Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Янги йил байрами арафасида мактабларда туну кун навбатчилик ташкил қилинди


Мактаблардаги тунги навбатчилик тадбири Каримов давридан бери давом етиб келмоқда.
Мактаблардаги тунги навбатчилик тадбири Каримов давридан бери давом етиб келмоқда.

Ўзбекистон мактабларида 10 декабрдан 15 январгача уч сменада кундузги-тунги навбатчилик ташкил қилинди. Ўқитувчиларга кўра, навбатчилик Янги йил кунлари хавфсизликни сақлаш мақсадида йўлга қўйилган. Аммо Халқ таълими вазирлиги мулозими навбатчилик борасида ҳеч қандай топшириқ берилмаганини таъкидлади.

Аёллар кундузи, эркаклар тунда навбатчиликда

Жиззах вилоятидан Озодликка боғланиб, ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқлашни истамаган ўқитувчига кўра, кундузи аёллар кечаси эркаклар навбатчиликка чиқаяпти.

“Билишимча, ҳамма мактабда шу аҳвол. Бизнинг мактабда 10 декабрдан бошланди. Биз эркаклар кечки соат 8дан эрталабки 8гача турамиз, жами 12 соатдан турамиз. Кундузги икки смена 6 соатлик. Кундузи навбатчиликда фақат аёллар туради”, деди жиззахлик ўқитувчи.

Озодликка боғланган бошқа бир ўқитувчи Жиззах шаҳрининг 4-мактабидаги тунги навбатчиликка оид ҳужжатни жўнатди.

“2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 10 январгача ходимларнинг тунги навбатчилик жадвали” деб номланган ҳужжатда мактабнинг 11 нафар эркак ўқитувчисининг исми шарифи ва уларнинг қайси куни навбатчиликка чиқиши кўрсатилган.

Озодликка йўлланган яна бир ҳужжатда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 34-мактабдаги кундузги навбатчилик рўйхати акс этган. Ҳужжатга кўра, мактабнинг 47 нафар аёл ходими икки сменада навбатчиликка чиқиши қайд қилинган.

Навбатчиликка мажбурлаш

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчиларга кўра, навбатчиликка чиқиш талаби билан ўқитувчиларга босим ўтказилмоқда.

“Зангиота туманида Районо мудири бошчилигида текшириб юришибди. Тунги навбатчиликка қоровул, қозон ёқувчидан ташқари яна иккитадан ўқитувчи ҳам туриши керак экан. Агар ўқитувчи навбатчиликка чиқмаса, унга ҳайфсан берилиши, ойлиги кесилиши, ишдан олишгача бўлган чоралар кўрилар экан”, дейди зангиоталик ўқитувчи.

Жиззахлик ўқитувчи эса “Ким навбатчиликка турмайман деб айта олади? Ҳаммамиз ишимизни йўқотишдан қўрқиб, хўп деймиз” деди.

​Озодликка йўлланган яна бир ҳужжатда Тошкентдаги халқ таълими бўлимларидан бирининг мулозими тумандаги мактаблар директорлари билан Телеграм тармоғи орқали қилган ёзишмаси акс этган. Ёзишмалардан англашилишича, мактаблардаги навбатчилик Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳам текширилмоқда.

Текин навбатчилик

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси мутлақо текинга навбатчилик қилаётганини айтди.

“Энг қийини эркак ўқитувчиларга. Туни билан навбатчиликда туриб, эртасига эрталаб яна дарсга чиқаяпмиз. Бу мажбурий меҳнатку. Навбатчилигимиз учун бизга бир тийин ҳам пул тўланмайди. Бу мутлақо меҳнат кодексининг бузилиши. Ҳеч ким буни текширмайди”, дейди аноним қолишни истаган хўжайлилик ўқитувчи.

"Навбатчилик орқали хавфсизликни таъминлаш кўзланган"

Озодлик билан мулоқотда бўлган ўқитувчиларга кўра, уларга навбатчилик тадбири Янги йил байрами муносабати билан ташкил қилингани ва бундан мақсад хавфсизликни таъминлаш экани айтилган.

Озодлик суриштирувлари орқали узлуксиз навбатчилик тадбири барча вилоятлар мактабларида ташкил қилингани маълум бўлди.

Жиззах тумани халқ таълими бўлимининг Озодлик боғланган расмийси мактабларда уч сменали навбатчилик ташкил қилинганини тасдиқлаб, бу вилоят халқ таълими бошқармаси топшириғи эканини айтди.

Озодлик бирорта ҳам вилоятдаги халқ таълими бошқармаси билан боғлана олмади.

Бошқармалар бошлиқларининг хизмат телефонларига бирор одам жавоб бермади.

Навбатчиликдан вазирлик бехабар

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, мактаблардаги узлуксиз навбатчилик тадбиридан вазирлик мутлақо бехабар.

“Вазирлик мактабларга навбатчилик борасида топшириқ ҳам, буйруқ ҳам бермаган. Агар ўқитувчилар навбатчиликка мажбурланаётган бўлса, вазирликнинг Ишонч телефони -1006 рақамига қўнғироқ қилишсин ёки бу ҳақда ариза билан мурожаат қилишсин. Вазирликда мажбурий меҳнат, пул йиғимларига оид ҳолатларни ўрганиш учун махсус бошқарма ташкил қилинган. Навбатчиликка оид ариза ёки мурожаат тушса, албатта ушбу бошқарма ўрганади ва бартараф қилинади”, - деди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг исмини очиқламаётганимиз ходими.

Каримов давридан қолган тадбир

Мактабларда узлуксиз навбатчилик тадбири марҳум президент Каримов давридан бери давом этиб келаяпти. Мризиёев даврида ҳам бу тадбир барҳам топгани йўқ.

Жумладан, жорий йил 27 августдан 5 сентябргача Мустақиллик байрами муносабати билан мамлакат мактабларида уч сменада навбатчилик ташкил қилинган эди.

Шавкат Мирзиёев жорий йил 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги йиғилишда ўқитувчиларнинг турли тадбирларга мажбурланаётганини қаттиқ танқид қилган эди.

17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов ҳам бюджет ташкилотлари ходимларини мажбуран ишлатаётган раҳбарларни қаттиқ қоралади.

Бироқ бу танқидларга қарамасдан ўқитувчилар тунги навбатчиликка мажбурланиши давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG