Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

1 март келди, лекин банклар тадбиркорларни терминал билан таъминлай олмаяпти


UZPAYNET компаниясининг терминали йўқ агентлари ва баъзи тадбиркорлик субъектлари 1 мартдан бошлаб ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Чунки, шу кундан бошлаб Ўзбекистонда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектларида касса терминалисиз савдо қилиш тақиқлаб қўйилди. Тадбиркор ва пайнетчилар банклар терминал етказиб беролмаётганидан шикоят қилмоқда.

Терминал йўқ

UZPAYNET компаниясининг Хоразм вилояти бўлими мутахассисига кўра, тармоқ агентларининг қарийб 30 фоизи касса терминали билан таъминланмаган:

“Бугундан пайнетларга терминалсиз фаолият юритиш тақиқланди. Солиқдан огоҳлантириш хатлари берилган. Терминали йўқ клиентларга терминалсиз ишлаш мумкин эмас, деб айтяпмиз. Лекин, банкларда терминал қолмапти. Банклар, ариза бериб қўйинглар, таъминлаймиз деб айтяпти”, деди мутахассис.

"Вақтинча ишлаб туриш мумкин"

UZPAYNET компаниясининг вакили Озодлик билан суҳбатда банклар терминал билан таъминлай олмаётганини тасдиқлади. Лекин, мутахассис пайнетчиларнинг вақтинча терминалсиз ишлаб туриш чораси борлигини айтди:

“Бирор агентнинг терминали бўлмаса у банкка мурожаат қилгани ва терминал олиш учун навбатда тургани ҳақида справка тақдим этиши керак. Бу справкада унга қачон терминал берилиши муддати кўрсатилган бўлиши керак. Биз шу справка бўйича унга пайнетни ёқиб берамиз. Унгача улар терминалсиз ишлаб туришади. Солиқчилар келса, ана шу справкани кўрсатади”, деди мулозим.

Мулозимнинг қўшимча қилишича, бу тартиб солиқ идораси билан келишилган ҳолда вақтинчалик амал қилади.

"ЯУПМ терминал етказиб беролмаяпти"

Биринчи мартдан бошлаб чакана савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларида касса терминалисиз савдо қилишнинг тақиқланиши дўкондорларни саросимага солиб қўйди.

Терминалсиз ишлаётган тадбиркорлар, банкларда ижарага ёки лизингга олиш учун терминаллар етишмаётганидан шикоят қилмоқда.

Айни пайтда, Хоразм вилоятидаги банклардан бирининг мулозими, терминал етказиб беришга вазифадор бўлган Ўзбекистон Банклар Ассоциациясининг Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУМП) ўз мажбуриятини бажара олмаётганини айтди:

“Бизга терминалларни Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази МЧЖ етказиб бериши керак. Лекин бу доимо муаммо бўлиб келяпти. Терминал билан таъминлайдиган бошқа таъминотчи йўқ", деди банк мулозими.

Озодлик нима сабабдан терминал муаммоси юзага чиққанини билиш мақсадида Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази билан боғланди.

Марказнинг терминал таъминоти билан шуғулланадиган Жавоҳир Қудратов исмли мулозими, Озодликнинг бу ҳақдаги саволини эшитгач, жавоб бермай алоқани узиб қўйди. Жаноб Қудратов билан боғланишнинг бошқа имкони бўлмади.

"Терминал билан таъминлаш монополия қилиб олинган"

Ўзбекистон банкларидан бирининг исми сир қолишини сўраган мулозими, “терминал муаммоси бу соҳанинг монополия қилиб олингани билан боғлиқ”, деди:

“Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази бошидан нотўғри ташкил қилинган. Аслида у Марказий Банк тасарруфида бўлиши керак, эди. Ҳозир эса у Ўзбекистон Банклар Ассоциациясига қарайди. Бутун республикадаги пластик карточкалар ва терминаллар орқали тушган пулни ана шу марказ назорат қилади. Марказий Банк унинг ишига аралашолмайди. Терминалларни ҳам фақат ўзининг поставшчик фирмаси етказиб беради. Масалан, мен олган маълумотга кўра, бир терминал ҳозир 700-800 доллар миқдорида банкларга ўтказиляпти. Лекин, ана шу терминални 100-200 доллар миқдорида етказиб беришни бошқа ташкилотлар бир неча бор таклиф қилишган. Лекин, марказ бошқа ҳеч кимни яқинига йўлатмайди, бу соҳани монополия қилиб олган ва унинг тепасида юқори мартабали амалдорлардан бири турибди”, дейди банк мулозими.

Мулозимга кўра, банклар тадбиркорга терминални уч хил усулда – ижара, лизинг ва сотиш орқали бериши мумкин.

Узметроном интернет-газетасининг ёзишича, 1 март куни Тошкентдаги тадбиркорлар ва аҳолига хизмат кўрсатишга ихтисослашган шохобчаларнинг ярмидан кўпи ҳудудий солиқ идораларига ўз фаолиятларини тўхтатганликларини билдириб, патентларини топширган.

Озодлик тошкентлик кичик тадбиркорларнинг ярмидан кўпи патентларини топширганлиги ҳақидаги фактни тасдиқлай олгани йўқ.

Қарорни бажармаган жазоланади

Президент қарорида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари нақд ёки карта орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширса ёки туширса, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима қўлланиши айтилган.

Шунингдек, чек қоғозини мижозга беришдан бош тортган тадбиркорлар ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортилади.

Ўтган ҳафтада Мирзиёев "Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чеккан.

Мазкур ҳужжат нақд пул ва пластик карталар воситасида тўлов тизимидаги муаммоларни бартараф қилишга қаратилгани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG