Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Газ сўраб кўча тўсганларга милиция Мирзиëевга раҳматнома ëздирмоқда


Eltuz.com рассоми чизган карикатура
Eltuz.com рассоми чизган карикатура

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Тошкент-Термиз автомагистралини 24 ноябрь куни газ ва электр йўқлигига норозилик сифатида тўсган аëллар шу кунларда милиция бўлимларига чақирилиб тушунтириш хати ëздирилмоқда.

Вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 24 ноябрь куни пикетга чиққан аëллар билан тушунтириш ишлари ўказилиб, улардан пикет ташаббусчиларига қарши кўрсатма олинмоқда:

- Қарағўйли, Обуз ва Қашқабулоқ қишлоғининг бир гуруҳ аёллари билан олдин прокуратура ва кейин вилоят ички ишлар бошқармасида суҳбат қилинди. Улар ўз ташаббуси билан эмас¸ балки ташкилотчилар тарғиботига ишониб кўчага чиқишгани ҳақида ëзиб беришди. Барча аëллар шароитидан мамнунлигини ва Мирзиëев сиëсатини қўллаб-қувватлаши ҳақида қўшимча тилхат ҳам ëзиб беришди¸ дейди манба.

Манбанинг яна айтишича¸ прокуратура 24 ноябрь куни аëлларни кўчага чиқишини ташкил қилган икки нафар аëлни ҳам сўроқ қилган:

-Сиз айтгандек 200 эмас балки 50 га яқин аëлни республика миқëсидаги стратегик аҳамиятга эга Тошкент-Термиз магистралини тўсишга даъват қилган икки аëл ҳақида етарлича маълумот бор. Ҳозир прокуратура бу икки аëл ҳатти-ҳаракати қонунга мувофиқ ëки мувофиқ эмаслигини ўрганмоқда¸ дейди манба.

"Мулоқот" йилидаги "Мулоқот"

Пикетга чиққан аëллар билан милициянинг "мулоқот" қилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ташкилий чоралар тўғрисидаги фармойишга имзо чеккани ортидан юз бермоқда.

"Жиззах вилоятида газ тақчиллиги бўйича расмийлар ва аҳоли ўртасидаги диалог ўхшамади – пикет иштирокчиларини қўлга олиб, сўроқ қилишмоқда" дея ëзган fergananews.com нашрига кўра¸ одамларни дардини эшитиш масаласидаги вазият ўзгаришсиз қолган.

Тунги сўроқлар

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевнинг айтишича¸ Ғаллаорол туман ИИБ терговчилари пикетда қатнашган аëлларни кечаси уйларидан олиб кетиб уч соатлаб сўроқ қилиб, силласини қуритмоқда:

-Кунига 4 ëки 5 аëлни кечқурун уйидан олиб кетиб сўроқ қилмоқда. Пикетни ким уюштиргани ҳақида уларга савол берилмоқда. Охири уларни пикет ташкилотчиси дея назарда тутилганлар устидан чақув хати ëзишга мажбурлашмоқда. Билишимча, барчаси бундай хатни ëзиб берган,- дейди Пардаев.

Суҳбатдошга кўра¸ воқеадан 20 кун ўтиб пикетчилар савол-сўроққа тутилган:

-Аввалига индашмади. Ҳоким ва унинг ўринбосарлари келиб, халқни йўлни очишга, эртадан бошлаб газ ва электр таъминотини яхшилашга ваъда ҳам берди. Бир қоп-икки қоп кўмир ҳам беришди. Хушмуомала бўлишди. Орадан 20 кун ўтиб уларни дарғазаб милиционерлар чақириб сўроқ қила бошлашди¸- дейди Ўктам Пардаев.

Сайлов арафасида тўсилган йўл

Шу кунларда милицияга олиб кетилиб, сўроқ қилаëтган аëллар 24 ноябрь куни бир соат давомида Тошкент-Термиз магистрал йўлини икки томонини беркитиб, масъул амалдорлардан газ ва электр йўқлиги билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб беришни талаб қилган эди.

Ғаллаорол туманида яшайдиган пенсионер Набижон Жўрабоев ўша қишлоқларга бориб, йўлни тўсишда иштирок этган одамлар билан гаплашганини айтар экан, аёллар талаблар ёзилган плакатлари билан норозиликка чиққанини айтган эди.

Сайловдан кейин яна газ йўқ

Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевнинг Озодликка айтишича¸ пикетдан кейин сал бўлса ҳам яхшиланган газ ва электр таъминоти сайлов этганидан кейин яна айни холатига қайтган.

“Уйлар совуқ.Туманда газ йўқ¸ электр эса бир ўчиб-бир ëниб турибди” дейди суҳбатдош.

Айни пайтда газ таъминоти масаласининг ечими йўқлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми пайтида газ ва электр энергияси тақчиллиги боис, аҳолининг у ёки бу шаклда норозилик билдириш ҳолатлари баъзан кузатилиб турилади.

Бу норозилик намойишларида, асосан, хотин-қизлар иштирок этади.

2013 йилнинг 5 ноябрида Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзеси Хўжасоат маҳалласининг юзга яқин аҳолиси мавзедан ўтадиган автомобил йўлини тўсиб, уч кун электр энергияси ва газ берилмаганига қарши ўз норозилигини шу тарзда ифода этган эди.

Жумладан, 2012 йилнинг 17 декабрида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Самарқанд маҳалласида истиқомат қиладиган юзга яқин аёл 17 декабр куни эрталаб автомобилларнинг эски шиналарини Тошкент-Самарқанд автомагистралига думалатиб, йўлни тўсган эдилар.

XS
SM
MD
LG