Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Намояндалар палатаси демократлар қўлига ўтди. АҚШ ташқи сиёсатида қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?


Кейинги икки йил давомида президент Дональд Трамп маъмурияти АҚШнинг узоқ йиллардан бери ўзгармай келган ҳамкорликларини савол остига олиб, мамлакат ташқи сиёсатини алғов-далғов қилиб юборди.

Эндиликда Вашингтон ташқи сиёсатининг яна ўзгаришини кутиш мумкин, чунки Конгресснинг қуйи палатаси бўлмиш Намояндалар палатасида ғалаба қозонган демократлар бундан буён мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига ўз таъсирини кўрсатади.

АҚШ сиёсий тузуми шундай тузилганки, унда ижро этувчи ҳокимият - Оқ уй - мамлакат ташқи сиёсатини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.

Аммо Конгресс аъзолари пул масаласига келганда катта таъсир кучига эга: уруш, дипломатия ҳамда разведка амалиётлари бюджети уларнинг қўлидадир.

Намояндалар палатасидаги демократлар қайси қонун лойиҳалари кўриб чиқилишини аниқлашда ҳамда мамлакат бюджетини сарфлаш ва қонунларини ўзгартиришда каттароқ роль ўйнайди.

Бу эса АҚШ Россия, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларга қатъийроқ муносабатда бўлишига олиб келиши мумкин.

Демократлар Намояндалар палатасида ғалабага эришган бўлса-да, Сенат бошқаруви республикачилар қўлида қолди.

Куни кеча ўтказилган сайлов республикачиларнинг Сенатдаги позициясини янада мустаҳкамлади.

Брукингс институти илмий ходими Марвин Калбнинг айтишича, мазкур ҳолат АҚШнинг ташқи сиёсатини янада чигаллаштиришини кутиш мумкин.

- Жуда кўп музокара бўлади, янада кўпроқ терговлар, учрашувлар бўлади. Аммо буларнинг сони қанчалик кўп бўлса, президентга таклиф қилиниши мумкин бўлган контраргумент, контрстратегия ишлаб чиқиш эҳтимоли шунчалик оз бўлади, - деди Калб.

Собиқ АҚШ давлат котиби Жон Керрининг штаб етакчиси Дэвид Уэйд сайловдан олдин чоп этган мақоласида демократлар ўз режаларини тузишлари керак бўлади, деган фикрни илгари сурди.

- Демократлар ташқи сиёсатни ишлаб чиқишлари керак бўлади. ... Бунинг учун ўзини глобализациядан ортда қолганмиз, деб ҳисобловчи Трампга овоз берган сайловчилар билан алоқани тиклаб, Трампизмга қарши глобал альтернатива таклиф қилиш каби нозик масалалар бўйича ўзларига йўл топишлари керак бўлади.

Британиянинг Россия ва НАТОги вакили ҳамда Британия Ташқи ишлар вазирлигининг бошқа лавозимларида ишлаган Иан Бонд Европада АҚШдаги оралиқ сайловлар Вашингтоннинг кейинги йўналишини белгиловчи қадам ўлароқ кўрилаётганини айтди.

Бонднинг айтишича, Шимолий Америка ва Европа ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорликка ишонувчилар сайлов натижасида Американинг Европадаги ҳамкорларини қадрловчи ҳамда президент Трампнинг трансатлантик ҳамкорликни бекор қилиш қобилиятини чекловчи Конгресс шаклланишига умид қилмоқдалар.

Қуйида янги Конгресс ўзгартириши мумкин бўлган масалалар билан танишишингиз мумкин.

Россия

Республикачилар бошқаруви остида Конгресснинг икки палатаси 2014 йилда Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннекция қилиб олиб, россияпараст айирмачиларни дастаклай бошлаганидан кейин, Москва масаласида бир хил қарашга эга бўлиб келди.

2017 йилда “Америка душманларига қарши санкциялар ёрдамида курашиш” (CAATSA) қонун лойиҳаси деярли бир овоздан қўлланди.

Демократлар бошқарувидаги Намояндалар палатасида бу ҳолат ўзгармаслигини кутиш мумкин.

Кремль танқидчиси Элиот Энгель Намояндалар палатаси Ташқи ишлар қўмитасига етакчиси этиб тайинланишини башорат қилиш мумкин.

Яна бир Россия танқидчиси Адам Смит эса Намояндалар палатаси қуролли хизматлар қўмитаси раиси этиб тайинланиши мумкин.

Сайловдан олдин Сенат ўзининг Москвага босим ўтказишга қаратилган, демократлар ҳам, республикачилар ҳам қўллаган саъй-ҳаракатларида муҳим ўрин тутган шахсан айрилди.

Сенат Ташқи ишлар қўмитаси раиси Боб Коркер оралиқ сайловда қатнашмасликка қарор қилди.

Қўмитанинг республикачи аъзоси Жим Риш Коркер ўрнини эгаллаши тахмин қилинмоқда.

Риш Коркер ёки ушбу лавозимни эгаллашга қизиқиш билдирган Марко Рубиолардек Россиянинг ашаддий танқидчиси эмас.

Қолаверса, Риш Оқ уйга қарши чиқмай келади.

Рубио эса 2016 йилги президентлик сайловида Трамп билан беллашган эди.

Сенат Россия масаласида яна бир эътиборли мутахассис Жон Маккейндан август ойида айрилди.

Сенат Қуролли хизматлар қўмитаси раиси лавозимида ҳам ишлаган Маккейн вафотидан олдин АҚШ мудофаа сиёсатига катта таъсир ўтказиб келаётган эди.

Мазкур қўмита раислиги Жим Инхофга топширилди. Инхоф бу лавозимда қолишини кутиш мумкин.

Инхоф CAATSA қонунини қўллаб овоз берган бўлса-да, Маккейнчалик Кремль танқидчиси эмас.

Сенатдаги айрим демократлар, жумладан, Роберт Менендес Россияга қарши босимни оширишга чорлаб келади.

Конгрессда Украина масаласида катта ўзгаришлар кутилаётгани йўқ. Кейинги икки йил давомида республикачилар ҳам, демократлар ҳам Киевни қўллаб келди.

Намояндалар палатасидаги демократлар Украина кўпроқ қурол-аслаҳа олиш учун уни молия билан таъминлашни кўриб чиқиши мумкин.

Эрон

Трамп президент этиб сайланганидан кейин, АҚШнинг Теҳронга бўлган муносабати ўзгарди.

Кўплаб республикачилар ҳамда Трампнинг маслаҳатчилари Барак Обаманинг Теҳронга бўлган муносабатига скептицизм билан қараб келаётган эдилар.

Аксар демократлар эса Эрон ҳамда дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида 2015 йилда имзоланган келишувни қўллаб келади.

Аммо Трамп келишув доирасида бекор қилинган санкцияларни қайта тиклаб, Эроннинг баллистик ракета дастури ҳамда Яқин Шарқдаги ҳаракатларига қарши янада кўпроқ санкция жорий қилди.

Намояндалар палатаси демократлар бошқарувида бўлгани билан, Трамп Эронга қарши кескин сиёсатини давом эттиришини кутиш мумкин, чунки санкция жорий қилиш асосдан Оқ уй қўлидаги ишдир.

Бунга қарамасдан, Намояндалар палатасидаги демократлар Трамп маслаҳатчиларини чақириб, маъмуриятнинг Эрон бўйича сиёсати ҳақида кўрсатма беришга ундаши мумкин.

Конгрессда CAATSA қонунига Эрон ҳам киритилган эди.

Том Коттон каби сенаторлар Теҳронга қарши қатъий чораларни қўллаб келаётган бўлса, Рэнд Пол ва Майк Ли каби бошқа сенаторлар ҳар қандай уруш ҳаракати молиялаштирилишига қарши чиқиб келади.

