Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:46

Украинадаги уруш Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳасини ўзгартириб юборди


Қозоқ-Хитой чегарасида "Янги ипак йўли" лойиҳасининг бир қисми сифатида қурилган порт. Декабрь, 2017
Қозоқ-Хитой чегарасида "Янги ипак йўли" лойиҳасининг бир қисми сифатида қурилган порт. Декабрь, 2017

Пекиннинг “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида Хитойдан Россия орқали Европа Иттифоқига юк ташиш лойиҳанинг муҳим қисмига айланган эди. Аммо Москванинг Украинага бостириб кириши ва Ғарб санкциялари Хитойни муқобил йўл излашга мажбур қилмоқда.

Беш ойлик урушдан сўнг савдо тўхтаб қолишидан зарар кўрган кўплаб экспедиторлар логистика муаммоларига қарамай, Хитой товарларини темир йўл орқали Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия орқали Европага олиб ўтиш учун жанубга интилмоқда. “Омон қолиш учун BRI ("Бир камар, бир йўл" - қисқартма) янги шароитларга мослашишдан бошқа иложи йўқ.” Бу ҳақда Озодликка Руминиянинг Осиё-Тинч океани минтақасини ўрганиш институти вице-президенти Андреа Бринза маълум қилди.

Асосий альтернатив Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Транс-Каспий халқаро транспорт йўналиши (ТITR) деб номланувчи Европага чўзилган қарийб 6500 километрлик автомобиль, темир йўл ва портлар тармоғидир. Бу тармоқ шунингдек, бутун дунё бўйлаб инфратузилма ва инвестиция лойиҳаси -BRIнинг Ўрта коридори сифатида ҳам маълум. Сўнгги ўн йил ичида Хитой инфратузилмага миллиардлаб доллар сармоя киритди. Бироқ харажат ва лойиҳа истиқболи билан боғлиқ хавотирлар туфайли юк жўнатиш ҳажми кутилганидек бўлмади. Натижада Европага тўғридан-тўғри темир йўл, порт орқали ва Беларус орқали кирувчи Россия поездлари Хитой-Европа Иттифоқи қуруқликдаги савдосининг асосий йўлига айланиб, 2021 йилда ғарбий йўналишда юк ташишнинг 68 фоизини ва шарқий йўналишда эса 82 фоизни ташкил этди. Аммо февраль ойида Кремлнинг Украинага бостириб кириши ортидан вазият кескин ўзгарди.

Илгари Ўрта коридорни фойдасиз ва ноаниқ белгиланган дея эътибор бермаган кўплаб Хитой логистика компаниялари бу йўналишга эътибор бера бошлади. “Йўналиш бўйидаги мавжуд манфаатлар комбинацияси ва уруш туфайли Хитойнинг чекланган имкониятлари Ўрта йўлакни яратишга ундади”, деди Бринза.

“Аммо бу йўналишнинг асосий иштирокчиси Хитой”. Бу ўзгаришлар Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари учун янги имкониятлар очди. Россия орқали ўтадиган шимолий темир йўл тармоғи Хитой ва Россия расмийлари томонидан қўллаб-қувватланиб, ўзаро алоқаларни янада кучайтирди. Йўналиш COVID-19 пандемияси даврида океан транспортига муқобил сифатида экспедиторлар ва юк компанияларини ўзига жалб этди. Чунки бутун дунё бўйлаб портлар ёпилган ёки иш фаолияти чекланган эди.

2018 йилда Россия президенти Владимир Путин давлат монополияси бўлган “Россия темир йўллари”га контейнер ташиш ҳажмини сезиларли даражада оширишни буюрган эди

Украинага бостириб киришдан аввал, Москва 2035 йилга бориб контейнерлар оқими 3,6 миллион қутигача ошишини кутаётганини айтган. Бу вақт мобайнида Пекин ушбу темир йўл линияларини субсидиялаш, илгари суриш ва фойда келтириш учун кўп ҳаракат қилди ва саъй-ҳаракатлар 2020 йилда ташилган юкларни 50 фоизга кўпайишига олиб келди. Бу бир неча йил олдин поездлар асосан шарққа бўш кетган вақтга нисбатан сезиларли яхшиланиш.

Евроосиё бўйлаб транзит ўсиб бориши билан Россия орқали шимолий юк ташиш йўли муваффақият сифатида эътироф этилди. Хитой расмийлари бу йўналиш “континентал таъминот занжири барқарорлигини таъминлади” деб айтган.

