Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:54

Эски ва янги Жалолиддин. Урганчда Каримов очган ҳайкал олиниб янгиси ўрнатилади


Урганчда қуриладиган янги ҳайкал бош қисми ва 22 йил олдин қўйилган ҳайкал
Урганчда қуриладиган янги ҳайкал бош қисми ва 22 йил олдин қўйилган ҳайкал

Москва вилоятининг Жуковский шаҳридаги “Лит-Арт” ҳайкалтарошлик комбинатида россиялик ҳайкалтарошлар Александр Устенко ва Виталий Казанский томонидан яратилаëтган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали битиш арафасида.

"Бу улкан ҳайкални яратиш устида икки йилдан кўпроқ ишладик. Ниҳоят, ишнинг асосий қисми битди. Икки ойга қолмай, бу улуғвор бронза ҳайкални Урганчда ўранатамиз. Бу ҳайкал Москвада ўрнатилган насроний патриархлар ҳайкалидан ҳам анча улуғвор ва салобатли бўлади", дея билдирди мухбиримиз билан суҳбатда “Лит-Арт” ҳайкалтарошлик комбинати вакили.

Урганчдаги Мангуберди ҳайкали туннел кўприги устига 25 метр баландликда қурилади
Урганчдаги Мангуберди ҳайкали туннел кўприги устига 25 метр баландликда қурилади

Меъмор ва мунаққид Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур раҳбарлигида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, ҳайкалтарош Жасвант Анназаров ва Баҳром Норбоев ҳайкал яратиш жараëнида маслаҳатчи мақомида иштирок этишмоқда. Улар бунинг учун Россияга махсус хизмат сафари билан боришган.

Ўзбек рассомлари Жасванд Анназаров¸ Баҳром Норбоев ва Акмал Нуриддинов ҳайкални кўздан кечирмоқда
Ўзбек рассомлари Жасванд Анназаров¸ Баҳром Норбоев ва Акмал Нуриддинов ҳайкални кўздан кечирмоқда

Расмий матбуотнинг ёзишича, Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёевга тегишли.

"Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида Урганч шаҳрида марказий майдон барпо этиш ва унда Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкалини ўрнатиш, шунингдек шаҳарда 1000 ўринга мўлжалланган замонавий санъат саройини қуриш ташаббусини билдирган эди. Қисқа фурсатда мажмуа қурилиши учун жой танланиб, лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди", деб ёзди шу йилнинг 21 январь куни "Халқ сўзи" нашри.

Ҳайкал макети ва эскизларини кўрган урганчлик ҳайкалтарош Солий Қодиров Озодлик мухбири билан суҳбатда баъзи тафсилотларни айтиб берди. Қодировга кўра¸ 25 метрлик ҳайкал шаҳар марказида, Қирғиз ëп канали бўйидаги курант ўрнида баро қилинади. Ҳайкалтарошга кўра¸ отда кетаëтган улуғ саркарда Жалолиддин ҳайкали шаҳарнинг барча томонидан кўриниб туради.

Урганчлик ҳайкалтарош Солий Қодиров
Урганчлик ҳайкалтарош Солий Қодиров

Ҳайкал учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 199-Ф-сон фармойишига биноан, давлат бюджетидан катта маблағ ажратилган.

Фармойишда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини ўрнатиш белгилангани айтилган бўлса ҳам, қанча маблағ сарфланиши аниқ айтилмаган.

Султон Жалолиддин ҳайкалининг бош қисми
Султон Жалолиддин ҳайкалининг бош қисми

Францияда истиқомат қилувчи ўзбек рассоми Сергей Игнатьевга кўра, баландлиги 25 метрдан баланд бронза ҳайкални ўрнатиш нархи икки миллион АҚШ долларидан қимматроққа тушади.

Ўзбекистон Бадиий академияси мулозими ҳайкал 3 миллиард сўмга нархлангани, аммо бу суммага 10 та бўлкадан иборат улкан ҳайкал парчаларини Москвадан Урганчга келтириш билан боғлиқ логистика харажатлари кирмаслигини билдирди.

Ўрнатилажак ҳайкалдаги от калласи ўзбек мулозими бўйидан ҳам баланд
Ўрнатилажак ҳайкалдаги от калласи ўзбек мулозими бўйидан ҳам баланд

Урганчлик зиëли¸ "Олтин мерос" жамғармаси Хоразм вилоят бўлими раҳбари Комил Нуржон Озодлик билан суҳбатда масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратди. Комил Нуржонга кўра¸ хозир янги ҳайкал ўрнатиш учун қурилиш ишлари кетаëтган майдондан сал нарида Жалолиддин Мангубердининг 14 метрлик улуғвор ҳайкали турибди.

