Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:11

Нурулло Отахоновни иккита адвокат ҳимоя қилади


Нурулло Отахонов ўғли Файзуллахон ва невараси билан.
Нурулло Отахонов ўғли Файзуллахон ва невараси билан.

Туркиядаги муҳожиратдан ватанига қайтгач Тошкент аэропортида ушланиб, тўрт кун аввал Тоштурмага қамалган ёзувчи Нурулло Отахоновни иккита адвокат ўз ҳимоясига олди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ёзувчининг ўғли Файзуллахон Отахонов отаси Ёзувчилар уюшмасидан ҳибс арафасида чиқарилганини ҳам иддао қилиб, буни “ўзбек зиёлиларининг хиёнати” дея атади.

“Тоштурмадагилар отамга яхши муносабатда бўлган”

Ёзувчининг турмуш ўртоғи Гулнора Отахонова 28 сентябрь куни Озодликка бир неча адвокатнинг Нурулло Отахоновни ҳимоя қилишдан бош тортгани тўғрисида маълум қилганди. 30 сентябрь куни ёзувчининг ўғли Файзуллахон Отахоновнинг Озодликка хабар қилишича, отасини иккита адвокат ўз ҳимоясига олган:

- Иккита адвокат топилди. Иккинчи адвокат душанба кунидан иш бошлайди. Биринчи адвокат ўтган куни кечқурин топилган ва кеча пешиндан кейин соат 2да дадам билан Тоштурмада учрашган,- деди Файзуллахон.

Файзуллахон Отахоновга кўра, адвокат қамоқда ётган Нурулло Отахоновнинг аҳволи яхши эканлигини айтган:

- Дадамга нисбатан қийноқ ёки унақа бошқа ортиқча гап-сўзлар бўлмаган. Тоштурмадаги ходимлар ҳам, хонадошлари ҳам яхши муносабатда бўлишган. Фақат юраклари безовта қилган, дори беришгач, ўзларини яхши ҳис қилишган. Туркияда пайти ҳам юраги безовта қилиб турарди,- деди Файзуллахон.

“Отамни ҳибс арафасида Ёзувчилар уюшмасидан чиқаришган”

Файзуллахон Отахонов отаси Ёзувчилар уюшмасидан ҳибсга олинган кунлари чиқарилганини иддао қилади:

- Онам жорий йил июль ойида Туркиядан Тошкентга кетди. Боргач мазаси бўлмагач, Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникасига борган. Биз отам Ёзувчилар уюшмасида бўлгани боис шу поликлиникага оилавий боришимиз мумкин эди. Онам боргач, поликлиниканинг бошврачи Ёзувчилар уюшмасига, Дилбар опага қўнғироқ қилганлар: “Отахонова келди, нима қилайлик” деб. Кейин Дилбар опа “Сиз бемалол қабул қилаверинг. Муаммо йўқ” деган. Кейин онамни қабул қилиб, докторлардан ўтган. Демак, июль ойида отам уюшма сафида бўлган. Шу яқин кунларда буйруқ билан чиқарилгани аниқ бўлаяпти. Энди уюшмада бўлишлари шараф келтирмайди. Лекин уюшмадагиларнинг бу ҳаракати хиёнат ҳисобланади,- деди Файзуллахон Отахонов.

28 сентябрь куни ёзувчини тергов қилаёган Яшнобод туман ИИБ терговчиси Музаффар Каримов Озодликка Нурулло Отахонов 2013 йилдан бери ҳеч қаерда ишламагани ва у кишининг “делосида иш жойидан ва Ёзувчилар уюшмасидан тавсифнома йўқ”лиги ҳақида гапирган эди.

Файзуллахон Отахонов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Файзулла Отахонов: Ёзувчилар уюшмасининг отамга нисбатан қилган иши ҳиёнатдир
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:04 0:00
Бевосита линк

Расмий: Адиб 159-модда билан айбланмоқда

Нурулло Отахонов президент Мирзиёевнинг “четдаги ватандошлар Ўзбекистонга қайтсин” деган чақириғидан руҳланиб¸ Ўзбекистонга биринчи бўлиб қайтган ва қайтиши биланоқ ҳибсга олинган илк таниқли шахсдир.

У 26 сентябрь куни Истанбулдан Тошкентга қайтгач, аэропортда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан хибсга олинди ва қўлдаги кишанлари билан милиция бўлимига олиб келинди.

Мирзиëевга ишониб ватанга қайтган ўзбек адиби Тоштурмага олиб кетилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:31 0:00

Терговчиларнинг сўзларига қараганда, Отахоновнинг ушланишига унинг “Бу кунлар” китобидаги ғоялар сабаб бўлди. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси хулосасига кўра, китобда «экстремистик» ғоялар мавжуд.

Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда ёзувчи Нурулло Отахоновнинг қўлга олинганига изоҳ бериб, адибнинг жорий йил 11 май куни қидирувга берилганини маълум қилди:

«Отахонов Нуруллога нисбатан 11 май куни 159-модда бўйича [Жиноят кодекси — Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш] жиноий иш қўзғатилди. Мазкур жиноий иш бўйича қатор тергов ҳаракатлари амалга оширилди ва унга нисбатан 159-модда 1-қисм, 244-модда 3-қисм „г“ банди бўйича сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш кўринишидаги чора танланган ва қидирув эълон қилинган», деди Тошхўжаев.

Диссидент ёзувчи

Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. “Йўл бошида” “Дунё кенг”, “Шу ерлик киши” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали танилди.

Ëзувчининг севги мавзусидаги “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб топилган эди.

Ушбу ҳикоя асосида “Оқ бино оқшомлари” бадиий филми суратга олинган. Ёзувчи турк, гуржи, хитой ва рус адабиётидан бир қатор асарлар таржима қилган. Жумладан, ёзувчи Темур Пўлатовнинг “Тарозий тошбақаси” (“Черепаха Тарази”) романи ҳамда “Шинаванда” (“Завсегдатай”) қиссаси ҳам Отахонов таржимасида ўзбек китобхонига етиб борган ëзувчи кейинги 25 йил мобайнида “Ёшлик” (Бўлим мудири), “Муштум” (Масъул котиб), “Шарқ юлдузи” (Бўлим мудири), “Ҳидоят” (Бош муҳаррир) каби турли журналларда ҳамда “Мовароуннаҳр” нашриётида (Бош директор) ишлаб келган.

Отахоновнинг “Озодлик”ка айтишича¸ 2013 йил охирида очиқ айтилмаган сабабларга кўра бирдан “Мовароуннаҳр" нашриёти Бош директорлиги ҳамда “Ҳидоят” журнали Бош муҳаррирлигидан бўшатилган ва шунинг ортидан иқтидор учун исталмаган кишига айланган.

XS
SM
MD
LG