Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Наманганда мева-сабзавот экспорти режасини бажармаган ҳокимлар жазоланди


Ўзбекистон маҳаллий нашрларининг хабар беришича, Наманган вилоятида мева-сабзавотни экспорт қилиш режасини бажармаган бир неча туман ҳокими, уларнинг ўринбосари ва фермерларни прокуратура маъмурий жавобгарликка тортган. Озодлик суҳбатлашган прокуратура вакили бу йил мева-сабзавот ҳосили мўл бўлгани, аммо унинг экспортида ҳокимлар ва фермерлар эмас, балки орада турган ўртакашлар айбдор эканлигини айтмоқда.

Ўзбекистонда пахта ва буғдой режасини бажармаган фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилишга қаратилган "Ойболта" тадбири бироз тинчиган бўлсада, энди мева-сабзавот режасини бажармаган туманлар ҳокимларини ва фермерларни маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти бошланди.

Мева-сабзавотни экспорт қилиш бўйича белгиланган режа бажарилмагани сабабли Наманган вилояти Косонсой, Учқўрғон ва Чортоқ туманлари ҳокимлари, Косонсой, Поп, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туманлари ҳокимларининг ўринбосарлари ҳамда 16 нафар фермер хўжалиги раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилган.

“Ҳуқуқ” газетасида бу ҳақда чоп қилинган Бош прокуратура бошқарма прокурори Муродилжон Мўминовнинг мақоласида ҳокимларга солинган жарималарнинг қанча сўм эканлиги айтилмаган.

Прокуратура мулозимининг ёзишича, режанинг бажарилмаслигида экинларни парваришлаш, такрорий экинлар экиш, экспорт масаласида қатор камчиликларга йўл қўйилгани сабаб бўлган.

Аммо, Наманган вилояти туманларидан бирида ишлайдиган прокуратура мулозими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда мева-сабзавот режаси бажарилмай қолганида ҳокимлар ва фермерлар эмас, балки мева экспорти билан шуғулланувчи ташкилотлар айбдор эканлигини айтди:

“Бу йил Наманган вилоятида мева-сабзавотнинг экспорти керагидан ортиқ бўлди. Чунки бу йил мева-сабзавот йили бўлди. Тайёрлов ҳам яхши бўлди. Лекин нима сабабдан эканлигини билмайман, мева-сабзавот ортилган ўнлаб юк машиналари Қозоғистонга ўтиш чегарасида қолиб кетди. Айни саратон иссиғида мева-чевалар ириб кетди. Бу ҳақда Бош вазирга ҳам мактуб чиқарилган”, деди мулозим.

Прокуратура вакилига кўра, мева ва сабзавотни қандай транспортда олиб чиқиш ҳақида аниқ тавсиялар берилмагани сабабли, шундай сансоларлик ҳолатлари содир бўлган:

“Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг сентябрида мева-сабзавотни юк машиналарида олиб чиқишни Мирзиёев тақиқлаб, фармон чиқарган эди. Юкни фақат поезд ва самолётларда олиб чиқишга рухсат берилганди. Кейин юк машиналарида олиб чиқишга рухсат 2016 йилнинг 1 июлигача узайтирилди. Мевалар пишгандан сўнг бу ҳақда бошқа қарор чиқмади ва бу чегарада машинларнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлди”, дейди прокуратура вакили.

Мулозим мева-сабзавот режаси бажарилмагани учун ҳоким ва фермерларни жавобгарликка тортиш мантиқсиз нарса дейди:

“Мева-сабзавотни экспорт қилишда энг биринчи манфаатли мулозим бу ҳоким бўлади. Унинг ҳудудидан қанча кўп мева чиқса унга шунча яхши. Кейин ҳокимларнинг ёзилмаган ўз “қоида”лари бор. Улар чиқиб кетган ҳар бир машина ёки вагон учун “откат” олади. Шунинг учун у ҳеч қачон бу ишни ташлаб ҳам қўймайди. Бош прокуратура мулозимининг бунча ҳокимга маъмурий чора кўрилди, деб ёзгани бу фақат ҳисобот учун. Аслида улар ҳам асосий айбдор ким эканлигини яхши билишади”, дейди прокуратура мулозими.

Ўзбекистонда мева-сабзавот экспорти неча йиллардан буён ўзини оқламай келаётгани ҳақида мутахассислар кўп гапирадилар. Исми сир қолишини сўраган наманганлик боғбонлардан бирининг айтишича, экспорт билан шуғулланувчи фирмалар деҳқон етиштирган ҳосилга нақд пул бермасдан насияга олиши сабаб, боғдорчилик хўжаликлари раҳбарларининг улардан кўнгли совиган:

“Бизни неча йиллардан буён алдаб келишади. Масалан мен ўн тонна олма оламан. Қоидаси бўйича экспорт билан шуғулланувчи агрофирма мен билан баҳорда шартнома тузиши, нархни тахминан белгилаши ва менга аванс бериши керак. Булар шундай қилади, дейсизми, ҳаётда қилмайди. Бу ҳам етмагандек молингизни арзон-гаровга насияга олади. Кейин бир йилдан сўнг ҳаром-ҳалиш қилиб пулингизни ярмини беради ёки йўқ. Хуллас, бу ҳаммаси ўйин бўлиб кетган. Токи, деҳқоннинг ўзига бор молингни ўзинг олиб чиқиб сот, мана бунча солиғини тўла демагунча ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Ўртакаш фирмаларнинг ҳаммаси деҳқондан юлишни истайди”, деди наманганлик боғбонлардан бири.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаолиятини назорат қилиш ҳам прокуратура зиммасига юкланган. Прокурорлар деҳқонлар ерни неча сантиметр шудгор қилаётганидан тортиб, далага қанча ўғит чиқарилганигача назорат қиладилар. Туман прокуратуралари қошида қишлоқ хўжалик бўлимлари ташкил қилиниб, уларга уч-тўрт нафар прокуратура ходимлари биркитилган.

Ўзбекистонлик деҳқонлар етиштирган меваларига шартнома бўлишига қарамай, экспорт билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан сотиб олинмаётгани ҳақида доим шикоят қиладилар.

Чунончи, жорий йилнинг май ойида Президент қарори билан янги иш бошлаган “Ўзагроэкспорт” ширкати андижонлик боғбонларнинг пишган меваларини қабул қилмаëтгани, бир ҳафта ичида териб олиш керак бўлган ғарқ пишган гилосларни ҳар йилги харидорларга сотишга ҳам рухсат бермаётгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Озодлик Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида мева-сабзавот режасини бажармаган туманлар раҳбарлари қандай жазога тортилгани ҳақидаги тафсилотларни ўрганишда давом этади.

XS
SM
MD
LG