Саудия Арабистони

Саудия Арабистони АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин мусулмон ҳамкоридир.

Ар-Риёд АҚШдан миллиардлаб суммадаги қурол-аслаҳа сотиб олиб келади.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони глобал нефть нархларини барқарор ушлаб туришга кўмаклашиб, Яқин Шарқдаги можаролар бўйича парда ортида чора кўриб келади.

Аммо ворис шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни танқид қилиб келган журналист Жамол Хашоггининг ўлдирилиши Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги алоқаларни совитиб юборди.

Журналист 2 октябрь куни Истанбулда Саудия Арабистони консуллигида Саудия расмийлари юборилган махсус киллер гуруҳ томонидан ўлдирилган.

АҚШнинг ҳар икки партияси Трампни Саудия Арабистонига қарши чора кўришга чорламоқда.

Трамп президентлиги давомида Саудия қироллиги билан алоқаларни Оқ уй бошқариб келяпти.

Президентнинг куёви Жаред Кушнер Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги сиёсатини бошқариб келади.

Намояндалар палатасидаги демократлар Оқ уйни Хашогги ўлими учун Ар-Риёдни жазолашга чорлашини ҳамда Кушнернинг Саудия етакчилари билан ўрнатган алоқаларини яқиндан ўрганишини кутиш мумкин.

Бу орада Ямандаги вазият оғирлашиб бормоқда.

АҚШ сиёсатчилари Саудия Арабистонининг Ямандаги амалиётларини чеклашга чақириб келади.

Демократлар етакчилигидаги Намояндалар палатаси Ар-Риёдни жазолаш учун турли чора кўриши мумкин.

Саудия Арабистони қурол харид қилишини чеклаш бунга мисол бўла олади.

Мюллер тергови

Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви ҳамда Трамп ҳамкорларининг Россия расмийлари билан алоқаси бўйича АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер етакчилигида олиб борилаётган тергов Трамп маъмурияти устидаги энг йирик шарпадир.

Бугунга қадар Мюллер командаси етти шахс айбига иқрор бўлишига эришди, 26 бошқа шахсга ҳамда уч Россия ширкатига расмий айблов қўйди.

Намояндалар палатасидаги республикачилар Мюллер терговига тўсқинлик қилмай келади.

Айрим республикачилар Мюллер гуруҳи Трампга қарши эканлигини иддао қилган.

Майк Конавай етакчилигида Намояндалар палатаси республикачилари март ойида Трамп сайлов кампанияси ҳамда Россия расмийлари тил бириктирмаганини хулоса қилиб, Разведка қўмитаси ишини тўхтатди.

Палатадаги демократлар эса қўмита хулосасини қўлламади.

Бу ҳолат кечаги сайлов ортидан ўзгаради.

Разведка қўмитаси раиси этиб тайинланиши кутилаётган Адам Шифф ушбу масалани чуқурроқ ўрганишга мажбур бўлади.

Ушбу масалада Сенат Разведка қўмитаси кўпроқ натижага эришди, чунки республикачи раис Ричард Бурр демократ Марк Уорнер билан яхши алоқа ўрнатган.

Нима бўлганда ҳам, Намояндалар палатасидаги демократлар ҳамда Сенатдаги республикачиларнинг Трампга қарши курашишга ҳозирлиги кейинги ҳафталарда аён бўлади.

Трамп Мюллер терговини назорат қилишдан бош тортган бош прокурор Жефф Сешнсни ишдан бўшатишини айтиб, таҳдид солиб келади.

Сешнс сиқиб чиқарилса, унинг ёрдамчиси Род Розенштейн тақдири номаълум бўлиб қолади.

Агар Трамп Мюллерни ишдан олишга ёки унга босим ўтказишга уринса, Намояндалар палатасидаги демократлар президентга қарши импичмент жараёнини бошлаб юбориши мумкин.

XS
SM
MD
LG