасидан ҳам аниқ жавоб ололмади. ИИБ вакили тергов манфаатлари доирасида бошқа маълумот берилмаслигини билдирди.

Туман ИИБ ходимлари томонидан ҳибсга олганидан сўнг қисқа муддат ичида вафот этган тадбиркорнинг онаси Кароматхон Қодирова расмийлар ўғли юрак хуружи​ - инфаркт миокарддан ўлди, деб билдирганини айтмоқда.

"02"га қўнғироқ қилсам, ўғлингиз юрак хуружи билан район касалхонасига олиб кетилди, дейишди. Лекин, қошини тепасидаги чандиқни кўрдингизми? Бошининг орқа тарафини ёрган, кесган, қонаб ётибди. Томоғидан бошлаб, қорнигача ёришган. Ўҳ сингилжон, боламни еди булар", дейди Кароматхон Қодирова.

Яъни, марҳумнинг яқинлари Омонов юрак хуружидан ўлган бўлса, унинг қоши тепасида тикилган ёриқ ва боши ортидаги бир неча жароҳат излари қандай пайдо бўлди, деган саволларга жавоб изламоқда.

Муродилла Омоновнинг ўлими юзасидан патологоанатом экспертиза хулосаси 15 кун ичида тақдим этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан йиллардан буён шуғулланиб келган ҳуқуқ фаоли - Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам ҳодисани ўрганмоқда ва Озодликка бу ҳақда мана буларни билдирди:

"Менга маълум бўлишича, бошининг орқа тарафи оғир предмет билан, қандайдир темир ёки бир ўткир нарса билан қошининг тепасига, бошининг орқасига урган. Энди танасининг бошқа қисмида қийноқ излари бўлгани-бўлмагани – менга ҳозирча маълум эмас".

Кароматхон Қодирова ўғли нима сабабдан ўлгани ҳақидаги саволларига туман ва вилоят ИИБ, прокуратураси аниқ жавоб бермаётганини даъво қиларкан, Ўзбекистон президентидан бу ишга аралашишини сўради:

"Илтимос, Шавкат Миромоновичга, иложи бўлса, етказинглар! Мен тадбиркор аёлман, мақтанмайман, меҳнат билан шу даражага етишган аёлман. Мен энди булар билан курашаман, бор ҳақиқат президентимизга етиб борса, армоним йўқ эди!"

Озодлик ҳодиса тафсилотларини аниқлашда давом этади, янгиликларни сайтимизда кузатиб боринг!

XS
SM
MD
LG