Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Гулнора уйи тинтувига бошчилик қилган генерал божхонага раҳбар бўлди


Гулнора Каримова устидан уй қамоғини Президент хавфсизлик хизмати назорат қилади
Гулнора Каримова устидан уй қамоғини Президент хавфсизлик хизмати назорат қилади

Ўзбекистоннинг собиқ президенти хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган Муиджон Тоҳирий Давлат Божхона қўмитасининг раиси этиб тайинланди.

Муиджон Тоҳирий ҳақидаги маълумот Давлат божхона қўмитаси сайтида пайдо бўлди
Муиджон Тоҳирий ҳақидаги маълумот Давлат божхона қўмитаси сайтида пайдо бўлди

1967 йил ҳозирги Навоий вилояти ҳудудида туғилган Муиджон Тоҳирийнинг Божхона қўмитаси раиси этиб тайинланиши Шавкат Мирзиёев президент сифатида қасамёд қилганидан буён ҳукуматда бошланган йирик ўзгаришларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Генерал-майор Муиджон Тоҳирий 2013 йилда президентнинг қудратли хавфсизлик хизматини кўп йиллар давомида бошқарган Аҳат Носиров ўрнини эгаллади ва ушбу хизматга уч йил раҳбарлик қилди.

Унгача Тоҳирий икки йил давомида Республика раҳбари давлат маслаҳатчиси, Миллий Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Муиджон Тоҳирий 2000-йилларда Наманган ва Андижон вилоятлари Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаларида раҳбар лавозимларда фаолият юритган.

Ўзбекистон Миллий хавфизлик хизматининг ёш генерали Муиджон Тоҳирий ҳақида маълумотлар ниҳоятда чекланган.

У ҳақда илк маълумот марҳум президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг уйи тинтув қилиниши ортидан пайдо бўлди.

Тоҳирий бошқарган тинтув

@Persona887788 аккаунти эгаси Твиттерда тинтув қоғозини ҳам илова қилган
@Persona887788 аккаунти эгаси Твиттерда тинтув қоғозини ҳам илова қилган

Божхона қўмитасига тайинланган генерал-майор Муиджон Тоҳирий, собиқ президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова иддаосича, 2014 йили февралида унинг уйида ўтказилган тинтувга шахсан раҳбарлик қилган.

Ўшанда бу ҳақда Twitter тармоғида Free Gulnara (SOS) хэштэги остида хабар тарқатган @Prersona887788 аккаунти тинтув ҳужжатини тақдим қилган. Кимлиги маълум бўлмаган бу аккаунт эгаси ҳужжат нашр қилиш баробарида, Муиджон Тоҳирий Гулнора Каримовани урганини ҳам иддао қилганди.

Шунингдек, Гулнора Каримовага яқин манбанинг Озодликка маълум қилишича, унинг Тошкентдаги квартирасида тинтув ўтказган кишилар бу ерда ҳозир бўлганларнинг мобил телефонлари ва компьютерларини олиб қўйганлар, ушланганларни эса Бош прокуратурага олиб кетганлар.

Россия ахборот воситалари, тинтувдан кейин Гулнора Каримованинг уйида бўлган уч шахс - унинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров, шахсий ёрдамчилари Гаяне Авакян ва Екатерина Клюева - ҳибсга олингани ҳақида хабар қилди.

Хабарларда тинтув чоғида Гулнора Каримованинг қизи Иймон Каримова ҳушидан кетгани, сўнг она-бола шифохонага олиб кетилгани иддао қилинганди.

Гаяне Авакян Ўзбекистон маҳкамаси ҳукми билан қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Гулнора Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров ҳам 2014 йили Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан одам ўғирлаганлик айблови билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

2016 йил ноябрь ойи охирида Би-би-си Ўзбек хизматига гапирган Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов онасининг Тошкентда уй қамоғида қолаётганини айтди.

Президент Хавфсизлик хизматига яқин Озодлик манбасига кўра, Гулнора Каримова устидан уй қамоғини ҳозир ҳам Президент хавфсизлик хизмати назорат қилади

"Жуда камсуқум одам"

Муиджон Тоҳирийни сиртдан танишини айтган ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаган юқори мартабали зобитнинг Озодликка маълум қилишича, сўнгги ўзгариш "президент Шавкат Мирзиёев ўз командасини тузишга киришганини кўрсатади".

"Шавкат Мирзиёев ўзи билган ва ишонган одамларни муҳим постларга кўя бошлади. Муиджон Тоҳирий таможняга бошлиқ бўлиб кетгани, унинг четлашганини англатади. Бу лавозимда узоқ қолмаслиги аниқ," дейди юқори мартабали зобит.

Бироқ, Муиджон Тоҳирий ҳақида қатор мақолалар муаллифи, uzemtronom.com сайти муҳаррири Сергей Ежковнинг айтишича, Муиджон Тоҳирийнинг янги вазифага тайинланиши, амалда, президентнинг унга бўлган ишончига мисол бўла олади.

Сергей Ежков Муиджон Тоҳирийга "жуда камсуқум одам", дея таъриф берди.

- Ўзбекистондаги шароитда бир амалдор ўзгалар бизнесини тортиб олмаса - бу яхши аломат. (Муиджон Тоҳирий) давлатга хизмат қилади. Шунинг ўзи етарли. Бошқа генераллардан фарқи шундаки, одамлар орасида унда қандайдир бизнес бор, пули бор, деган гап-сўз йўқ. Муиджон Тоҳирий жуда камсуқум одам ва ўз обрўсини қандайдир тижорий "разборка"лар билан булғамаган, - деди Сергей Ежков.

Президент Хавфсизлик хизмати раҳбарлигига кимнинг тайинлангани Озодликка ҳозирча аниқ эмас.​

Аммо, президент хавфсизлик хизматига яқин Озодлик манбасининг айтишича, Шавкат Мирзиёев "бошиданоқ бу лавозимга ўзига яқин одамни олиб келиши аниқ эди".

Ўзбекистон ҳукуматига яқин Озодлик манбасининг айтишича, Шавкат Мирзиёев президент хавфсизлик хизмати таркибини кескин қисқартирмоқда.

Собиқ президент Ислом Каримов даврида ушбу хизматда юзлаб зобитларнинг ишлагани маълум.

Тоҳирий божхона қўмитасини 2011 йилдан бери бошқариб келган Зоҳид Дусанов ўрнини эгаллади.

Дусанов эса Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментига раҳбар бўлиб кетган.

Зоҳид Дусанов Божхона қўмитаси раҳбар бўлишидан аввал уч йил давомида айни департаментни бошқарганди.

Ўзбекистон ҳукумати порталининг вазирликлар, қўмита ва идоралар раҳбарларига оид қисми ҳозирга қадар ҳам янгилангани йўқ.

XS
SM
MD
LG