Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:01

Сурхондарёлик деҳқонлар ерёнғоғини тортиб олиш яна бошланди


21-22 октябрда Сариосиё туманида бир неча деҳқоннинг ерёнғоқ ҳосили Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан тортиб олинди. Денов туманида эса, ҳосилини йиғиштириб олган деҳқонлардан пул талаб қилинмоқда. Озодлик ва маҳаллий блогернинг мақолалари ортидан ўтган ҳафта охирида деҳқонлар ҳосилини тортиб олиш тўхтаган эди.

Бир машина ерёнғоқни олиб кетишди

21 октябрь куни тушдан кейин Сариосиё туман, Ҳуфар қишлоғидаги фермер хўжаликларидан биридан ижарага ер олиб, ерёнғоқ эккан деҳқон кўтарган ҳосилнинг бир қисми - бир машинаси Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан мажбуран олиб кетилди.

Бу ҳақда деҳқоннинг воқеага гувоҳ бўлган қариндошларидан бири Озодликка хабар қилди:

“Мажбурий ижро бюроси ходимлари бир неча машинада келишди. Ерёнғоқни ўзлари юк машинасига ортишди. Жами ҳосилнинг бешдан бирини олиб кетишди. Қариндошимиз 70 сотих ерни фермердан 700 минг сўмга сотиб олганди. Бу 3-4 ойга, такрорий экин учун. Кейин яна қанча ҳаражат қилди. 85 кило уруғ сотиб олган, 900 минг сўмча кетган. Кейин ерни ҳайдатиш, культивация қилиш учун ҳам пул кетган. Жами 3 миллион сўмдан зиёд пул кетган. Энди қолган ҳосилини ҳам олиб кетишидан қўрқиб ўтирибди”, деди деҳқоннинг қариндоши.

Суҳбатдаш сўзларидан маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси ходимлари фермер хўжалигининг қарзини қоплаш учун, фермердан ер олган деҳқонларнинг ҳосилини тортиб олмоқда.

Сариосиё туманидаги деҳқонлардан бирининг айтишича, 22 октябрь куни унинг ҳам 20 қоп ерёнғоғини мажбурий ижро бюроси ходимлари олиб кетган.

Ўзини Сариосиё туман ҳокимининг ёрдамчиси Амирилло деб таништирган йигит деҳқонлар ерёнғоғининг олиб қўйилаётгани сабабини сўраганимизда “Вазиятни ўрганиб кейин жавоб берамиз” дея телефон гўшагини қўйиб қўйди.

“Ерёнғоқ учун пул сўраяпти”

Сариосиё туманига қўшни Деновда кейинги кунларда деҳқонларнинг ҳосилларини олиб кетиш ҳолатлари тўхтаган. Бироқ деҳқонлар иддаосига кўра, эндиликда Мажбурий ижро бюроси ҳодимлари йиғиштириб олинган ҳосил учун пул талаб қилмоқда:

“Мендан 1 миллион сўм пул сўрашди. Ҳали берганим йўқ. Қўшнимиздан ерёнғоғи учун 500 минг сўм олишган. Лекин пулни олиб, қўлига ҳеч қандай қоғоз беришмаган: “Пул тўланди” деган. Қизиғи қанча айтса ҳам савдолашиб, суммани озайтириш мумкин. Агар давлат учун бўлса, нимага савдолашиш мумкинлигига тушунмаяпмиз”, дейди ўзини ошкор қилмасликни сўраган деновлик деҳқон.

Деновнинг Ўзбекистон қишлоғи Чамбил маҳалласида яшовчи бошқа бир деҳқон ҳам ерёнғоғининг анча қисмини тортиб олишгани ва ҳозирда қолган ҳосили учун пул сўрашганини айтади:

“2 гектарга ерёнғоқ эккандим. 15 қоп ерёнғоқни йиғиштириб қўйган жойимиздан олиб кетишди. Кейин яна бир машина ерёнғоғимни олиб кетишди. Қолган ерёнғоқни ярим кечаси, яширинча уйга олиб келдим. Ўзимнинг ҳосилимни ўзим ўғриларча, 3 кун ярим тунда ташидим. Бир марта милиция ушлаганди, унга пул бериб қутилдим. Уйга олиб келган ерёнғоғимни олиб кетишларидан қўрқиб, учта жойга яшириб қўйдим. Кейин сўнгги 2-3 кундан бери, мажбурий ижро бюроси ходимлари ерёнғоқ эккан деҳқонларнинг уйларига бориб, ҳосил учун пул сўраяпти. Менга ҳам келишди. 2 миллион сўм сўрашди. Нима қилишни билмаяпман. Яширган жойимдан топиб, олиб кетишмаса бўлди”, дейди чамбиллик фермер.

Денов туман ҳокимлиги вакили деҳқонларнинг ҳосиллари фермер қарзи учун олиб қўйилаётгани борлигини айтиб, пул сўраш билан боғлиқ ҳолатларни инкор қилди.

Танқиддан сўнг ерёнғоқ тортиб олиш тўхтаган эди

Сурхондарёда давлатдан қарздор бўлган фермернинг ерига такрорий экин сифатида экилган ерёнғоқ ҳосилининг тортиб олинаётгани ҳақида Озодлик радиоси ва сурхондарёлик блогер мақолалари ортидан Деновда давлатдан қарзи бўлган фермерлар қўлида ишлаган деҳқонларнинг ҳосилини тортиб олиш ўтган ҳафта охирида тўхтаганди.

Фейсбукчи - блогер Муҳаммад Шакурнинг Озодликка айтишича, деҳқонлар фермердан ижарага олган ердаги ерёнғоғини қарийб йиғиштириб бўлган. 16-18 октябр кунлари бу ҳосилни ҳокимият тортиб олгани кузатилган эди.

Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов 18 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда деҳқонларнинг ерёнғоғи олиб қўйилаётганини тасдиқлаганди:

“Ерёнғоқ билан мош фермер хўжаликлари томонидан ҳар йилгига нисбатан бу йил кўп экилган. Биз ерёнғоқ билан мош ҳосилининг талон-тарож бўлишига йўл қўймаяпмиз. Ҳар бир фермер хўжалигининг дебиторлик, кредиторлик қарзи бор. Ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ҳамма маблағни фермернинг ҳисоб рақами орқали айлантираяпмиз“.

Муҳими, ерёнғоқ етиштирган сурхондарёлик деҳқонларнинг шу кундаги ташвишлари тўғрисида ёзган фейсбукчи-блогер Муҳаммад Шакурга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Фейсбук орқали жавоб берди.

Блоггерга кўра, Сурхондарёда фермердан ерни ижарага олиб, иккинчи экин экиш анаъанаси доим бўлган. Деҳқонлар, одатан, пиёз, картошка ва ерёнғоқ экадилар. Озодлик билан суҳбатда ҳокимият вакили айтганидек, бу йил Сурхондарёда рекорд миқдорда ерёнғоқ етиштирилган.

Иккинчи экинлар, аксар ҳолларда, воҳалик деҳқонларнинг бир йиллик меҳнати эвазига топиладиган асосий ва ҳатто, ягона даромад манбаидир.

XS
SM
MD
LG