Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Кўнгилсиз кўнгиллилар: Украина урушига Чеченистондан кимлар ва нега боряпти?


"Аҳмат" "кўнгиллилар" батальони жангчилари. Мариуполь, 17 апрель, 2022.
"Аҳмат" "кўнгиллилар" батальони жангчилари. Мариуполь, 17 апрель, 2022.

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси 2022 йилнинг март – май ойларида Чеченистондан урушга йўлланган қодировчилар ва кўнгиллилар деб аталаётган аскарлар рўйхатини очиқлади. Рўйхатда 2425 та исм бор, шундан юз киши ўлганлар деб қайд этилган. "Кавказ.Реалии" таҳририяти ҳалок бўлганлар ва ярадорлардан баъзиларининг қариндошлари билан гаплашиб, маълумотларнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилди.

Украин разведкасига кўра, рўйхатдаги қодировчилар “ҳужумнинг иккинчи эшелонида” бўлган ва армия билан изма-из юриб, босиб олинган ҳудудларда “Россия тартиблари”ни ўрнатиш билан шуғулланишган. Аммо чеченистонлик кўнгиллилар ҳатто фронт ортида ҳам анча-мунча талафот кўришган: 92 ўлик, 288 ярадор. Яна 60 дан зиёд аскар ўз бўлинмаларини рухсатсиз тарк этиб, Украинадан жўнаб кетган.

Рўйхат пухталик билан тузилган: унда исм-фамилия, ота исмларидан ташқари, туғилган саналар, яшаш ёки “прописка” манзилларию оила- аъзоларининг телефон рақамларигача бор. Унда қарийб 2500 киши кўрсатилган бўлса-да, шундан Чеченистонда туғилганлар атиги 1296 киши, холос.

Ўзбекистон президенти даҳшатли қотилликларга масъул кўриладиган Рамзан Қодировга ноëб совға йўллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00

Ушбу маълумотлар Чеченистоннинг қайси туманларидан, кимларни урушга мажбуран жўнатишгани ва кимлар кўнгилли бўлиб келганини англатди. Бу борада Гудермес тумани етакчилик қилади – у ердан 200 дан ортик киши фронтга йўлланган. Грозний шаҳри қарийб шунча кўрсаткич билан иккинчи ўринда бўлса, Ўрус-Мартанов туманидан 150 аскар олинган.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари “Украинага Қодировлар наслидан энг жасур йигитларни жўнатдим”, деган эди. Украина рўйхатида эса унинг атиги уч нафар қариндоши бор экан. Қодировчилар Украинада Ҳолливуд жангари фильмлари руҳида видеоролик олишга ишқибозлиги “Тиктокчи аскарлар” деган лақаб орттиришди.

Украина разведкаси чеченистонлик кўнгиллар орасида Шимолий Кавказ республикаларида яшовчилар анча-мунча экан: хусусан, Доғистондан 80 нафар, Шимолий Осетия, Ингушетия ва Қабардин-Болқордан 30 нафардан. Шунингдек, Қорачой-Черкесия билан Адигейдан хизматга олинганлар ҳам бор.

Рўйхатдаги ҳалок бўлган 92 аскардан 18 нафари чечен ҳам, чеченистонлик ҳам эмас. Қолаверса, Украина разведкаси маълумотларида Кавказ.Реалии нашри Чеченистондаги ўз манбалари орқали ўлганини аниқлаган аскарларнинг исм-фамилиялари ҳам келтирилмаган.

Аммо чечен ҳуқуқ ҳимоячиси Абубакар Янгулбоев украин разведкачилари рўйхатининг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Айтишича, у мазкур маълумотларни ўзининг “Ўлган чеченистонликлар” рўйхати билан солиштириб кўрган.

“Биринчидан, украинлар рўйхатидаги айрим аскарларнинг ўлими ҳақида мен аввалроқ эълон қилганман. Иккинчидан, Чеченистондаги манбаларим урушга кетган қишлоқдошлари ва таниш-билишлари исмларини тасдиқлаб беришди. Шахсан ўзим рўйхатдан бешта ҳамқишлоғимни топдим. Қолаверса. Маълумотлар батафсиллиги ҳам рўйхатга ишончни оширади: унда отрядлар номи, аскарларни ким хизматга олгани ва Украинада уларга ким командирлик қилганигача қайд қилинган. Ушбу базани тузишда украинларгаулар тарафида урушаётган чеченлар ёрдам беришганига аминман”, дея фикр билдирди Янгулбоев.

Украин сиёсатшуноси Михаил Савва мазкур рўйхатнинг очиқланиши унда исми қайд этилганларга келгусида жиддий муаммо туғдиради, деб ҳисоблайди.

“Бу одамлар тинч аҳолиси ўлдирилган, жинсий зўрланган ва бедарак йўқолган Бучада, Ирпенда, Андреевкада ва бошқа шаҳар-қишлоқларда бўлишган. Бинобарин, рўйхатдаги ҳар бир кишининг бу жиноятларда қўли бор-йўқлиги текширилади ҳали. Россиядаги жорий режим жиноятчиларни яширади, аммо у мангу эмас, вазият бир куни ўзгаради”, дейди Савва.

“Кетма, деб худонинг зорини қилдим”

Кавказ.Реалии мухбири рўйхатдаги барча чечен “кўнгилли”ларининг қариндош-уруғларига қўнғироқ қилди. Улардан фақат бир нечасигина гаплашишга рози бўлди. Айримлар “журналист” деган сўзни эшитганлари ҳамон гўшакни қўйишди.

Грозний яқинидаги Садовое қишлоғилик ҳалок бўлган аскар Дуквахи Шовхаловнинг хотинига оидлиги кўрсатилган рақам терилганида аёл киши жавоб берди. У мазкур шахс унинг эри эканини тасдиқлади. Бироқ “турмуш ўртоғингизнинг урушда қатнашгани ва жангда ўлганига доир маълумот тўғрими?” деган саволдан сўнг телефонни ўчирди.

Надтеречное қишлоғилик Асланбек Аслахоновнинг рафиқаси ҳам ўзини шундай тутди. У эри ҳалок бўлганини тасдиқлади, аммо бошқа бирон саволга жавоб беришдан бош тортди.

Қрим татарлари депортацияси куни: Келажагимизни Украина таркибида кўряпмиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:04 0:00

Яна бир ўлган аскар – Грознийда яшаган Зелимхон Алхоновнинг укаси Кавказ.Реалии билан суҳбатда унинг урушга “кўнгилли” бўлиб кетганини айтди. “Акам кўп телевизор кўрарди, “бандерачилар ундоқ, бандерачилар бундоқ” деган гапларга учди у. Ватанини улардан ҳимоя қилмоқчи бўлди. Пул ё унвон учун эмас – кўнгилли сифатида”, дейди суҳбатдош. Ва ўзи ҳам телевизор кўрса-да, акасининг маслагини хато деб ҳисоблашини айтди.

Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Зелимхон Украинага 1 апрель куни жўнаб кетган. Укасининг айтишича, у оиласи билан ажрашган, фарзанди йўқ.

Яна бир ҳалок бўлган аскар – Аслан Успанов беш боланинг отаси эди. Опасининг сўзларига кўра, у илгари ФСБда ишлаган, урушга “кўнгилли” бўлиб борган. Украинада у бир ойдан камроқ бўлган. 25 март куни уйига сўнгги марта қўнғироқ қилган. “Борма, деб худонинг зорини қилдим – қулоқ солмади”, дейди опаси ачиниб.

Украина рўйхатидаги Висади Алиевнинг отаси ҳам Кавказ.Реалиига ўғлининг ўлимини тасдиқлади ва фахр билан “у Қодировнинг гвардиячиларидан бири эди, “спецназ”да хизмат қиларди”, деди. Висади 27 ёшида ўлган, хотини ва бола-чақаси бўлмаган.

Суҳбатдош ўғлини урушга бориш фикридан қайтаришга уринганини тан олди: “Ўзим ҳам Абхазияда кўнгилли бўлиб урушганман, яраланганман, грузинлар қўлида асир бўлдим... Шунинг учун хоҳламагандим”, деди у.

Тўнғич Алиев Россиянинг қўшни давлатга босқинини маъқуллайди: “Сиёсатдонликка даъво қилолмайман-у, лекин америкослар Украинага ўрнашиб олганида чатоқ бўларди...”, дейди у.

Унинг ўғлини 4 апрель куни ўлдиришди, икки кундан сўнг жасад Чеченистонга етказилди. Ота ўшандан бери маҳаллий маъмурлардан ёрдам кутмоқда. “Ҳужжатларни тайёрлашяпти, бўлиб қолар”, деди у суҳбат якунида.

Рўйхатдаги яна бир исм – Ваха Гузуев. Урушдан олдин қурилишда ишлаган, ундан беш ўғил ва бир қиз қолган. Онаси ва укаси Гузуев Украинага мажбуран борганини, лекин бирон ғоявий маслак таъсирида эмас, балки оғир турмуш туфайли шу қарорга келганини айтишди.

“Аввал судланганди ўғлим. Бир куни “Ойи, Украинага урушга кетмоқчиман”, деди. Қаршилик қилдим. “У ерда сенга нима бор?” десам, “агар урушда қатнашсам, судланганимни олиб ташлашади, иш топиб беришади” деб оёқ тиради. Ноилож қолдим”, эслайди она.

Айтишича, Ваха Гузуев армияда хизмат қилмаган, урушга жўнатишдан олдин эса уни бошқа “кўнгилли”ларга қўшиб атиги бир ҳафталик курсда ўқитишган экан.

“Акам уйга кам қўнғироқ қиларди, охирги мартасида алоқа ёмонлигидан нолигани эсимда. Апрель ойи ўрталарида у “Азовсталь” заводи яқинидаги блок-постда соқчилик қилган”, суҳбатга қўшилади укаси.

Гузуевнинг онаси ҳам ҳукуматдан ёрдам олганича йўқ, зарур ҳужжатларни энди тўплашяпти. Кавказ.Реалии мухбири оила билан сўзлашиб бўлганидан сўнг бир неча дақиқа ўтиб, марҳумнинг хотини у билан алоқага чиқади.

“Ҳолимиздан хабар олиб туришибди, барака топишсин”, дейди аёл ва, албатта, эрининг урушга боришини хоҳламаганини, аммо фикридан қайтаришга “ҳадди сиғмаган”ини айтади. Ва “Гузуев бу уруш “нацист”ларга қарши эканига ишонармиди, йўқми?” деган саволдан сўнг шоша-пиша алоқани узиб қўяди.

“Россияга керак экан, борди-да”

Кавказ.Реалии ярадор бўлган чеченистонлик “кўнгилли”ларнинг қариндошлари билан ҳам гаплашди. Маълум бўлдики, уларнинг аксари Украинага жўнатилганларнинг номма-ном рўйхати чиққанидан тамомила бехабар экан...

Ярадорлардан бири – 47 яшар Рустам Асуев Грозний шаҳридан. Рўйхатда ўғлининг телефон рақами кўрсатилган. У журналист билан сўзлашув чоғида отаси контузия бўлганини, ҳозир аҳволи ёмон эмаслигини айтди.

Асуев ҳарбий пенсияда бўлиб, урушга хизматдош дўстлари билан кетган экан. Ҳозир у ўз уйида. “Отам урушда экан, Украинадан бир киши қўнғироқ қилиб, “нега отанг юртимизга қурол кўтариб келди, нега сен уни йўлдан қайтармадинг”, деб уришди, ҳақорат ҳам қилди”, тан олди йигитча.

Рўйхатдаги Муслим Янаев исмли ярадор Ўрус-Мартан туманидан. Отасининг сўзларига кўра, у кучишлатар идораларда ишлаган ва “орган”га қайтадан жойлашиш мақсадида урушга жўнаган. “Февралда 30 ёшга тўлди. Жиддий яраланганга ўхшайди, контузия ҳам бўлган. Чап томони ишламайди... Қайдам, ўқ текканми, осколками...”, дейди у ўғлининг саломатлиги ҳақидаги саволга жавобан.

Муслимнинг уч фарзанди бор: икки ўғил, бир қиз. Ота ўғли Россия тарафида Украинага қарши жанг қилиш учун жўнашга қарор қилганида унинг раъйига қарши бормаганини яширмади: “Ҳар кимга худо ақл берган, кап-катта одам, ўзи билади... Уруш ўз номи билан уруш-да, тавба, кимга кераги бор шуни. Аммо-лекин Россияга шу керак экан, борди, наилож”.

Кейинроқ Кавказ.Реалии мухбирига бошқа рақамдан бир аёл телефон қилиб, ўзини Муслим Янаевнинг онаси деб таништирди. Овози оҳангида хавотир сезиларди. У эрининг телефон рақамини журналистлар қаердан олишгани билан қизиқди.

“Уларни мажбурлаб урушга юборишган тақдирда ҳам биз ҳеч кимга ҳисоб беришимиз шарт эмас. Нега бунақа маълумотларни йиғяпсизлар? Жонга тегдинглар рости. Кўнгиллими, орган ходимими ёки мажбуран жўнатилганми, сизларга нима? Шуни билишдан сизларга нима фойда?” деди аёл аччиқланиб.

Ачхой-Мартан туманида туғилган Иса Аҳматов ўтган кузда 25 ёшга кирди. Украинадан у контузия бўлиб, оёғи синиб қайтган эди, аммо тўлиқ тузалмасдан фронтга қайтибди. “Эшитишимча, уни ҳайдовчиликка олишган эмиш, аскарликка оёғи ярамаган, чамаси”, дейди Аҳматовнинг укаси.

Кавказ.Реалии журналисти ундан акасининг урушга боришдан мақсади нима экани ҳақида сўраганида у очиғини айтди: “Ҳаёт мажбур қилди. Ҳаммасига йўқчилик сабаб”. Украинага жўнашидан олдин Аҳматов шартнома бўйича хизмат қиларди. Унинг хотини ва бола-чақаси йўқ, бироқ уйда касал ота-онаси қолган.

Ҳарбийнинг укаси Чеченистондан борган “кўнгилли”ларнинг шахсий маълумотлари интернетда эълон қилинганини билгач, аввалига ҳайрон бўлди, сўнгра ранжиди:

“Уларнинг исмлари қанақасига очиқ-ойдин интернетга чиқарилади? Биров сиздирганми, жин урсин. Бу келажакда менга ҳам, акамга ҳам зарар келтиради-ку”, деди у ҳафсаласи пир бўлиб.

***

Чеченистонга оид “Кўнгиллилар канали” Телеграм-аккаунти Украинада урушишни хоҳловчилар учун аскарликка ёллаш билан боғлиқ хабар ва маълумотларни эълон қиларди. Украина Мудофаа вазирлиги рўйхати тарқаганидан сўнг кўп ўтмай аккаунт аскар олиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Унинг муаллифлари бир ҳафтадан кейин қайтишга ваъда бериб, судланганлар ортиқ қабул қилинмаслиги ҳақида огоҳлантиришди.

Бу кўнгиллилар рўйхатида муқаддам фирибгарлик, наркотик тижорати, қурол савдоси ва ҳатто қотиллик каби жиноятлар учун судланган шахслар борлиги аниқланганига оид хабарлар таъсири бўлиши мумкин. Хусусан, Россиядаги ҳозирда тугатилган “Русь сидяшчая” хайрия фонди раҳбари, ҳуқуқбон ва журналист Ольга Романова ҳам шу ҳақда ёзиб чиққанди. У расман қамоқ жазосини ўтаётган шахслар Украинага жўнатилаётганини тахмин қилган. “Бунақа кимсаларга Украинада энг қабиҳ ишлар топширилиши мумкин”, деганди Романова.

XS
SM
MD
LG