Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Ўзбекистон делегацияси Тожикистон шимолида меҳмон бўлди


Жорий йилнинг 16-17 октябрь кунлари ўзбекистонликларгуруҳи Тожикистоннинг Сўғд вилоятида бўлиб қайтди. Сўғд вилоят расмийларига кўра, ўзбек делегацияси таркибига асосан Фарғона водийсидан бўлган тадбиркорлар кирган, ташрифнинг ўзи эса Ўзбекистон томони ташаббуси билан амалга оширилган.

Сўғд вилоят давлат маъмурияти матбуот котиби Музаффар Юнусов душанба куни Озодликнинг тожик хизматига ўзбек делегацияси икки кун давомида Хўжанд ва Исфара шаҳарларида бўлиб, вилоятдаги саноат корхоналари, ширкатлар ва маданият муассасаларига ташриф буюрганларини маълум қилди.

- Бу ташриф биз учун кутилмаган, аммо ёқимли бўлди, делегация вилоят раисининг ўринбосари даражасида қабул қилинди, - деди Музаффар Юнусов.

Кутилмаган меҳмонлар

Тожик расмийларига кўра, ўзбек делегацияси Сўғд вилоятига якшанба куни эрталаб кириб келган ҳамда “Қасри Арбоб” саройи, “Истиқлол” тарихий-маданий мажмуасида бўлиб, Камол Хўжандий ҳайкали пойига гул қўйган.

Якшанба оқшомида ўзбекистонликлар Шайх Камол Хўжандий уй-музейида уюштирилган маданий тадбирда иштирок этганлар. У ерда тожик ва ўзбек тилларида шеърлар ўқилган, қўшиқлар куйланган.

“Яхшилик аломати”

Хўжанд шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Маҳмуджон Дадобоев учрашув ва музокаралар чоғида тожикистонликлар ҳам, ўзбекистонликлар ҳам алоқалар яқинлашувига, тиғиз ҳамкорликка интиқ экани сезилиб турганини айтди. Унга кўра, ўзбек делегацияси таркибига тадбиркорлар, ширкат раҳбарлари, зиёлилар кирган, шунинг учун ҳам бу ташрифда кўпроқ норасмий хусусият устунлик қилган. Ташрифдан мақсад эса Сўғд вилоятидаги қўшнилар ҳаёти билан яқиндан танишиш бўлган.

- Бу жуда яхши ташаббус бўлди. Одамлар уларни жуда кўтаринки руҳ билан кутиб олдилар. Меҳмонлар эса уларга бу самимийлик учун миннатдорчилик билдирдилар, - деди Маҳмуджон Дадобоев.

Дадобоевга кўра, бу “яхшилик аломати”дир.

- Улар ҳам, биз ҳам орамизда аввалги йилларда бўлган самимият ва дўстлик-хайрихоҳлик ҳалигача сўнмаганини ҳис қилдик. Биз бунинг ўта ижобий қадам эканига аминмиз ва келажакда икки халқ ўртасидаги алоқаларни яхшилашга ҳаракат қиламиз, - деди Хўжанд мэрияси вакили.

Муносабатлар яхшиланишига умидлар

Водийлик тадбиркорларнинг Сўғд вилоятига ташрифи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўлими ва муваққат президент Шавкат Мирзиёев фаолиятининг бошланишига тўғри келди. Бу воқеалар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида муносабатлар яхшиланишига умид уйғотди.

Тожикистонлик кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўтган ой охирида Душанбега қилган сафарини ўзаро алоқалар яхшиланиши томон қўйилган қадамларнинг биринчиси деб ҳисоблаш мумкин. Ўшанда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашган ўзбек вазири Тошкент қўшни давлат билан алоқалар яхшиланишини исташини билдирганди.

Ўзбек-тожик алоқалари сўнгги 20 йил ичида вақти-вақти билан чекланиб турган, 2000-йиллар бошида 500 миллион долларни ташкил қилган ўзаро савдо кўрсаткичи 2015 йилга келиб 12 миллион долларга тушиб кетган. Таҳлилчилар бу алоқаларнинг тикланиши жуда зарур, ўзаро ҳамкорлик қанча эрта бошланса, ҳар иккала мамлакат учун ҳам шунча яхши, деган фикрдалар.

Сайловолди пиар-тадбирими ёки сиёсий ирода зуҳури?

Жўғрофий жиҳатдан йўлсизликка маҳкум қолган Тожикистон авваллари Ўзбекистондан маҳсулот олиб кириш ва чиқишда транзит ҳудуди ўлароқ фойдаланиб келган. Виза тартиби жорий қилинганидан кейин эса ўзаро қуда-анда тутинган, қон-қардош бўлган икки мамлакат ватандошларининг бир-бириникига меҳмонга бориши ҳам камайиб кетган.

Яқинда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро борди-келди алоқаларида ватандошларга қулайлик яратиш ҳақида келишиб олганди. Тожикистонликлар бундай келишувга Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳам эришилишига умид қилмоқдалар.

Ўзбекистонда 4 декабрь куни ўтказилажак президент сайловида бош вазир Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимига бош даъвогар бўлиб ҳисобланади. Айримлар таҳлилчилар Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан алоқаларида кузатилаётган илишни Мирзиёевнинг сайловолди пиар-тадбири ўлароқ баҳоламоқдалар. Бироқ Тошкентнинг қўшнилар билан алоқаларни яхшилашга уринишини Ўзбекистон муваққат президентининг сиёсий иродаси маҳсули ўлароқ баҳолаётган экспертлар ҳам йўқ эмас. Уларга кўра, расмий Тошкент қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш бўйича асосий қадамларни айнан президент сайловидан кейин қўя бошлайди.

XS
SM
MD
LG