Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

"Рустамбанк" асосчиси 19 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқди


Рустам Усмонов
Рустам Усмонов

Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк - "Рустамбанк" собиқ хўжайини 69 яшар Рустам Усмонов 19 йиллик қамоқдан сўнг, озодликка чиқди. Иқтисодий жиноятлар содир этганлик айби билан аввалига 1998 йилнинг октябр ойида 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 2012 йилда жазо муддати яна беш йилга узайтирилган тадбиркор тутқунликнинг сўнгги беш йилини “Жаслиқ” қамоқхонасида ўтказди.

Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк эгаси Рустам Усмоновнинг қамоқдан озод бўлганини унинг яқинларидан бири тасдиқлади:

“Амакимга 13 февраль куни жазо муддати тугагани муносабати билан жавоб беришди. Жаслиқдаги қамоқхонадан кутиб олдик ва Тошкентга олиб келдик. Соғликлари унчалик яхши эмас. Ҳозир уйдан туриб, даволанишга бориб келяптилар. Кайфиятлари яхши. Мирзиёевга раҳмат айтяптилар”, деди собиқ тадбиркорнинг қариндошларидан бири.

Рустам Усмонов Ўзбекистон қамоқхонасида энг кўп ўтирган тадбиркорлардан бири саналади.

У амнистия бўйича эмас, балки қамоқ жазоси муддати тугагани муносабати билан билан озод қилинди.

1948 йили Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилган асли иқтисодчи Рустам Усмонов¸ Горбачëвнинг қайта қуриш даврида хусусий тадбиркорлик билан шуғуллана бошлаган эди.

1987 йили Ўзбекистонда асаларичилик ширкатини очди. Канада ëмғир чувалчангларини кўпайтириб сотиб, миллионлар эгасига айланди.

1992 йилда очилган Ўзбекистондаги илк хусусий банк "Рустамбанк" эгаси ҳам айнан Рустам Усмонов бўлди.

1990-йилларда Рустам Усмонов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эътиборига тушган тадбиркорлардан бири бўлган.

Аммо Каримов назарига тушганидан кўп ўтмай Ўзбекистонда самарали фаолият кўрсатган “Рустамбанк” ëпилди ва Рустам Усмоновнинг ўзи қора курсига ўтқазилди.

1998 йил 19 октябр куни Андижон вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ҳукмига кўра, Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олиш-сотиш каби моддаларда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Жазо муддати тугашига саноқли ойлар қолганида 2012 йилнинг октябрь ойида Усмоновга қамоқхона ички тартибини бузганлик каби қатор айблар қўйилиб¸ қамоқ муддати яна 5 йилга узайтирилган эди.

Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олди-сотдисига доир моддаларда айбланиб қамалган бўлса-да, оила аъзолари унинг сиёсий маҳбус эканини таъкидлаб келишган.

XS
SM
MD
LG