1999 йили Ургачда ўрнатилган Мангуберди ҳайкали
1999 йили Ургачда ўрнатилган Мангуберди ҳайкали

"Бу қурилаëткан хайкал бюджет учун жуда қимматга тушаëтганидан хабарим бор. Шу мамлакат зиëлиси сифатида мен бундан норозиман. Мана, шаҳар марказида Мангубердининг 14 метрлик ҳайкали қад кўтариб турибди. Шунинг ўзи етади. "Пули кўпайган тандир бузиб қуради", дейишади. Бунга кетадиган милллиардларни шаҳар ободончилиги¸ коммуникация ва инфратузилмани янгилашга¸ қариялар ва аҳолининг ночор қатламини қўллаб-қувватлашга ажратилса яхши бўларди", -дейди Комил Нуржон.

Урганчдаги Мангуберди мажмуаси бузиб ташланади
Урганчдаги Мангуберди мажмуаси бузиб ташланади

Урганч марказидаги ҳайкал 1998 йилги ҳукумат фармонига кўра¸ Ўзбекистон халқ рассоми¸ ҳайкалтарош Илҳом Жабборов томонидан яратилган эди. Қаттиқ материалдан ишланган бу ҳайкалниинг усти мис билан қопланган.

Ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ва СССР Халқ рассоми Раҳим Аҳмедов
Ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ва СССР Халқ рассоми Раҳим Аҳмедов

1999 йилда бу ҳайкал очилишида қатнашган санъатшунос Абдумалик Турдиевга кўра¸ ўша пайтда ҳайкал Ислом Каримовнинг жиддий назорати остида яратилган:

«22 йил олдин, аниқ хотирамда, 5 ноябрь эди. Урганчда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигига бағишланган катта тантаналар бўлиб ўтган. Шаҳарда юбилей учун махсус бунёд этилган Шовот канали қирғоқларини бирлаштирган ансамбль марказида Жалолиддиннинг улуғвор ҳайкалини Каримовнинг ўзи очган эди. Очилиш маросимида Каримов бу ҳайкал ўрнатилишига ҳисса қўшганидан мамнунлигини изҳор қилганди. Ҳайкалнинг Амир Темур сиймосини яратган Илҳом Жабборовга топширилиши ҳам президент амри билан бўлган. Дастлабки вариантда Жалолиддин от устида турган эди. Каримов бунга қарши чиқиб, «от бу давлат тимсоли», мамлакатда фақат Амир Темурнинг отлиқ ҳайкали бўлиши керак, деб пластилин Жалолиддинни отдан тушириб қўйган эди. Лекин Илҳом Жабборов яратган ҳайкал отсиз ҳолида ҳам улуғвор ва тимсолий бўлиб чиқди¸ Илхом Жабборов ҳайкалиниинг олиб ташланишини маъқулламайман", дейди санъатшунос.

Ўзининг айтишича, у "ўртамиëна ва ҳеч ким танимайдиган рус ҳайкалтарошлари - Александр Устенко ва Виталий Казанский ясаган ҳайкал суратларини кўрган".

"Нари борса, қабр тошлари ясайдиган устанинг ўртамиëна ҳунармандлиги, холос. Нега ҳар 20 йилда айни одамга олдингисидан ҳам ëмонроқ ҳайкални давлат пулига яратилаëтганини тушунмайман".

Ислом Каримов 1999 йилда навбатдаги обида қурилишини назорат қилмоқда
Ислом Каримов 1999 йилда навбатдаги обида қурилишини назорат қилмоқда

Хоразм вилояти қурилиш ширкатида муҳандис бўлиб ишлайдиган Қуромбой Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, 1999 йилда давлат ҳисобига обод қилиниб, Жалолиддин ҳайкали ўрнатилган майдон "кўп қаватли элита бинолар қурадиган қудратли мулозимга ноль қийматда берилган". Озодликда ушбу иддаони тасдиқловчи смета ҳужжатлари мавжуд эмас.

Ҳайкал қурилиши учун расмдаги курант бузиб ташланди
Ҳайкал қурилиши учун расмдаги курант бузиб ташланди

Хоразм вилоят ҳокимлиги Капитал қурилиш бўлими мулозими шаҳар марказидаги бинолар бузилиб, янги ҳайкал учун жой хозирланаëтганлигини тасдиқлади ва эски ҳайкал турган майдоннинг келажаги ҳақида маълумоти йўқлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG