Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:45

Қарийб 10 минг аҳолига хизмат қилувчи тиббиëт пункти "молхонадан баттар аҳволда"


Авария ҳолатидаги қишлоқ врачлик пункти
Авария ҳолатидаги қишлоқ врачлик пункти

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Панжи қишлоғи врачлик пункти ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган бинода жойлашган. Қарийб 10 мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга масъул бу бинога¸ қишлоқ аҳлининг Озодликка айтишича¸ врач ҳам¸ бемор ҳам жон ҳовучлаб киради.

Китоб туман Панжи қишлоғи врачлик пункти(ҚВП)га қатнашга мажбур оналардан бири Озодлик билан суҳбатда нурай деб турган эски иморатнинг бугунги кўринишини уруш кўрган бинога қиëслайди.

“Бу ўтган асрнинг 50-йилларида боғча учун қурилган бино. Оддий ёғоч ва лойдан қурилган. Ўтган йилнинг қиш фаслида бир томони қўпорилиб ҳам тушди. Деворлари ёрилиб кетган, ёғочлари чириган, потолоклар узилиб тушган. Қачон сел келса ичи лойқага тўлади. Ичкаридаги учта хонада болалар эмланади, аёлларнинг ҳомиласи текширилади, оғир касалларга осма укол қўйилади, лекин ҳеч қандай шароит йўқ. Санитария ва гигиена ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Аҳвол молхонадан баттар¸ баъзиларнинг молхонаси ҳам бундан яхши”, дейди ўзи ҳам бу бинога ҳар гал ҳадик билан киришини таъкидлаган бу аëл.

Авария ҳолатидаги қишлоқ врачлик пункти
Авария ҳолатидаги қишлоқ врачлик пункти

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир панжилик эса, қишлоқ аҳлининг туман Тиббиёт бирлашмаси ва ҳокимликка янги ҚВП қуриб бериш ҳақида қилган мурожаатлари натижасиз қолаётганини айтди.

“Масалан, 2-3 минг аҳолиси бор бошқа қишлоқларга замонавий ҚВПлар қуриб берилган. Лекин, Чиғатой, Чорво, Нурафшон, Қушбоши, Қуйиоқбой, Юқориоқбой қишлоқларида яшовчи қарийб 9 минг аҳолига хизмат қиладиган бизнинг амбулатория хароб аҳволда. Бу ерда 8 нафар врач ва 20 га яқин ҳамшира ишлайди. Туман ҳокимлигига маҳалламиз бир неча марта мурожаат қилди, лекин натижа бўлмаяпти”, дейди бу суҳбатдош.

Панжи маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли Шуҳрат Обидов амбулаториянинг жуда аянчли аҳволда эканлигини тасдиқлар экан, ҳокимлик янги бино қурилишида ёрдам беришга ваъда қилганини билдирди:

- Бу бино лойиҳага киритилмасдан қолиб кетган. Ҳокимият билан келишганмиз, бу бинони бузиб оламизда¸ ҳашар йўли билан янги бино қурамиз. Ҳокимият қурилиш материаллари билан таъминлашни ваъда қилган, деди маҳалла оқсоқоли Шуҳрат Обидов.

Авария ҳолатидаги қишлоқ врачлик пункти
Авария ҳолатидаги қишлоқ врачлик пункти

​Китоб туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Шавкат Ғафуров Панжи ҚВПси аҳволидан хабардорлигини айтар экан, жорий йилда янги бино қурилажагини маълум қилди:

- Бу масала контролда турибди, бориб фуқаролар билан учрашганмиз ҳам. Бино аварийний бўлиб қолгани ҳақида маҳалланинг ўзи ҳокимга хат чиқарган. Ҳоким қарор ҳам чиқарган. Демак, биринчиси, ўша бинони бузиб, ундан чиққан қурилиш материаллари ва қўшимча материаллар билан ёнидан учта янги хона қуриш. Иккинчидан, ўша ҳудудда аҳоли кўп бўлгани учун¸ биринчи навбатда¸ ҚВП ёки поликлиника қурилиши дастурга киритилади, деди Шавкат Ғафуров.

Китоб туман ҳокими ўринбосари Искандар Ҳалимов ҳам Озодлик билан суҳбатда масалани ўрганиб, ижобий ҳал этишга ваъда берди.

Ўтган йил февраль ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Гулистон қишлоғидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаси бош врачи, муассаса биносининг яроқсизлиги ҳақида расмийларга арз қилгани учун ишдан олинган эди.

Бу врач¸ узоқ йил заҳарли кимёвий моддалар омбори бўлган 60 йиллик бинонинг бундан 10 йилча аввал қарийб 10 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган “Гулистон” қишлоқ врачлик пунктига берилганини билдирган эди.

2014 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган ва ёмон шароитлардаги 243 врачлик пункти ёпилган эди.

1990 йиллар охирларида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бошланган соғлиқни сақлаш ислоҳатларининг асосий мақсадларидан бири сифатида бирламчи тиббиёт муассасалари тизимини такомиллаштириш вазифаси қўйилган ва айнан қишлоқ врачлик пунктларини аҳолига яқинлаштириш кўзда тутилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қишлоқ врачлик пунктларидаги аянчли аҳволни танқид қилган ва ҚВПларга 2500 нафар врач етишмаётганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG