Украина ғарбидан Одесса порт шаҳрига поездда саёҳат қилган Озодлик радиоси рус хизмати мухбири Александра Вагнер ўзи гувоҳ бўлган дрон зарбалари ва оддий украинларнинг қатъияти ҳақида ҳикоя қилади.
Словакия – Украина чегарасидан автобусда ўтар экансиз, уруш кетаётганини дарҳол сезасиз – йўловчилар фақат аёллардан иборат. Февраль ойида жорий этилган ҳарбий ҳолат туфайли эркаклар бу чегарадан камдан-кам ҳолларда ўтадилар. Ҳарбий ҳолат аксарият эркакларга Украинани тарк этишини тақиқлайди. Саёҳат давомида Украина шарқидаги Лиман шаҳри қайта қўлга олингани ҳақида хабар келди.
«Кейингиси Северодонецк бўлади», – деди айрим йўловчилар умид билан.
Украинанинг ғарбида жойлашган Закарпатье вилояти кечки комендантлик соатлари жорий қилинмаган ягона ҳудуд, лекин бу ерга ҳам Россия ракеталари етиб келган. Сўнгги марта вилоятга май ойида зарба берилган. Вилоятнинг асосий шаҳри Ужгородда уруш натижасида содир бўлган ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. 14 қаватли «Интурист–Закарпатье» меҳмонхонасида фақат бир қават қисқа муддат яшаш учун ажратилган. Меҳмонхонанинг қолган хоналарида асосан Харьковдан қочиб келган аҳоли яшамоқда.
Кўчишга мажбур бўлган болалар онлайн дарсларда қатнашишади. Бўш вақтларида меҳмонхонанинг гранит зинапоялари бўйлаб югуришади, боғда велосипед ҳайдашади, Украина байроғи рангларида брелоклар ясашади. Меҳмонхонада рўйхатдан ўтганимнинг эртаси Миша исмли болакайни учратдим. Унинг уйи босқиннинг илк кунида ўққа тутилган. Миша ўз шаҳрига тушган ракеталарни эслар экан, сўзлари худди ракеталарни яна чақирадигандек қўрқиб мусаффо осмонга қаради.
Ужгороддаги кўчада украин тили билан бир қаторда рус, словак ва венгер тилларидаги нутқ кўп янграйди. Мен бозорда учратган этник можар савдогарлар украин тилини ёмон билишларини даъво қилишди. «Уруш ҳақида нима деб ўйлайман? Биз ғалаба қозонамиз!... Ҳаммамиз хавотирдамиз –давлатимиз, халқимиз, ҳаммадан. Худога шукур, бу ер тинчлик», – деди уларнинг бири равон украин тилида.
Ҳамма уруш уларга деярли етиб келмаганини урғулади. Шунинг учун улар ўткир иқтисодий қийинчиликлар каби муаммоларга тўхталиб ўтишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблашади.
«Улар бизни қиш совуқ келишини айтиб, қўрқитишяпти. Муаммо йўқ, омон қоламиз. Халқимиз сабрли», – деди савдогарларнинг бири.
Аммо Ужгород турғунлари ҳам узоқ фронтда ҳалок бўлмоқда. Марказий кўчалардан бирида марҳум Вадим Губанов хотирасига бағишланган баннер илинган.
Ҳамма жойда бомба бошпаналарига ишора қилувчи қизил стрелкаларни кўриш мумкин. Аммо ҳарбий таҳдидга қарамай, маҳаллий юнон католик соборида фрескаларни тиклаш жараёни давом этмоқда. Қайта таъмирлаш ишлари Европа Иттифоқи дастури доирасида Венгрия, Руминия ва Словакия томонидан молиялаштирилмоқда. Россия ҳужумлари натижасида вайрон бўлган черков ва музейлар фонида Украина маданий меросини тиклаш ишлари давом этаётганини кўриш қувонарлидир.
Ужгородда маҳаллий ёдгорликлар, шунингдек, у ерда сўзлашиладиган тиллар мазкур минтақанинг мураккаб тарихини акс эттиради. Буюк можар шоири Шандор Петёфи ва украин шоир Тарас Шевченкога ёдгорликлар бор, аммо босқиндан кейин рус шоири Александр Пушкин ҳайкали олиб ташланган. Бўш асосда чиройли ёзилган граффитига кўра, унинг ўрнига француз қўшиқчиси Жо Дассен ҳайкали ўрнатилиши мумкин. Дассеннинг бобоси ва бувиси ҳозирги Украинанинг Одесса шаҳридан бўлган.
Закарпатье вилояти санъат музейи ходими Иван Григорьевич менга шундай деди:
«Бу ерда словаклар, можарлар, чехлар яшайди. Ҳозир эса одамлар: „(украин миллатчиси) Степан Бандера бу ерда!“, дейишади».
"Муҳожирлар шарқдан, Донецк ва Луганск вилоятларидан келишган. Мен улардан "Ҳаммаси яхшими?“, деб сўрайман. Улар: "Яхшимиз, квартира сотиб олмоқчимиз“, – деб жавоб беришади. Кейин сўрайман: "Бандерадан қўрқмайсизми?“ Ахир, уларни миллатчилардан қўрқишган! Афсуски, бу пропаганда".
"Албатта, мен Украина ватанпарвариман, лекин хўжакўрсинга миллий украин кийимларини намойиш қилишни ёқтирмайман. Қалбингизда украин бўлишингиз керак".
Етмиш уч ёшга чиққан Григорьевич Совет Иттифоқида яшаб, саёҳат қилган.
«Қаранг, Россия қанча ҳудудга эга. Бир пайтлар Тюмень вилоятида бўлганман – бўм-бўш, ҳеч ким йўқ. Уларга яна қанча ер керак? Ўлай агар, агар ёшроқ бўлганимда ўзим фронтга кетардим. Ҳарбий хизматни ўтаганман ва автоматни тўғри ушлашни биламан».
Кекса музей ходими сўзини якунлаб, зинапоя томон ишора қилди: Асослар бўш, экспонатлар йўқ. Уруш туфайли музей хазиналари хавфсиз жойга яширилган.
Ужгород вокзалида шиддатли жанглар қаерда кечаётгани жадвал тахтасидан дарҳол аён бўлади: Херсон ва Харьковга поездлар қатнови бекор қилинган. Одессага борадиган темир йўл очиқлигича қолмоқда, аммо деразалар майда-майда бўлакларга бўлиниб кетиши олдини олиш учун купе ойналари қалин ёпишқоқ лента билан қопланган.
Одессага етиб борган куним шаҳар бўйлаб ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сирена эшитилди. Уларнинг ортидан шаҳар четида кучли портлашлар эшитилди. Трамвай бекатидаги аёлдан нима қилиш кераклигини сўрадим.
«Яширин. Трамвай келяпти. Унга ўтирда, уйингга бор», – деди у хотиржамлик билан.
Одессалик нафақадаги терапевт Елена Александровна босқин бошланган кунни хотирлади.
«Уруш иккита портлаш билан бошланди. Уларни эрта тонгда баъзилар эшитди, мен эшитмадим. Кейин қаттиқ гумбурлашлар бошланди».
«Бу уруш ҳеч кимга керак эмас. У бизни ҳамма нарсани, боримизда айирди. Ўйлайманки, қачондир (Украина ва Россия президентлари) Зеленский ва Путин бунинг барчаси тезроқ тугаши учун бирор нарса имзолайдилар», – деди у.
«Одамлар отишмани тўхтатиб, одатдагидек тинч-тотув яшашларини истайман. Токи улар ишга боришсин, комендантлик соати бўлмасин, уруш билан эмас, балки кундалик ташвишлари ва ишлари билан яшашсин, бир нималарни режалаштиришсин, соат 23:00 да кучга кирадиган комендантлик соати туфайли охирги трамвайга югуришлари шарт бўлмасин. Бундай яшашнинг иложи йўқ. Балки Россия учун уруш одатий ҳолдир, лекин биз учун ундай эмас».
Одессада бир неча кун бўлган бўлсам, кўчада бирор марта ҳам бола кўрмадим. Бу ерда деярли доимий отилаётган ўқлар остида қолиш жуда хавфлидир.
Одессанинг кўркам қирғоғида хавфсиз дон экспортини таъминлаш бўйича БМТ томонидан дастакланган келишувни Россия бузаётгани дарҳол аён бўлади. Соҳил бўйлаб дронлар шовқин солиб юради, шунинг учун бу ерда ҳеч ким қирғоқ бўйлаб сайр қилиш ҳақида ўйламайди. Машҳур Потёмкин зинапоялари эса ҳарбий хизматчилардан ташқари ҳамма учун ёпиқ.
9 октябрдан 10 октябрга ўтар кечаси ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналари тинмади. Тонгга бориб портлашлар бошланди.
10 октябрь куни ўзим турган хонадондан ташқарини кузатар эканман, кўзим олдида дрон уриб туширилди. Дрон денгиздан учиб келаётганди ва, афтидан, кўп қаватли турар-жой бинолари томон кетаётганди.
2014 йилда Қрим аннексия қилинганидан кейин Украинада декоммунизация тўғрисида қонунлар қабул қилинган бўлишига қарамай, Одессада совет даврида ўрнатилган ёдгорликлар сақланиб қолган. Шаҳардаги «Ғалаба қанотлари» ёдгорлигидаги Владимир Лениннинг сиймоси яқинда давлат ҳисобидан таъмирланган, аммо шаҳар марказидаги Art Nouveau услубидаги кўплаб ҳашаматли биноларнинг олд қисми ачинарли аҳволда.
Одессада бўлганимда мэр Геннадий Трухановнинг яқинда қилган ҳаракатлари юзасидан президент Владимир Зеленскийга йўлланган шикоят 25 минг имзо тўплади. Мурожаат муаллифлари Труханов «босқинчиларга содиқ» эканини таъкидлаб, унинг россияпараст қарашларига эътибор қаратишга чорлашди.
Рус қироличаси Екатерина II тасвирланган ёдгорлик атрофидаги баҳс-мунозаралар бунга мисолдир. Ёдгорлик айни дамда бўёқ билан бўялган ва кўк лента билан ўралган.
«Одесса асосчилари» ёдгорлиги 2007 йилда, яъни оригинали 1920 йилда бузиб ташланганидан қарийб бир аср ўтгач қайта ўрнатилган. Кўплаб сиёсатчилар ҳозирги уруш бошланишидан олдин ҳам Россия императорига қўйилган ёдгорлик қайта тикланишга қарши чиққан эдилар.
Россия февралда босқин бошлаганидан кейин Одессада ёдгорликлар бўйича баҳслар яна авж олди. Ҳар сафар жанговар ҳаракатлар тилга олинганда 24 апрель куни ракета ҳужуми пайтида нобуд бўлган 3 ойлик қизалоқ хотирланади. Қизча вафот этган уй аллақачон тикланган, аммо маҳаллий аҳоли таъкидлаганидек, унинг ҳаётини қайтариб бўлмайди.
Апрель ойида Одессадаги Таиров қабристонига рус ракетасининг парчаси келиб тушган, лекин таксида у ерда борганимда келтирилган зарар бартараф этилганини кўрдим. Мени у ерга олиб борган такси ҳайдовчиси менга шундай деди:
«Бу ҳарбий ҳаракат эмас, балки геноцид – ҳамма нарса вайрон бўлди. Ҳар куни Херсон, Николаевдан келганларни ташийман. Улар бу ерга кўчиб келиб, яшашяпти. Баъзилари квартира ижарага олишяпти, бошқалари эса меҳмонхонада яшаяпти. Лекин ҳамма уйига қайтишни хоҳлайди».