Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Халқ банки "каламушлар"и икки ойда 1 322 800 000 сўм пенсияни ўмарган (ВИДЕО)


Ўзбекистон Молия вазирлиги биноси
Ўзбекистон Молия вазирлиги биноси

Ўзбекистонда 2017 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида 1 миллиард 322 миллион 800 минг сўм пенсия тўловлари Халқ банки "ходимлари томонидан белгиланган тартибга зид равишда ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатлар орқали амалга оширилганлиги аниқланди".

Бу рақам Ўзбекистон Молия вазирининг ўринбосари Абдуҳафиз Каримов ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижроий директорининг ўринбосари Медет Тлеуов имзоси билан Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоровга йўлланган ҳисоботда қайд этилган.

Ҳисобот нусхаси ва унинг ортидан олинган қарорлар ҳақидаги ҳужжатлар Озодликка Молия вазирлигининг бир гуруҳ ходимлари томонидан 23 январда юборилди.

Банк соҳасида ишловчи ишончли манбалар Озодликка ушбу ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлади.

22 декабрь куни президент Шавкат Мирзиëев Олий Мажлисга Мурожаатномасида молия тизимига доғ тушираётганларни "каламушлар" деб атаганди.

Халқ банки "каламушлар"и икки ойда 1 322 800 000 сўм пенсияни ўмарган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:36 0:00
Бевосита линк

Ўлган пенсионерларга тўловлар, қалбаки ведемостлар ва лотерея

Бош вазир ўринбосарига йўлланган ҳисобот
Бош вазир ўринбосарига йўлланган ҳисобот

Молия Вазирлиги ва ушбу вазирлик ҳузуридаги пенсия жамғармаси мониторинги Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 октябрдаги №02/1-493 сон топшириғига асосан ўтказилган.

Жойларда Халқ банки томонидан пенсия ва нафақа тўловлари ҳолати мониторинги бўйича яна қуйидагилар маълум қилинади:

- 597та ҳолатда вафот этган пенсионерларнинг маблағлари ўзга фуқароларга тўланган;

-975та ҳолатда маблағлар ўзлаштирилган ва тўлов ведемостларида имзолар қалбакилаштирилган;

- 1105та ҳолатда ишончнома бўлмаган фуқароларга пенсионерларнинг 464,4 миллион сўмлик тўловлари амалга оширилган;

- 1676та ҳолатда пенсионерларга 6,4 миллион сўм миқдордаги пенсиялари нақд пул ўрнига лотерея ва бошқалар билан тўланган.

Масалан, ҳисоботда таъкидланишича, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида касса ҳисобчиси ва касса ҳисобчиси назоратчиси, умумий ҳисобда, 10 миллион 800 минг сўм "пенсия маблағларини ўз шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган".

Мониторинг хулосасига кўра, "Халқ банки тизими орқали пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказилишини қонун-қоидаларини белгиловчи ягона тартиб мавжуд эмас".

Интизомий чоралар

Ўзбкистон бош вазири ўринбосаридан топшириқ
Ўзбкистон бош вазири ўринбосаридан топшириқ

Мазкур ҳисоботга жавобан Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 28 декабрда Марказий банк, Халқ банки, Молия вазирлиги ва Пенсия жамғармасига тўрт пунктдан иборат топшириқ йўллаган.

Ундан пенсия ва нафақаларни тўлашда қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш мақсади кўзланганини англаш мумкин.

1. "Мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсия ва нафақаларни сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга пенсия ва нафақалар бевосита уларнинг манзилига ҳар ойнинг 10 санасига қадар етказиб бериш";

2. Бир ой муддатда нафақа ва пенсия тўлови "қонун-қоидаларини белгиловчи ягона тартиб ишлаб чиқиш";

3. "Пенсия ва нафақаларни амалдаги тартибга зид равишда тўлаган ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар кўриш";

4. "... пенсия ва нафақаларни манзилли етказилиши ҳамда тўланмасдан қайтарилган пенсиялар сабаблари асослиги ўрганилсин ҳамда ўрганиш натижалари тўғрисида 2018 йилнин 20 январга қадар маълумот киритилсин".

Топшириқ яна топширилди

Ўзбекистон Марказий Банкидан Халқ Банкига мактуб
Ўзбекистон Марказий Банкидан Халқ Банкига мактуб

Бош вазир ўринбосари тошпириғини бажаришни Марказий Банк раисининг ўринбосари Шерзод Ҳожизодаев 4 январда Халқ Банки бошқаруви раиси Абдурасул Абдуллаевга ҳавола қилган.

"Ушбу топшириқда ва унга илова қилинган хатда қайт этилган ҳолатларни ўрганиб чиқиб, натижаси юзасидан тегишли чораларни кўришингиз ва 2018 йилнинг 20 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Марказий банкка маълумот киритишингиз сўралади," дея таъкидланади Шерзод Ҳожизодаев мактубида.