Транскаспий халқаро транспорт маршрути ассоциацияси маълумотларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё ва Кавказ бўйлаб юк ташиш ҳажми 3,2 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан олти баробар кўп дегани. Апрель ойида дунёдаги энг йирик юк ташувчи корпорацияларидан бири Маерск Россия орқали янги буюртмаларни бекор қилиб, май ойида Ўрта коридор бўйлаб поездлар қатновини бошлаганидан сўнг мазкур йўналиш янада кучайди. Ўшандан сўнг Туркиядан Руминияга, Грузияга, Қозоғистонгача бўлган йўналиш бўйича кўплаб ҳукуматлар келгуси сармоя ва ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Жумладан, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг май ойида Анқарага давлат ташрифида Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан йўналиш келажагини муҳокама қилди.

Кўплаб йирик компаниялар ва юк ташиш фирмалари Россия орқали транспортга таянишга қодир эмаслиги ёки хоҳламаслиги сабабли, йирик бўшлиқ пайдо бўлди. Аксарият ҳукуматлар уни капиталлаштириш орқали тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Қозоғистон Каспий денгизи бўйидаги портларига кўпроқ сармоя киритиш режаларини эълон қилди. “Казақстан темир жўли” ғарбий соҳилидаги терминаллар аллақачон юк ташиш ҳажмини икки баравар оширганини маълум қилди. Хитой расмийлари ҳам транспортни соддалаштиришга киришди, Хитой Божхона вазири ўринбосари Ван Лингжун 25 май куни Пекин Қозоғистон билан чегарасидаги Алашанкоу ва Хорғос қуруқлик портларида божхона тартиб-қоидаларини такомиллаштираётганини айтди.

Ўрта коридор Украинадаги уруш туфайли гуллаб-яшнаётган бўлса-да, унинг келажакдаги ҳаётийлиги кафолатланган эмас, дейди Грузиянинг Geocase таҳлил марказининг Яқин Шарқ тадқиқотлари директори ва Тбилисидаги Европа университети профессори Эмил Авдалиани.

Хавотирлар асосан, жанубий йўналишда харажатлар юқорилиги ва мураккаб логистика билан боғлиқ. Муҳим инфратузилма мавжуд бўлса-да, уларнинг баъзилари BRI лойиҳалари натижасидир, денгиз ва қуруқлик линияларидан иборат Ўрта коридор географияси анча мураккаб.

“Ўрта коридорда Марказий Осиё портларидан Озарбайжонга транзит юкларини осон ўтказиш учун Каспий денгизида ҳам инфратузилма йўқ. Худди шундай муаммолар Қора денгизнинг Грузия томони учун ҳам умумий. Айниқса чуқур денгиз порти йўқлиги асосий муаммо”, — деди Авдалиани.

Анаклияда чуқур сув портининг қурилиши Грузиянинг нотинч ички сиёсатини янада лойқалатди. Молия билан боғлиқ хавотирлар туфайли лойиҳа ҳукумат томонидан бекор қилинди. Бироқ апрель ойида Грузия Бош вазири ўринбосари Леван Давиташвили лойиҳа қурилиши бир неча йил давом этишига қарамай, янги инвесторларнинг қизиқишини қозонганини айтди.

Авдалианининг таъкидлашича, Ўрта коридор йўналиши бўйлаб жойлашган кўплаб мамлакатлардаги ички сиёсий хавотирлар Россия линиясини қуруқликдаги юк ташишларнинг аксарият қисмини ўз зиммасига олишга ундаган сабаблардан бири. Пекин битта йўналиш билан қаноатланмайди. Унинг сўзларига кўра, Хитой Украинадаги урушдан сўнг имкон қадар кўпроқ муқобил йўналишлар яратишга интилаётган бўлиши мумкин. Тошкент ва Бишкекнинг янгиланган ташаббуси узоқ вақтдан бери кечиктирилган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасининг олдинга силжитди. Ҳар учала томон ҳам келгуси йилда қурилиш бошланишига умид қилмоқда. Бу эса кўпроқ муқобил йўналишларни яратишга имкон беради.

“Биз тез-тез BRIни қотиб қолган ташаббус сифатида тасвирлаймиз, лекин тарихдаги барча савдо йўллари сингари, BRI ҳам янги қийинчиликлар ва имкониятларга мослашади”, дейди Авдалиани.

“Ёпиқ чегаралар янги маршрутларни топишни талаб қилади ва ҳозир шундай бўлмоқда.”

XS
SM
MD
LG