Шу билан бирга Шерзод Ҳожизодаев ушбу жараённи назорат қилишни Марказий Банкнинг бош иқтисодчиси Дилшод Бойназаров зиммасига юклаган.

Топшириқ ижроси

Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров топшириғига жавобан 20 январга қадар Халқ банки томонидан қандай чоралар кўрилгани ва унга қандай маълумот юборилгани Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Бироқ, Халқ банки матбуот котиби Бобур Элмуродов Озодлик билан суҳбатда барча тўловлар ўз вақтида ва бекаму кўст амалга оширилаётганини билдирди.

Бобур Элмуродов Озодлик қўлга киритган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳаққонийлигини шубҳа остига олди.

- Бу маълумот билмадим қаердан келди қўлингизга. Бизда умуман бошқача нарсалар. Гапнинг очиғи,пенсиялар Халқ банкига ўтганидан кейин, бошида айрим качиликлар бўлди. Буни ҳаммамиз кўриб билдик. Лекин ҳозир ҳамма жадвал бўйича тўла-тўкис (пенсияларни) олиб, муаммо бўлаётгани йўқ, - деди Халқ банки матбуот котиби Бобур Элмуродов.

Халқ Банки матбуот котиби: Пенсияларни тўлашда муаммо бўлаётгани йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:01 0:00
Бевосита линк

Озодликнинг Банк раҳбарияти билан боғаланиш уринишлари натижа бермади.

Пенсия тизимидаги ислоҳот

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 13 мартидаги ПҚ-2826-сонли "пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, Халқ банки – республика бўйича пенсия ва нафақалар тўлаш ҳуқуқига эга бўлган ягона банкка айланди.

2017 йил 1 июлдан эътиборан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида пенсия тўловлари Халқ банкининг 2 мингта сайёр кассаси томонидан тўланиши тўлиқ жорий қилинди.

Эндиликда пенсионерлар ҳар ойлик пенсиясини жадвалга мувофиқ ўзи яшаётган фуқаролар йиғинидан олиши мумкин.

Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашга доир қатъий топшириқ берилган.

Молия тизимидаги "каламушлар"

22 декабрь куни президент Шавкат Мирзиëев Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этган куни, 4 соатлик нутқи давомида Молия вазирлиги фаолиятини кескин танқид қилган эди.

Мирзиëев: "Мен ер тагида илон қимирласа биламан"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00

Президент Молия вазири Жамшид Қўчқоровга молия тизимини ислоҳ қилиш учун бир ой муҳлат берган, акс ҳолда унинг ўзини ишдан ҳайдаши ҳақида огоҳлантирганди:

“Нима учун Молия вазирлигини ўзгартирдим, Молиянинг “М” ҳарфини тушунмайдиганларни ҳайдаб юбордим, раҳбарлари кетди, лекин пастдаги “каламушлар” ўтирибди. Қўчқоров ўзгариш қилмаса, бир ойда ишдан ҳайдайман. Аввалги “Молиянинг ҳиди” келиб турибди, ташқаридан ишлар олиб, бориб турибди бир-иккитаси. Эртанги кунни ўйлайдиган Молия керак менга”, деган эди Мирзиёев

ЎзА ахборот агентлигининг 27 декабрда хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномасидан кейин Молия вазирлиги тизимида 500дан ортиқ ходим ишдан бўшатилган.

Собиқ Молия вазири ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи паноҳида бўлган ва ҳанузгача тизимда ишлаб келаётган, "молия тизимининг номига доғ тушираётган “каламушлар”ни ҳайдаш юзасидан ҳудудий раҳбарларга қатъий топшириқлар берилган".

23 декабрь куни Тошкент шаҳар давлат молиявий назорати бошқармаси бошлиғи ҳамда унинг 3 нафар ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилди.

Шундан сўнг, Молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан жойлардаги молия идораларидан 273 нафар (23 нафари раҳбар ходимлар):

Ғазначилик идораларидан 65 нафар (12 нафари раҳбар ходим):

Пенсия жамғармасидан 100 нафар (1 нафари раҳбар ходим):

Давлат молиявий назорати бошқармалари ходимларидан 100 нафари (4 нафари раҳбар ходим) жами молия тизими бўйича 562 нафар "давлат идораси номига доғ туширган ходимлар" ўз лавозимидан озод этилди.

Молия вазирлиги тизимидаги вакант иш ўринларини инновацион ғоя ва фикрга эга, замонавий технологияларни яхши ўзлаштирган, иқтидорли ёшлар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи ҳамда иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларига мурожаатлар юборганди.

25 январь кунги ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Молия вазирлиги тизимида ишлаш учун 1000 нафардан зиёд номзод топиб берган.

Номзодлар билан ўтказилган суҳбатдан сўнг улардан 101 нафари Молия вазирлиги марказий аппаратида, 296 нафари ҳудудий молия органларида, жами 397 нафар ёшлар амалиёт ўташга жалб қилинган.

Амалиётдан сўнг номзодлар орасидан молия идоралари учун кадрлар танлаб олинади.

XS
SM
MD
LG